Фарғона шаҳрида эркак телефонига жавоб бермаган Yandex ҳайдовчиси машинасининг ойналарини тош билан синдирди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

1 август куни Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Ш. С. Yandex Go фирмасига такси буюртма қилган. Буюртмани ҳайдовчи Фарғона шаҳрида яшовчи, 21 ёшли И.Р. қабул қилган ва бироздан сўнг бошқарувидаги Cobalt автомашинасида С.Ш. турган С.Темур кўчасига етиб келган.

Бироқ фуқаро ҳайдовчининг телефони ўчиб қолгани ва унинг қўнғироғига жавоб бермаганидан жаҳли чиқиб, ўзаро жанжаллашган ва ҳайдовчининг автомашинаси ойналарини тош билан уриб, синдириб юборган.

Ҳозирда ҳолатнинг барча иштирокчилари шахсига ойдинлик киритилиб, Фарғона шаҳар ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, мулкка етказилган моддий зарар миқдорини аниқлаш бўйича тегишли тартибда экспертиза тайинланган, дейилади хабарда.