Туркманистон Россиянинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан «газ иттифоқи» кенгайиши мумкинлиги бўйича берилаётган баёнотлардан жиддий хавотирда эканини маълум қилди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги сайтида «Туркмангаз» давлат концерни раисининг ўринбосари Мирад Арчаевнинг бу масала юзасидан билдирган фикрлари эълон қилинди.

Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори Дмитрий Биричевский Ўзбекистон ва Қозоғистон билан «газ иттифоқи» лойиҳаси кенгайиши ҳақида фикр билдириб, буни истисно қилмаслигини таъкидлаганди.

«Биз газ соҳасида уч томонлама ҳамкорликни кенгайтириш имкониятини истисно қилмаймиз. Бунга бошқа давлатлар ҳам қизиқиш билдираётганидан хабардормиз. Биз бундай ҳамкорлик барча иштирокчиларнинг позициясини ҳисобга олиши, ўзаро манфаатли ва конструктив бўлиши кераклигини англаган ҳолда бунга очиқмиз», — деганди Дмитрий Биричевский.

«Туркмангаз» давлат концерни раисининг ўринбосари Биричевскийнинг сўзларига қуйидагича муносабат билдирди:

«Жаноб Биричевскийнинг баёноти камида бир нечта саволларни туғдиради. Гап қандай „кенгайиш имкониятлари“ ҳақида кетмоқда, қайси „бошқа давлатлар“ уларга қизиқиш билдирмоқда, газ соҳасида „уч томонлама ҳамкорлик“ ортида айнан нима турибди? Россия дипломати ишлатадиган соддалаштирилган тил бу саволларга жавоб бермайди. Масала бошқа давлатларнинг, жумладан, Туркманистоннинг манфаатларига таъсир қилишини ҳисобга олсак, тўлиқ аниқлик талаб этилади».

«Туркмангаз» расмийси Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Хитой узоқ вақтдан бери Марказий Осиёдан Хитойга табиий газни ташиш бўйича аниқ келишилган ҳажмлар, шартлар, иқтисодий ва техник параметрлар билан ҳамкорлик қилиб келаётганини эслатди.

Ҳозирги вақтда Туркманистон-Хитой газ қувурининг учта тармоғи мавжуд бўлиб, улар орқали мамлакат шарқи ва жануби-шарқидаги конлардан газ етказиб берилади. Учта йўналишнинг барчаси, уларнинг ишлашини таъминловчи ишлаб чиқариш қувватлари фақат Туркманистон ва Хитой томонидан (мос равишда «Туркмангаз» давлат концерни ва Хитойнинг CNPC нефть-газ компанияси) биргаликда қурилган. Бугунги кунда Туркманистон мазкур қувур орқали энг йирик газ етказиб берувчи ҳисобланади: йилига келишилган 55 млрд куб метр ҳажмнинг 40 млрд куб метри Туркманистон томонидан, қолган қисми эса Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан етказиб берилади.

«Қувурни тўлдириш учун бошқа давлатлардан газ олиб келувчи манбалар назарда тутилмаган, Хитойга етказиб бериладиган газ ҳажмларини тақсимлашнинг амалдаги схемасида Туркманистон-Хитой газ қувури лойиҳаси иштирокчилари сонини кенгайтириш режалаштирилмаган. Таъкидлаб ўтиш керакки, Туркманистон хитойлик, ўзбекистонлик ва қозоғистонлик ҳамкорлари олдидаги мажбуриятларига қатъий риоя қилади ва ҳамкор томонлар ҳам бунга қонуний равишда амал қилишига ишонади», — дейди Мирад Арчаев.

Унинг айтишича, мавжуд инфратузилмадан фойдаланган ҳолда газ етказиб беришнинг келишилган ва расмийлаштирилган ҳажмлари ва схемаларига ҳар қандай ўзгаришлар киритиш учун барча иштирокчиларнинг олдиндан розилиги истисносиз талаб қилинади.

«Айни пайтда Туркманистон билан бу борада ҳеч қандай маслаҳатлашувлар ўтказилмаган. Бундай ёндашув Туркманистон томони учун тушунарсиз ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳисобланиб, мамлакатимиз томонидан газ соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормалари ва амалиётига тўғри келмайдиган деб баҳоланади. Шу нуқтаи назардан, мамлакат расмий вакилларнинг Туркманистон халқаро мажбуриятларига у ёки бу тарзда таъсир кўрсатадиган, уларнинг бошқа иштирокчилар томонидан бажарилиши бўйича чалкашлик ва спекуляциялар келтириб чиқариши мумкин бўлган баёнотларидан жиддий хавотирда», — дейди «Туркмангаз» давлат концерни раиси ўринбосари.

Маълумот ўрнида, 2022 йилнинг ноябрь ойи охирида Владимир Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг «уч томонлама газ иттифоқи»ни тузишни таклиф қилгани маълум бўлганди.

7 декабрь куни энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов мамлакат қўшнилардан газни «қандайдир альянс ёки иттифоқ» орқали эмас, балки тижорат шартномаси доирасида импорт қилиш бўйича музокаралар ўтказаётганини қайд этган. Орадан бир кун ўтиб, Россия президенти Владимир Путин «бу энергетик альянс бўлиши мумкин»лигини айтган.

24 январь куни Ўзбекистон ва «Газпром» ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзоланди. Бироқ ҳужжат тафсилотлари келтирилмади. Ушбу янгилик тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг Энергетика вазирлиги «йўл харитаси» бўйича тушунтириш берди. «Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ», — дейилади хабарда.

4 июнь куни Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев 2024 йилги куз-қиш мавсумида мамлакат инфратузилмаси Россия газини Ўзбекистонга транзит қилиш учун тайёр бўлишини маълум қилганди. 16 июнь куни Энергетика вазирлиги Россия газини Ўзбекистонга Қозоғистон ҳудуди орқали экспорт қилиш бўйича Санкт-Петербург Халқаро иқтисодий форумида шартнома имзолангани ва унга мувофиқ газ етказиб бериш 2023 йилнинг тўртинчи чорагидан бошланишини хабар қилган.

Кейинчалик келишув тафсилотлари бўйича маълумот берилди. Унга кўра, ҳужжат икки йилга тузилган, етказиб бериш ҳажми кунига 9 миллион куб метрни, йиллик ҳажм деярли 2,8 миллиард куб метрни ташкил этади. Лекин газ қандай нархда сотиб олиниши ҳалигача номаълум. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бу бўйича маълумот беролмаслигини билдирган. Нарх бўйича берилган саволга вазир «Келишувдаги нархлар миллий манфаатлар, бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, рақобатбардош нархлар белгиланди», — дея жавоб берган.