6 август куни Афғонистон стандарт агентлиги Ўзбекистондан импорт қилинган 67 та цистернадаги нефтни сифатсиз деб топиб ортига қайтариб юборганини маълум қилиб, твит қолдирди. «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Унда қайд этилишича, 24−26 июнь кунлари харидор талабномасига асосан, Uzbekistan GTL МЧЖ томонидан жами 3,4 минг тонна (67 та вагон) маҳсулот Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги «Кенгсой» станциясидан экспорт қилиш учун харидорга топширилган.

Маълум қилинишича, Uzbekistan GTL МЧЖ заводининг дизель ёнилғиси учун синтетик компонент EN 15940 Европа стандартига мувофиқ Марказий Осиё давлатлари орасида фақатгина Ўзбекистонда «O'zDSt 3134−2017» давлат стандарти асосида ишлаб чиқарилади. Ҳозирча Афғонистонда бу стандарт жорий қилинмаган.

Маҳсулотни экспорт қилиш жараёнида синтетик дизель ва унинг компоненти Афғонистоннинг АНСА (Афғонистон стандарт агентлиги) ташкилотида рўйхатдан ўтмагани ҳақида харидорга ҳам маълум қилинган. Харидор томонидан маҳсулот компонент сифатида анъанавий дизель билан компаундлаштирилган ҳолда Афғонистон бозорига олиб кирилиши режалаштирилгани билдирилган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ шуни таъкидлашича, харидорга топширилган 3,4 минг тонна (67 та вагон) сифатли маҳсулот учун тўлов 100 фоиз амалга оширилган, Афғонистон ҳукумати томонидан Uzbekistan GTL МЧЖга сифатсиз маҳсулот сифатида қайтарилмаган. Шартнома шартларига асосан харидор маҳсулотни қайси давлатга олиб бориб қандай усулда сотишини ўзи белгилайди.

«„Ўзбекнефтгаз“ АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар доимий ва тизимли равишда халқаро ва миллий стандартларга мувофиқлаштириб борилади», — дейилади компания хабарида.