3 май куни Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи мажлисида тўртта йўналишда ишчи гуруҳларни ташкил этиш ва уларни тўлиқ амалга оширишда фаол иштирок этишни таклиф этди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

ишчи гуруҳлар, хорижий инвесторлар кенгаши, шавкат мирзиёев

«Ҳукумат ҳамда инвесторлар ўртасида очиқ ва самарали мулоқотнинг йўлга қўйилгани барқарор иқтисодий тараққиётнинг асосий калитидир. Шу сабабли бугунги замон билан ҳамнафас қадам ташлаб, ўз олдимизга аниқ режаларни қўйишга ва саъй-ҳаракатларимизни янада уйғунлаштиришга чақираман», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Президент таклиф қилган 4 йўналиш қуйидагилар:

Капитал бозорини ривожлантириш. Бу йўналишда хорижий инвесторларнинг талабларига тўла жавоб берадиган халқаро молия марказини ривожлантириш учун ички ва ташқи капитални кенг жалб этишга асосий эътиборни қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Масъулиятли бизнес юритиш. «Бу борада иқтисодиёт барқарорлиги, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг тегишли тамойилларини кенг жорий этиш долзарб вазифадир», — дейилади хабарда.

Муқобил инвестицияларни рағбатлантириш. Бунда стартап, инновацион лойиҳалар, биргаликдаги сармояларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида «Венчур инвестициялар тўғрисида»ги янги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Инвесторлар билан ишлаш тизимини рақамлаштириш. Хорижий инвесторлар билан давлат органлари ўртасидаги барча хизматларни амалга ошириш учун мукаммал электрон платформани ишлаб чиқиш ва амалиётга кенг жорий этиш вақти келгани таъкидланди. Бу инвесторларни қийнаётган комплекс муаммоларни ўз вақтида ва тизимли ҳал этишга имкон беради, дейилади матбуот хизмати хабарида.

«Хорижий инвесторлар билан давлат органлари ўртасидаги барча хизматларни амалга ошириш учун мукаммал электрон платформани ишлаб чиқиш ва амалиётга кенг жорий этиш вақти келди, деб ўйлайман. Бу инвесторларни қийнаётган комплекс муаммоларни ўз вақтида ва тизимли ҳал этишга имкон беради», — деди президент.

ишчи гуруҳлар, хорижий инвесторлар кенгаши, шавкат мирзиёев

Шавкат Мирзиёев раислик қилган тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, «Masdar», «Indorama», «ACWA Power», «Air Products», «Çalik», «Suez», «Orascom», «Çengiz», «Aksa», «HP», «Linde», «Procter&Gamble», «Visa», «CAMCE», «John Deere», «Huawei», «Airbus», «Orano», «Сommerzbank», «Total», «PASHA Holding» каби етакчи компания ва банклар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар — Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси вакиллари иштирок этди.

ишчи гуруҳлар, хорижий инвесторлар кенгаши, шавкат мирзиёев

Президент жаҳон иқтисодиётида беқарорлик тобора кучайиб, энергетика, озиқ-овқат соҳалари ва экологик тизимда инқирозлар ўткир тус олаётганини таъкидлади.

«Бундай мураккаб шароитда сизлар билан бамаслаҳат, ўзаро кенгашиб, аниқ амалий қадамлар ташласак, кўзлаган юксак марраларимизга албатта эришамиз», — деди у.

Давлат раҳбари инвесторларни Ўзбекистон иштирокидаги халқаро лойиҳаларга қўшилишга чақирди.