Дунёда ҳар йили 1,3 миллионга яқин одам тамаки тутунидан вафот этмоқда — ЖССТ

Тамаки назорати соҳасида ижобий ўзгаришлар бор, аммо унинг истеъмоли «жамоат саломатлиги учун асосий таҳдидлардан бири» бўлиб қолмоқда, дейилади ЖССТ ҳисоботида. Ҳар йили дунёда 1,3 миллионга яқин одам пассив чекиш (тамаки тутуни) қурбони бўляпти.

Қорақалпоғистонда арзон, Тошкентда қиммат — ҳудудларда уй-жой нархлари қандай?

МҲТИ экспертларининг уй-жой нархлари бўйича ўтказган таҳлил натижаларига кўра, ҳар бир квадрат метр учун энг арзон уй Қорақалпоғистонда ($390,1), энг қиммати эса Тошкент шаҳрида ($1251) қайд этилди. Бир йил ичида янги уй нархи ўртача 44 фоизга, иккиламчи бозордаги эса ўртача 33 фоизга қимматлашди.

Фарғонада эркак телефонига жавоб бермаган Yandex ҳайдовчисининг машинасини шикастлади

Фарғона шаҳрида эркак телефонига жавоб бермаган Yandex ҳайдовчиси машинасининг ойналарини тош билан синдирди. 22 ёшли ҳайдовчи буюртмачининг манзилига келганида телефони ўчиб қолган ва у билан боғланолмаган. Машинага етказилган моддий зарар миқдорини аниқлаш бўйича экспертиза тайинланди.

Бухорода 2 шахс фуқарони техникумга ўқишга киритиш эвазига $1000 олгани айтилмоқда

Шофиркон туманида 2 шахс фуқарони юқори ваколатли танишлари орқали жамоат саломатлик техникумига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, ундан 1000 доллар олганликда гумонланмоқда. Ҳолат тергов остида.

Самарқандда 4 нафар йигит сув омборида чўкиб кетди

Шанба куни Каттақўрғон сув омборида қайиқ ағдарилиб кетиши оқибатида 7 нафар йигитдан 4 нафари чўкиб кетди. Ҳозиргача бир йигитнинг мурдаси топилган, қолганлари қидирилмоқда. Ҳолатга йигитларнинг фотосуратга тушиш мақсадида тартибсиз ҳаракатлар қилгани сабаб бўлган.

Сенат қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласини кўриб чиқади

Сенатнинг 4 августдаги ялпи мажлисида «Адвокатура тўғрисида», «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида», «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги ҳамда крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини яхшилашга оид қонунларга ўзгартириш киритиш кўриб чиқилади.

UNG Petro шохобчаларида Аи-92 бензини нархи ошди

«Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли UNG Petro ёнилғи қуйиш шохобчаларида Аи-92 бензинига чегирмалар якунланди. Унинг бир литри энди 7500 сўм эмас, 8600 сўмни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда 6 ойда ўртача ойлик иш ҳақи 4,3 млн сўмни ташкил этди — Статистика агентлиги

Статистика агентлигининг ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда январь-июнь ойларида ўртача ойлик иш ҳақи 4,3 млн сўмни ташкил этган. Иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳри (7 миллион сўм), Навоий вилояти (5,6 миллион сўм) ва Тошкент вилоятида (4,3 миллион сўм) кузатилган.

Тошкент шаҳридаги 50-мактабда ёнғин содир бўлди

Тошкент шаҳри марказидаги 50-мактабда ёнғин содир бўлди. Унинг майдони 10 квадрат метрни ташкил этди. Қурбонлар йўқ, деб хабар берди ФВВ.

Президент ишдан олганидан 1 кун ўтиб, Марғилон ҳокими ўз ёрдамчиси ва котибини рағбатлантириш бўйича фармойиш чиқарди

Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида 27 июль кунги йиғилишда Марғилон шаҳри ҳокими Адҳам Зиявитдиновни ишдан олганди. Аммо ҳоким 28 июлда ёрдамчиси ва котибни рағбатлантириш бўйича фармойиш чиқарди, ҳужжат кейинчалик яшириб қўйилди. Ҳокимлик фармойишни вилоят прокуратураси ўрганаётганини билдирди.

Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳарбийлари қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтказди

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳарбийлари қўшма UZAZ-2023 компьютер қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларини ўтказди.

«Газета.uz»да эълон қилинган репортаж:

Ташландиқ жойда қандай қилиб яшил боғ барпо этиш мумкин?

Яшнобод тумани Алимкент кўчасидаги собиқ трамвай йўллари ўрни кўплаб йиллар мобайнида ташландиқ ҳолатга келиб қолди. Ҳозир эса бу ерда — дарахтлар, буталар ва узумлар экилган. Биз унга ким ғамхўрлик қилаётгани ва одамлар тошга айланган шаҳардаги янги оазис ҳақида қандай фикрдалигини ўргандик.