27 июль куни ижтимоий тармоқлар орқали аёл кишининг турмуш ўртоғига ҳақоратли сўзларни айтиб, фарзандини уриб ҳақорат қилгани акс этган видеолар тарқалди. Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Аниқланишича, 19 июлда Қораўзак тумани, «Қутли макон» МФЙда яшовчи фуқаро П.Ж. Қозоғистонда ишлаб юрган турмуш ўртоғи К.С. билан юзага келган келишмовчилик натижасида, вояга етмаган фарзданди Т.Ж.га тазйиқ ўтказиб, уни ҳақорат қилгани тасвирланган видеони турмуш ўртоғи К.С.га Telegram мессенжери орқали юборган.

Ҳолат юзасидан 27 июлда Қораўзак туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан фуқаро П.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (вояга етмаган шахсни муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, хозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, мазкур оилада тарбияланаётган уч нафар вояга етмаганларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида туман прокуратураси томонидан уларнинг ҳолидан хабар олиниб, мактабгача ва мактаб таълими ҳамда ички ишлар органларининг психолог хизмати ходимлари жалб қилинди.

Ҳозирда вояга етмаганлар Қозоғистон Республикасидан қайтиб келган отаси К.С.нинг қарамоғига топширилди. Жиноят иши тергови Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан назоратга олинган.