Ҳукуматнинг газ экспорти чеклангани ҳақидаги баёнотига қарамай, экспорт қилинган газ бўйича Ўзбекистон ва Хитой статистикалари газ транзити ҳажмини ҳисобга олинганда ҳам фарқ қилмоқда. «Газета.uz» Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги ва Хитой божхона бошқармаси маълумотларини ўрганиб, шундай хулосага келди.

Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон томонидан 910,9 миллион долларлик газ экспорт қилинган. Экспортнинг катта қисми Хитойга тўғри келади.

Хитой томони 1,07 миллиард долларлик ўзбек газини импорт қилганини маълум қилди. Бу Ўзбекистон маълумотларига нисбатан 159,5 миллион доллар ёки 18,2 фоизга кўп. Агар 10 ойда 5,5 миллион долларлик газ экспорт қилинган Қирғизистон бўйича ҳам маълумотлар ошкор қилинса, фарқ бундан катта бўлиши мумкин.

«Газета.uz» газ бўйича статистикадаги фарқлар ҳақида аввалроқ ёзганди. Хусусан, ноябрь ойида Ўзбекистон Хитойга 39,6 миллион АҚШ долларлик газ экспорт қилган, аммо Хитой томони Ўзбекистондан 114,2 миллион долларлик газ импорт қилганини эълон қилди (фарқ деярли 3 баравар).

Бунга жавобан Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Хитой статистикасида Ўзбекистон орқали Туркманистон гази транзити хизматлари ҳам ўз ичига олганини маълум қилди.

«Газета.uz» маълумотларни таққослади ва транзит ҳажмини ҳисобга олинганда ҳам катта фарқ борлигини аниқлади.

Транзит ва тафовутлар

Президент ҳузуридаги статистика агентлиги (собиқ Давлат статистика қўмитаси) Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги хизматлар тузилмасини ҳеч қачон ошкор қилмаган, шу боис Ўзбекистон Туркманистондан Хитойга газ транзити учун қанча маблағ олишини аниқ айтиш қийин. Транзит 2008 йилда «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ва Trans-Asia Gas Pipeline Company (TAPLine, Хитойнинг CNPC давлат компаниясининг шўба корхонаси) томонидан 50 фоиз тенг улуш билан ташкил этилган «Asia Trans Gas» томонидан амалга оширилади.

Агентлик маълумотларига кўра, декабрь ойида Ўзбекистон газ экспорт қилмаган, бироқ Хитой 40,1 миллион долларлик газ импорт қилинганини эълон қилган. Агар маълумотлар тўғри бўлса, Туркманистон газининг транзит миқдори 40,1 миллион доллар деб ҳисобланади. Туркманистон эса декабрь ойида 975,6 миллион долларлик газ экспорт қилган.

«Газета.uz» ушбу маълумотлар асосида ҳар ойлик транзитнинг тахминий нархини ҳисоблаб чиқди ва маълумотларни (миллион АҚШ долларида) солиштирди.

газ экспорти, статистикадаги фарқ, хитой

Бу ерда статистика ўртасидаги умумий фарқ умумлаштирилган, яъни салбий қийматлар ҳам номувофиқ ҳисобланади, шунинг учун улар умумий кўрсаткич сифатида якуний рақамларга қўшилган.

Агар транзит нархи ҳисобга олинса, Хитой маълумотлари доим кўпроқ бўлиши керак, бироқ 12 ойнинг 5 тасида (февраль, март, апрель, июль ва август) Ўзбекистон экспорт статистикаси Хитой томониникидан ошиб кетган, гарчи Туркманистон газ экспортини тўхтатмаган бўлса ҳам. Фарқ 0,1 миллиондан 64,9 миллион долларгачани ташкил қилмоқда.

Мусбат фарқга қаралса (Хитой маълумотлари Ўзбекистондан кўпроқ) 14,8 миллиондан 74,6 миллион долларгача бўлган миқдорни кўриш мумкин.

Йиллик барча тафовутларнинг умумий суммаси 387,4 миллион долларни ташкил этди. «Газета.uz»нинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2022 йилда газ транзити учун 400 миллион долларга яқин маблағ олган.

Транзит хизматининг тахминий нархини олиб ташласак, Хитой ва Ўзбекистон маълумотлари бир-бирига яқин бўлиши керак эди, бироқ бу ҳолатда статистик маълумотлардаги катта тафовутлар сақланиб қолмоқда. Фарқ 0,76 миллион доллардан 66,89 миллион долларгача.

Маълумотларга нарх омили таъсир қилиши мумкин, яъни газ нархи ҳар ой ўзгарган бўлиши мумкин. Туркманистон Хитойга газни қандай нархда сотаётгани номаълум. Бу омилни ҳисобга олиш учун Ўзбекистон туркман газини сотиб оладиган нархлардан фойдаланишга уриниб кўриш мумкин.

Хусусан, Туркманистон февраль, март, май, июнь ва ноябрь ойларида газ экспорт қилган («Газета.uz»да декабрдан ташқари фақат 11 ойлик маълумотлар мавжуд). 1000 куб метрнинг нархи мос равишда 117, 112, 204, 115 ва 131,6 долларни ташкил қилган.

Агар таққослаш учун февраль (117), март (112) ва июнь (115) ойлари учун нархлардан фойдалансак, унда бу ойларда транзитни ҳисобга олган ҳолда юқоридаги жадвалдаги фарқ минимал даражада қисқариши керак, аммо рақамларда жуда катта тафовут мавжуд.

Бундай маълумотлар зангори ёқилғининг қўшимча экспорти ҳақида маълумот беради. «Газета.uz» манбаларига кўра, 2022 йил июль ойида Ўзбекистондаги хусусий компаниялардан бирига газ экспорти бўйича эксклюзив ҳуқуқлар берилган. Хусусан, декабрь ойида расмийлар газ экспорти қисқариши ёки умуман тўхтатилиши ҳақидаги кафолатларига қарамай, Ўзбекистондан экспорт қилиш давом этган.

Ўзбекистонда декабрь ва январь ойларида газ, электр ва иссиқлик таъминотидаги узилишлар туфайли энергетика инқирози юзага келди. Газ босими ва ИЭСга ёқилғи етказиб берилиши камайиши муносабати билан электр таъминотида кўп соатлик узилишлар кузатилди. Қозонхоналар газ танқислигига дуч келди, бу эса аҳолини иссиқлик таъминоти билан таъминлашда муаммоларни келтириб чиқарди. Бу ўз навбатида, электр энергияси истеъмолининг ошишига олиб келди. Натижада трансформатор станциялари ва электр узатиш линияларида авариялар кузатилиб, республикада ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 90 фоизини ишлаб чиқарувчи ИЭСлар қўшимча электр энергияси ишлаб чиқара олмади.