1 июнга ўтар кечаси Россия армиясининг Киевга уюштирган ҳужуми оқибатида 3 киши, жумладан, 9 ёшли бола ҳалок бўлди, яна 12 киши яраланди, деб хабар берди Украина миллий полицияси.

Украина ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Россия янги ҳужумда «Искандар» оператив-тактик ракета тизимининг 10 та ракетасидан фойдаланган. Хабарда айтилишича, барча ракеталар уриб туширилган.

Ракета парчалари Киевнинг икки туманидаги кўп қаватли уйлар, болалар боғчаси ва тиббиёт муассасасига зарар етказган.

Расмийлар Болалар куни муносабати билан шаҳарда режалаштирилган барча тадбирларни бекор қилди.

Украина пойтахтининг шу сафарги ўққа тутилиши сўнгги бир ой ичидаги 18-шундай ҳодиса саналади. 30 майга ўтар кечаси Киевга учувчисиз учиш аппарати ҳужуми оқибатида 1 киши қурбони бўлган, яна 13 киши жароҳат олган.