20 июль куни маҳаллий вақт билан тонгги соат 3:00 атрофида Россия қўшинлари Украинанинг Николаев вилояти ҳудудига ракета зарбалари йўллади, дея хабар бермоқда вилоят маъмурияти раҳбари Виталий Ким.

Ракета зарбаси оқибатида камида 19 киши жароҳатланган. 8 киши тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Улардан 2 нафари, жумладан, 1 бола касалхонага ётқизилган.

Шунингдек, қурбонлар ҳам борлиги айтилмоқда.

Виталий Кимнинг сўзларига кўра, зарба оқибатида 3 қаватли бинонинг бир неча қавати вайрон бўлган ва 450 квадрат метр майдонда ёнғин келиб чиққан. Ёнғин эрталаб соат 7:45 да ўчирилган. Шунингдек, ҳудуддаги бир қанча кўп қаватли уйларнинг ойналари синган, 15 га яқин гараж шикастланган.

4 июль куни Россия томонидан Украинанинг Харьков вилояти ўққа тутиши оқибатида камида 30 киши жароҳат олгани, қурбонлар орасида 10 нафар бола, жумладан, икки гўдак ҳам борлиги хабар қилинганди.

Бундан ташқари, 29 июнь куни Украинанинг Краматорск шаҳрига, 13 июнь куни Кривой Рог шаҳрига, 1 июнь куни Киевга ракета зарбалари берилган.