Ҳафта салқин бўлади

Ўзбекистонда дам олиш кунлари кузатилган салқин об-ҳаво жума кунгача давом этади. Ҳарорат +30…+35 даража атрофида бўлади. Ҳафта ўртасига бориб кунлар бироз исиши мумкин. Айрим жойларда қисқа ёмғир бўлиши кутилмоқда.

Афғонистон 67 та вагондаги нефтни сифатсиз деб Ўзбекистонга қайтармаган, харидор пулини 100% тўлаган — «Ўзбекнефтгаз»

Афғонистон стандарт агентлиги Ўзбекистондан импорт қилинган 67 та вагон нефтни сифатсиз деб қайтарилганини маълум қилди. «Ўзбекнефтгаз» эса нефтни Ўзбекистон эмас, харидор ўзи Афғонистонга олиб киргани, нефть учун пул 100% тўланганини қайд этди.

Ҳукумат бюджет дефицитини белгиланган чегарада ушлаб туролмаяпти. Даромадлардан кўра харажатлар 2,5 млрд доллар кўп

Ўзбекистон давлат бюджети харажатлари даромадларидан 29 трлн сўмга (2,5 млрд доллар) кўпроқ бўлди. 2023 йилда профицит прогноз қилинганига қарамай дефицит деярли 6,2 фоизни ташкил этди. Бу маълумотларни эълон қилаётиб Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров «дефицит» сўзини ишлатмади.

Ўзбекистонга 6 ой давомида 3,1 млн сайёҳ келди

2023 йилнинг дастлабки 6 ойида Ўзбекистонга 3,1 млн нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда ташриф буюрди. Ўтган йилнинг ушбу даврида кўрсаткич салкам 1,9 млн нафарни ташкил этганди.

Урганч шаҳри ИИО ФМБ бошлиғи ЙТҲ оқибатида вафот этди

Урганч шаҳри ИИО ФМБ бошлиғи ЙТҲ оқибатида вафот этди. Машина йўлнинг қатнов қисмидан чиқиб кетиб, бетон устунга урилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Тайинловлар:

Раъно Жўраева Uzbekistan Airports раиси лавозимини тарк этди

Uzbekistan Airports компанияси раиси Раъно Жўраеванинг 2022 йил ноябрида 3 йилга узайтирилган шартномаси бекор қилинди. «Газета.uz» бир кун аввал унинг лавозимидан бўшатилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. АЖ раиси в.б. этиб Жавлонбек Умархўжаев тайинланди.

Бекобод туманига янги ҳоким тайинланди

«Қишлоқ қурилиш банк»да департамент бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Мирзаев Тошкент вилояти Бекобод туманига ҳоким бўлди. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев аввалги туман ҳокимини нима сабабдан ишдан бўшатганига изоҳ берди.

Вазир ўринбосари Дилшод Султонов Янгийўл ҳокими в. б. бўлди

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов Янгийўл шаҳар ҳокими в. б. бўлди. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев энергия таъминоти ва чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш шаҳарнинг асосий муаммолари эканини айтиб, шаҳарни тозалаш бўйича кенг кўламли акция ташкил этишга ваъда берди.

Қўрғонтепа туманига янги ҳоким тайинланди

Андижон вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган Алишер Ҳалилов Қўрғонтепа туманига ҳоким бўлди. Туманнинг аввалги ҳокими президент Шавкат Мирзиёев топшириғи бўйича ишдан бўшатилган эди.

Ховос туманига ҳоким тайинланди

Сирдарё вилояти Ховос туманига Улуғбек Йўлдошев ҳоким этиб тайинланди. Тайинловга қадар у Сардоба тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:

Ўзбекистонда пиёдаларни уриб юборган ҳайдовчилар қандай жазоланмоқда? Суд қарорлари шарҳи

Ўзбекистондаги ЙТҲларнинг қарийб ярми пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ. Шундай қоидабузарликка йўл қўйган ҳайдовчилар қандай жазоланмоқда? Шу саволга жавоб топиш мақсадида «Газета.uz» судларнинг тасодифий 50 та қарорини ўрганди. Спойлер: пиёда ўлими учун бирор бир ҳайдовчи қамалмаган.