Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисда «Қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар қилди.

Қонун лойиҳаси билан умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланадиган энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланган ҳолда умумий тармоққа сотилган электр энергиясидан олинадиган даромадларни фойда солиғидан озод этиш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахсларни мол-мулк солиғидан, қурилмалар билан банд бўлган ерлар бўйича ер солиғидан озод этиш назарда тутилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллигини бартараф этиш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини белгилаш имконини беради.

Мажлисда қонун депутатлар томонидан қабул қилинди.