7 август куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Қўрғонтепа тумани Кенгаши сессиясида Ҳалилов Алишер Олимжонович Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани ҳокими лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Алишер Ҳалилов 1984 йилда Қўрғонтепа туманида туғилган. 2004 йил Андижон муҳандислик иқтисодиёт институтини, 2014 йилда Президент ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги олий мактабни тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида бир неча саноат корхоналарида раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилган.

Мазкур лавозимга тайинлангунига қадар Андижон вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 11 июль куни ўтказган видеоселекторида 12 нафар ҳоким қаторида Қўрғонтепа туманини қарийб уч йил бошқарган ҳоким Элёрбек Набижоновни ҳам ишдан бўшатиш бўйича топшириқ берганди. Лавозимдан кетишига «фаолиятида инвестиция муҳити қониқарсизлиги, кўрсаткичлар пастлиги» сабаб қилиб кўрсатилган. Шунингдек, давлат раҳбари ишдан олинган 12 ҳокимнинг фаолиятини текширишни буюрган эди.