4 июль куни тушдан кейин Россия қўшинлари Харьков вилоятининг Первомайский шаҳрини ўққа тутди, дея хабар бермоқда Украина Ички ишлар вазирлиги.

Вазирлик баёнотида айтилишича, ракета зарбаси оқибатида камида 31 киши, жумладан, 10 бола жароҳатланган. Энг кичик ёшдаги болалар уч ва тўққиз ойликдир.

Харьков вилояти маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг аниқлик киритишича, зарба «Искандер» ракетаси билан берилган. Тўққизта турар-жой биноси вайрон бўлган, уларнинг ойналари синган. Шунингдек, тўхташ жойидаги бир нечта машинада ҳам ёнғин содир бўлган.

«Яқинда фақат турар-жой бинолари бор. Бу шаҳарнинг тинч ҳудуди, у ерда бирорта ҳам ҳарбий иншоот йўқ», — дейилади ИИВ хабарида.

3 июль куни Россия армияси камикадзе дронлари ёрдамида Украинанинг Суми шаҳрини ҳам ўққа тутган эди. Улардан бири турар-жой биносига тушган. 21 киши жароҳат олди, уч киши ҳалок бўлди.