Ўзбекистонда давлат бюджети тақчиллиги биринчи ярим йилликда 6,18 фоизга етди. Бу Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг 4 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қилган чиқишида маълум бўлди. Лекин ҳукумат аъзоси ўз нутқида дефицит сўзини ишлатмади.

Гап фақат давлат бюджети ҳақида кетяпти. У давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (суверен жамғарма) маблағларини ҳам ўз ичига олувчи консолидациялашган бюджет таркибига киради. Вазир консолидациялашган бюджет тўғрисидаги маълумотларни эълон қилмади.

Унинг сўзларига кўра, 2023 йилнинг дастлабки олти ойида давлат бюджети даромадлари 100 триллион сўмни ташкил этди (76 триллион сўми Солиқ қўмитаси, 24 триллион сўми Божхона қўмитаси томонидан таъминланди), бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан (92,6 трлн сўм) атиги 8 фоизга кўп.

Бюджет харажатлари 129 триллион сўмдан ошди, бу ўтган йилги кўрсаткичдан (103 триллион сўм) 25,3 фоизга кўп. Шундан 65 триллион сўми ижтимоий соҳага йўналтирилди, деди Жамшид Қўчқоров.

Шундай қилиб, давлат бюджети харажатлари даромадлардан 29 триллион сўмга ошиб кетди. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти ушбу даврда 469,9 триллион сўмни ташкил этганини ҳисобга олсак, давлат бюджети тақчиллиги (консолидациялашган бюджет эмас) 6,18 фоизга етди.

Таъкидлаш жоизки, ҳукумат жорий йилги Давлат бюджетининг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги ижобий фарқ 4,2 триллион сўмга тенг бўлишини прогноз қилганди. Хусусан, 2023 йилда даромадлар 232,1 триллион сўм, харажатлар 227,9 триллион сўмни ташкил этиши керак.

Дефицит давлат мақсадли жамғармалари харажатларининг уларнинг даромадларидан 28,9 триллион сўмга ошиб кетиши ҳисобига юзага келиши кутилганди. Аммо бу маълумотлар очиқланмади.

Консолидациялашган бюджет дефицити (давлат бюджети + давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджетдан ташқари жамғармалар ва ТТЖ маблағлари) 32,5 триллион сўм (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз атрофида) миқдорида прогноз қилинганди.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга кўра, Ўзбекистон давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун фақат 2 миллиард доллар ташқи қарз жалб қилиши мумкин. Қонунчилик палатаси депутатлари бюджетнинг ижроси юзасидан савол бермади. Жамшид Қўчқоров дефицитни ниманинг ҳисобидан қоплаш режалаштирилаётгани ҳақида маълумот бермади.

Молиячи Отабек Бакиров Ўзбекистонда охирги йилларда бюджет интизоми бутунлай издан чиқиб бўлгани, амалга оширилган харажатлар улар ишлатиб бўлингач, яъни постфактум маъқулланиши нормага айланганини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, депутат Дониёр Ғаниев ўтган йили ҳукумат бюджет дефицити лимитини оширишни сўраганида «Агар биз ноябрда қилиб бўлинган харажатлар учун молиялаштиришни тасдиқлайдиган бўлсак, бу парламентни ноқулай аҳволда қолдиради», деб таъкидлаган эди.

Аввал хабар берганимиздек, президент қарори лойиҳасида 2023 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг максимал ҳажмини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан 5 фоизга ёки 53,4 триллион сўмгача ошириш таклиф этилган. Агар ҳукумат харажатлар чегарасидан яна ўтиб кетса, бу давлат харажатларининг 1,8 миллиард долларга ошишига олиб келади.

Аввалроқ Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов бюджет тақчиллиги ҳақида сўралганда, аниқ миқдорни айтмаган, бироқ бу лимитдан «бироз юқори» эканини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткичнинг ўсиши газ импортининг ортиши билан боғлиқ, ваҳоланки, биринчи олти ойда Ўзбекистон бор-йўғи 200 миллион долларга газ импорт қилган (2,5 миллиард доллар камомаддан анча кам).

2022 йилда ҳукумат давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдоридаги чегарасида ушлаб туролмади, шу сабабли парламент харажатларни 2 миллиард долларга оширишни ва ЯИМнинг 4 фоизигача бўлган чегарани тасдиқлади. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов давлат харажатларининг ошиши ҳисобига инфляция даражаси кутилганидан юқори эканини, шу сабабли бюджетни консолидациялаш (харажат ва даромадларни оптималлаштириш) роли ортиб бораётганини таъкидлади.