Ўзбекистонда ҳафта давомида об-ҳаво ўзгариб туради, ҳарорат +37,+38 даражадан ошмайди. Бу ҳақда Ўзгидромет матбуот хизмати хабар берди.

Дам олиш кунлари Ўзбекистонга Урал ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво тарқала бошлади. Республиканинг қатор ҳудудларида бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиб ўтди, баъзи жойларда момақалдироқ кузатилди. Ҳаво ҳарорати ҳудуднинг катта қисмида +30…+35 даражагача пасайди. Бу ҳолат душанба ва сешанба кунлари ҳам сақланиб қолади.

Шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +37…+39 даражагача кўтарилиши мумкин.

Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, 7 август кунининг иккинчи ярмида Тошкент шаҳри ва вилояти бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Айрим жойларда шамол тезлиги чанг-тўзон билан 13−18 м/с гача кучайиши мумкин.

Ҳафта ўртасида Ўзбекистон бўйича ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кўтарилади ва +35…+37 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларда +38…+39 даражагача бўлади. Иш кунлари охирига келиб, ҳарорат фони яна +2…+3 даражага пасаяди.