Дунё бўйлаб ҳар йили 1,3 миллионга яқин одам пассив чекиш (тамаки тутунидан нафас олиш) оқибатида вафот этмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) 2023 йил учун глобал тамаки эпидемияси бўйича ҳисоботида сўз борган.

«Ҳар йили 1,3 миллионга яқин одам бундай тутунлар таъсиридан вафот этади. Бу ўлимларнинг барчасининг олдини олиш мумкин. Пассив чекиш юрак-қон томир, нафас олиш йўллари, онкологик касалликлар, инсульт ва 2-тоифа диабетдан ўлим хавфини келтириб чиқаради», — дея қайд этади ҳисобот муаллифлари.

ЖССТ сўнгги 10,5 йил ичида тамаки назорати соҳасида содир бўлган ўзгаришларни ижобий баҳолади. Ташкилот маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг қарийб 71 фоизи MPOWER чора-тадбирлари — тамаки назорати бўйича ЖССТ томонидан ишлаб чиқилган тавсиялар тўплами билан у ёки бу тарзда қамраб олинган.

MPOWER тамаки истеъмолини мониторинг қилиш, одамларни тамаки тутунидан ҳимоя қилиш, одамларга чекишни тўхтатишга ёрдам бериш, тамаки билан боғлиқ хавфлардан огоҳлантириш, тамаки рекламасини тақиқлашни амалга ошириш ва тамаки маҳсулотларига солиқларни оширишни ўз ичига олади.

Охирги 15 йил ичида дунёда чекишнинг тарқалиши 2007 йилдаги 22,8 фоиздан 2021 йилда 17 фоизгача камайди. «Агар бу нисбат камаймаганида, бугунги кунда яна 300 миллион қўшимча чекувчи бўларди», — дейилади ҳисоботда.

Бироқ дунёнинг 2,3 миллиард аҳолисини ташкил этувчи 44 мамлакат MPOWER чораларининг ҳеч бирини қабул қилмаган. Тамаки эпидемияси ҳар йили 8,7 миллион одамнинг ўлимига сабаб бўлади ва тамаки истеъмоли «жамоат саломатлиги учун асосий таҳдидлардан бири» бўлиб қолмоқда, — дейди ЖССТ.

«Ҳаракатларимиз самара бермоқда, аммо жуда кўп одамларнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда. Чекиш дунёда олдини олиш мумкин бўлган ўлимнинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда», — деди ЖССТнинг глобал элчиси Майкл Блумберг.

Аввалроқ «Газета.uz» ЖССТнинг чекишни ташлаш учун ишлаб чиққан 100 дан ортиқ сабабларини келтирганди.