Душанба куни бўлиб ўтган туман Кенгаши сессиясида Шуҳрат Шаҳобутдинович Мирзаев Тошкент вилояти Бекобод туманига ҳоким этиб тайинланди, дея хабар қилди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Мирзаев 1982 йилда Тошкентда туғилган. Тошкент молия институти (2004), Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали (2007), Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини (2009) тамомлаган.

Ушбу лавозимга тайинлангунга қадар «Қишлоқ қурилиш банк» Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти бошлиғининг ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

Бунгача Кенгаш 2020 йил февралидан буён туманга раҳбарлик қилган аввалги ҳоким Фурқат Худойбердиевни лавозимидан озод этишни маъқуллаган эди.

бекобод тумани, шуҳрат мирзаев

Зойир Мирзаев.

Сессияда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Худойбердиевнинг ишдан бўшатилишига сабаб бўлган муаммоларни санаб ўтди.

У вилоятдаги энг оғриқли муаммо тоза ичимлик суви эканини таъкидлади. Жорий йилда туман аҳолисини марказлашган ҳолда ичимлик суви билан таъминлаш учун 3 млрд сўмга яқин маблағ ажратилди. Яқин келажакда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш 37 фоиздан 75 фоизга ошиши кутилмоқда.

Унга кўра, умуман олганда, Бекобод учун республика бюджетидан маблағ ажратишда муаммо йўқ.

Экспорт қилувчи корхоналар билан ишлаш, қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши назоратдан четда қолмоқда, деди Мирзаев.

Унинг қайд этишича, аҳоли сув таъминоти хизматлари учун тўловларнинг атиги 32 фоизини тўлаган.

Бундан ташқари, 10 мингдан ортиқ йигит-қиз хорижда меҳнат муҳожирларидир. Уларни олиб келиш, иш билан таъминлаш ишлари эътибордан четда қолмоқда. «Бу борадаги ишларни қаттиқ назоратга олиш керак. Бугунги кунда 85 гектар ер кимошди савдосига қўйилган. Лекин сотилгани йўқ. Чунки қаровсиз ерлар сув таъминотисиз сотувга қўйилган», — деди вилоят ҳокими.

Унинг сўзларига кўра, туманда 3271 нафар бола боғчага бормайди. 25 та маҳаллада умуман боғча йўқ.

«Ёшлар дафтарига» киритилган 1698 нафар ёшлардан атиги 977 нафари ёрдам олган. Бу борада Бекобод тумани энг ёмон кўрсаткични қайд этди, — деди Зойир Мирзаев.

Собиқ туман ҳокими ўтган олти ой давомида бор-йўғи 6 марта тарғибот тадбирлари ўтказган ва 47 нафар фуқаро билан мулоқот қилган. Натижада вилоят, республика бошқарма ва ташкилотларига туман аҳолисидан келиб тушган мурожаатлар сони икки баробарга ошган.