Февраль ойидан Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари, 2018 йил сентябридан эса собиқ Молия вазирлиги раҳбари ўринбосари ва Ғазначилик бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган Дилшод Шуҳратович Султонов Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур тайинлов ҳақида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида эълон қилинди. Собиқ вазир ўринбосари номзоди президент Шавкат Мирзиёев томонидан тавсия этилгани билдирилди.

Йиғилишда сўзга чиққан вилоят ҳокими шаҳарнинг аввалги ҳокими Фарҳод Мирзаевнинг «ёмон ишламагани»ни таъкидлади: «Соғлиғига қарамай, ишда қолаётганига, ишлаганига гувоҳ бўлдим. У катта тажрибага эга эди. Лекин бир киши аравани тортолмайди. Шаҳарнинг барча активлари бирлашмаса, ҳаракат бўлмайди».

Зойир Мирзаев Янгийўлнинг энг қийин муаммосини электр энергияси билан таъминлаш деб атади. Унга кўра, ушбу мақсадлар учун 9,5 млрд сўм бюджет маблағлари ажратилган.

Вилоят ҳокимининг айтишича, унинг Янгийўлдаги сайёр қабуллари «энг оғир ўтади»: «Бу ернинг халқи шунчаки шахсий масалалар билангина келмайди. Маҳалла, шаҳар ҳудудига оид дангал масала чиқиндиларни вақтида олиб чиқиб кетиш катта муаммо».

«Янгийўл шаҳрини чиқиндилардан тозалаш бўйича оммавий сафарбарлик бўлмаса, бир мартага тозалаб олинмаса, бўлмайди. Уч кун, беш кун, қанча вақт кетса ҳам қиламиз буни. Мурожаатларнинг 47 фоизи шу чиқинди масаласи», — деди вилоят ҳокимлиги раҳбари.

Шунингдек, инвестицияларни жалб этиш, маҳаллаларни ободонлаштириш дастурларини амалга ошириш, янги уй-жойлар барпо этишда ҳам қолоқлик борлигига тўхталди.

Дилшод Султонов (1980 й. т., Тошкент темир йўл муҳандислари институтини тамомлаган — 2002, мутахассислиги — иқтисодчи) 2003 йилдан Молия вазирлиги тизимида ишлаб келган. 2017 йил сентябридан буён Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди. Бунгача 2013 йилдан Пенсия жамғармасининг Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси бошлиғи, Пенсия жамғармаси ижрочи директори лавозимларида ишлаган.

Куни кеча президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида вилоят ҳокимининг қашшоқликни қисқартириш бўйича масъул биринчи ўринбосари, шунингдек, Қибрай ва Янгийўл туманлари ҳокимлари ва сектор раҳбарларини лавозимидан озод этиш тўғрисида топшириқ берган эди. Вилоят ҳокимининг яна икки ўринбосарига ҳайфсан эълон қилинди.

Аввалроқ Бекобод тумани ҳокими ўзгаргани маълум бўлганди. Фурқат Худойбердиев ўрнига «Қишлоқ қурилиш банк» бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Мирзаев ҳоким бўлди.