«Ўзбекнефтгаз» компаниясига қарашли UNG Petro ёнилғи қуйиш шохобчаларида март ойи ўрталарида жорий этилган Аи-92 бензинига «баҳорий» чегирмалар тўхтатилди. Бу маълумот ёнилғи қуйиш шохобчаларида тасдиқланди.

Чегирма вақтида ушбу маркадаги бензиннинг литри нархи 7500 сўмни ташкил қилди (бошқа компанияларнинг ёнилғи қуйиш шохобчаларида қимматроқлигича қолди). Янги нарх эса 8600 сўм. Чегирма жорий этилгунга қадар амалда бўлган нарх 9000 сўмдан ошиқроқни ташкил этарди.

«Ўзбекнефтгаз» 1 майдан бошлаб чегирмани бекор қилишни режалаштирган, аммо бу қарор номаълум муддатга қолдирилганди.

Эслатиб ўтамиз, президент қарори билан Аи-80 бензини учун акциз солиғини «ноль» ставкада қўллаш муддати 2023 йил 31 декабрга қадар узайтирилган. У ўтган йилнинг декабрь ойида ёнилғи қуйиш шохобчалари фаолиятининг чекланиши ва бензинга бўлган талабнинг ошиши муносабати билан жорий қилинган эди.

UNG Petro ёнилғи қуйиш шохобчаларида Аи-80 бензини литрининг нархи 6050 сўмлигича қолмоқда.

«Газета.uz» мухбирининг маълум қилишича, 1 август куни нархдаги ўзгаришлар ортидан Аи-80 бензинига навбатлар ҳосил бўла бошлаган.