Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Olx.uz маълумотлари асосида 2023 йилнинг иккинчи чораги учун таклиф этилаётган уй-жой нархларини таҳлил қилди, дея хабар бермоқда Spot.

Унга кўра, 432 893 та маълумот 115 та ҳудуд бўйича гуруҳлаб чиқилган ва интерактив веб-саҳифа кўринишига келтирилган. Бу давр давомида нархлар уй-жойнинг ҳар бир квадрат метри учун 10 гуруҳга ажратилган.

макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, уй-жойлар нархи
Инфографика: МҲТИ

Энг арзон ҳудудлар 1-гуруҳга (ҳар бир квадрат метр учун 390 доллардан), энг қимматлари эса 10-гуруҳга киритилди (квадрат метр учун 1251,7 долларгача). Ҳар бир гуруҳ 86,1 долларлик нарх оралиғини ифодалайди. Хусусан, Тошкент шаҳрида ҳудудлар бўйича энг юқори ўртача нарх қайд этилган — 1251,7 доллар. Нарх сегментацияси бўйича энг юқори 10-гуруҳга тўғри келади.

Самарқанд шаҳрида ўртача нарх 753 долларни ташкил этиб, нарх сегментациясида 6-гуруҳдан ўрин олган. Ўртача нархлар пастроқ бўлган Наманган, Жиззах, Сурхондарё, Бухоро, Фарғона, Қашқадарё, Сирдарё ва Хоразм 2-гуруҳдан жой олган.

Энг минимал нарх эса Қорақалпоғистонда кузатилиб, ҳар бир квадрат метр учун 390,1 долларни ташкил этган.

Тошкент бўйича уй-жой нархлари июнь ойида бирламчи бозордаги уйлар учун ўртача 1374 долларни, иккиламчи бозордаги уйлар учун эса ўртача 1143 долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг июнь ойида мос равишда 953 ва 861 долларни ташкил этган.

Бир йил ичида янги уйларнинг нархи ўртача 44 фоизга, иккиламчи бозордаги уйлар нархи эса ўртача 33 фоизга қимматлашган.

E-notarius маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида уй-жой олди-сотди битимлари ўрганилган давр мобайнида 1,8 фоизга камайган, яъни ўтган йилнинг июнь ойида шаҳар бўйича жами 7553 та уй-жой олди сотдиси қайд этилган бўлса, 2023 йилнинг шу даврида 7417 та олди-сотди битими қайд этилган.

Ўртача энг юқори нархлар Миробод ($1462,3), Яккасарой ($1374,3) ва Шайхонтоҳур ($1369,2) туманларида аниқланган. Ўртача энг паст нарх эса Учқизил ($222,8), Боғот ($224,2) ва Лалмикор ($227,3) каби ҳудудларда кузатилган.