Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Остона шаҳрини ривожлантириш бўйича йиғилишда пойтахт муаммоларини санаб ўтди. «Газета.uz» таҳририяти уларнинг кўпчилиги Тошкент муаммоларига ўхшашлигига эътибор қаратди.

«Очиғини айтишимиз керакки, Остонанинг асосий муаммолари унинг ривожланишини нотўғри режалаштириш, тўғрироғи, умуман йўқлиги билан боғлиқ. Назоратсиз тезлаштирилган қурилишлар, катта ҳажмлар ортидан қувиш ва ўйлаб чиқилмаган қарорлар шаҳарда муҳим инфратузилма етишмаслигига олиб келди», — деб ҳисоблайди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Унинг сўзларига кўра, бундай аянчли натижага «масъулиятли раҳбарларнинг ё очиқдан-очиқ лаёқатсизлиги ёки ғаразли ниятлари» сабаб бўлган.

«Шаҳар ҳокимияти давлат ва фуқаролар манфаатларини доимо биринчи ўринга қўйиши, қурувчиларнинг сўровлари ва фойдага бўлган ташналигига йўл қўймаслик», — деди Тоқаев.

Президент пойтахтда сўнгги иситиш мавсуми иссиқлик қувватларининг катта тақчиллиги билан ўтганини таъкидлади.

«Илиқ қиш шарофати билан коллапсдан қочишнинг иложи бўлди. Бир вақтнинг ўзида маҳаллий ҳокимият миллионлаб квадрат метр уй-жойлар қурилишига кўмаклашишда давом этмоқда, ваҳоланки уларни зарур иссиқлик билан таъминлашга тайёр эмаслар. Шаҳар муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш эса кўп жиҳатдан коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар масъул мутасаддиларининг касбий маҳоратига боғлиқ», — деди у.

остона, тошкент, урбанистика, шаҳар одамлар учун, қасим-жомарт тоқаев, қозоғистон

Қозоғистон раҳбари Остона мэри Женис Қасимбекка шаҳар коммунал корхоналари бошқарувини таҳлил қилиш топширилганини эслатди.

«Пойтахтда ИЭСга адвокат, РЭКка баҳоловчи, иссиқлик етказиб берувчисига агроном, шаҳар сув хўжалигига чорвачилик мутахассиси раҳбарлик қилади. Ишончим комилки, ҳар ким ўзи профессионал бўлган иш билан шуғулланиши керак. Акс ҳолда иш натижаси шунга яраша бўлади», — деди давлат раҳбари.

Қозоғистон президентининг таъкидлашича, ҳокимларнинг узоқни ўйламаслиги ва ҳаракатсизлиги туфайли «ёнғин» режимида янги иссиқлик манбалари, сув қувурлари, тозалаш иншоотларини қуришга мажбур бўлишмоқда.

Унинг қайд этишича, шаҳар тез суръатлар билан ўсиб бормоқда, муҳандислик тармоқларига юклама эса муттасил ортиб бормоқда.

«Шунинг учун 3-ИЭМнинг иккинчи навбати ва учинчи газ қозонхонасини қуриш бўйича зудлик билан ҳамда якуний қарор қабул қилиш зарур. Бир ой муддатда тегишли таклифлар киритишни топшираман. Бизнинг вазифамиз — Остонани камида ўн йил давомида ишончли иссиқлик билан таъминлаш. Бу пойтахтнинг барқарор ривожланиши учун ниҳоятда муҳим. Пойтахтнинг давлатнинг маъмурий-сиёсий маркази сифатидаги алоҳида ўрни ҳисобга олинса, бу масала стратегик аҳамиятга эга», — деди Тоқаев.

Президент, шунингдек, ёз бошида Остонада сув йўқлиги, шу сабабли турар-жой мажмуалари аҳолиси йўлларни тўсиб қўйгани ва уйларига сув бериш талаби билан митингларга чиққани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, пойтахт учун бундай ҳолат қабул қилиниши мумкин эмас.

— Очиқ айтсак, вужудга келган вазият шаҳар муҳандислик инфратузилмасини ривожлантиришда иштирок этиши керак бўлган шахслар ҳаракатсизлигининг табиий оқибати бўлди. Ҳаётий муҳим соҳа учун ўта муҳим бўлган бундай хатолар нафақат виждонсизлик, балки ҳақиқий зараркунандалик ҳам бўлиб, жавобгарлик шунга яраша бўлиши керак. Бу соҳада хатога йўл қўйиб бўлмайди, чунки сув, иссиқлик ва ёруғлик инсоннинг ҳаётий эҳтиёжлари ҳисобланади. Айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак", — деди у.

остона, тошкент, урбанистика, шаҳар одамлар учун, қасим-жомарт тоқаев, қозоғистон

Қасим-Жомарт Тоқаев пойтахт Остона сув омборига тўлиқ қарам эканини таъкидлади. Бошқа сув манбалари йўқ, бу жуда хавфли. Ҳар қандай вақтда юз бериши мумкин бўлган авария бутун шаҳар учун хавф туғдиради, шунинг учун Остонани сув билан таъминлашнинг муқобил усулларини излаш керак, деди у.

«Пойтахт аҳолиси сони ортиб бораётгани ва тобора кўпроқ янги объектлар фойдаланишга топширилаётгани боис яқин бир-икки йил ичида сув омбори тугаб битиши ҳозирдан маълум… Агар керакли ишлар амалга оширилмаса, мен буни саботаж сифатида қабул қиламан. Биз зудлик билан вазиятни тўғирлашимиз керак. Пойтахтни бундай заиф ҳолатда қолдиришни қабул қилиб бўлмайди», — деди у.

Бундан ташқари, Тоқаев акиматга Қарабидайиқ сув тўплаш кўлини кейинги йил охиригача кенгайтириш бўйича топшириқ берди:

«Ҳозир Есил дарёсига ташламалар шаҳарнинг ягона сув артериясини ифлослантирмоқда. Бу жуда хавфли, шунчаки қабул қилиниши мумкин эмас. Ҳукумат ушбу ташламаларни тартибга солиш масалаларини ҳал қилиши керак. Мана ҳукумат ва вазирлик нима билан шуғулланиши керак: норматив тартибга солиш».

Ғуж қурилишлар

Қозоғистон президенти уй-жой қурилишини тартибга солиш зарурлигини таъкидлади. Бугунги кунда Остонада 10 млн квадрат метрга яқин уй-жой қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Қурилишлар суръати юқори бўлганида сифат бир четда қолиб кетади, деди у.

Президент катта маблағ ажратилаётган қурилиш соҳасига «ҳар хил турдаги фирибгарлар»нинг кириб келишга уринишларини қайд этди.

«Тадбиркорлик фаолиятини текширишга қўйилган мораторийдан фойдаланиб, бир қатор компаниялар тегишли рухсатномаларсиз қурилиш ишлари олиб бормоқда. Улар ҳиссадорлардан ноқонуний равишда пул йиғишмоқда. Бу жуда хавотирли тенденция. Ҳокимият ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда бу хавфли тенденцияга чек қўйиши керак. Буларнинг барчаси янги муаммоли объектларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Агар ҳокимлик мавжуд муаммога кўз юмишда давом этса, бу оғир оқибатларга олиб келиши мумкин», — деди у.

Унинг фикрича, мансабдор шахсларнинг бундай жиноий бепарволиги ва масъулиятсизлиги миллий хавфсизликка ҳам зарар етказиши мумкин.

Маълум қилинишича, бугунги кунда 4000 га яқин ҳиссадор ўз квартирасига кўчиб ўта олмаяпти.

Тоқаевнинг айтишича, тадбиркорлик салоҳиятидан фойдаланиш ва авария ҳолатидаги уйларни бузиш ҳамда шаҳар уй-жой фондини таъмирлаш бўйича хусусий қурувчиларнинг инвестиция фаоллигини рағбатлантириш зарур.

«Шунингдек, инвесторлар реновация қилинадиган ҳудуддаги ер участкаларини бузиш ва сотиб олишга пул сарфлашни хоҳламайдилар. Улар учун Остонанинг чап соҳилида тайёр муҳандислик тармоқлари бўлган бўш жойларда қурилиш қилиш фойдалироқ. Аммо ўзаро муросаларни топиш керак. Ўнг қирғоқни сақлаш ва тўғри ривожлантиришга эътибор бериш зарур — шаҳарнинг эски қисми, у ўзига хос харизмага эга. Бизга Остонанинг мувозанатли ривожланиши керак», — деди у.

Инвесторлар авария ҳолатидаги объектларни бузиши, аҳолини бошқа биноларга кўчириши ва бўш ерларда янги уйлар қуриши лозим. Ўз навбатида, ҳокимлик ҳам уларга зарур шарт-шароитларни яратиши керак. Шаҳар муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш, йўллар, ижтимоий объектлар қуриш зарур. Шундай қилиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан авария ҳолатидаги ва эскирган уй-жой муаммосини ҳал қилиш мумкин бўлади.

«Бундан ташқари, бу шаҳар маркази ва унинг чеккалари ривожланишидаги номутаносибликларни бартараф этишга ёрдам беради. Шаҳарнинг эски қисми қиёфаси ҳам ўзгаради. Одамларнинг фаровон яшашини таъминлайдиган энг яхши шаҳарсозлик ечимларидан Остонанинг бутун ҳудудида фойдаланиш керак. Ялтироқ осмонўпар бинолар, бой маҳаллалар ва ҳақиқий харобалар, вайронага айланган бинолар — бу бизнинг йўлимиз эмас. Вазиятни „тенглаштириш“ керак. Бу адолатли жамият қуриш ғоясининг моҳиятидир», — деди Тоқаев.

«Остона бир хил турдаги қутисимон бинолар билан тўлган»

остона, тошкент, урбанистика, шаҳар одамлар учун, қасим-жомарт тоқаев, қозоғистон

Қозоғистон президенти пойтахтнинг ягона меъморий қиёфасини шакллантириш бўйича самарали чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқ берди. Унинг фикрича, Остонанинг ишлаб чиқилган ягона лойиҳа кодекси аслида расмий ҳужжатга айланган, «қурилаётган объектлар бир-бирига мос келмайди, ягона услуб йўқ, эклектика мавжуд».

«Пойтахтни қурилиш сифати ҳеч қандай танқидларга бардош беролмайдиган бир хил турдаги қутисимон бинолар билан тўлдиришди. Бу уй-жой ва офисга ҳам тааллуқли. Ахир бу кўплаб ўн йилликлар учун шаҳарнинг меъморий қиёфасини белгилаб беради-ку.

Янги объектлар умумий шаҳарсозлик концепциясидан ажралиб турмаслиги керак. Буни қурувчилардан доимий равишда талаб қилиш муҳим", — дея таъкидлади у.

Тоқаев, шунингдек, режага кўра, Қозоғистон пойтахтининг ташриф қоғозларидан бирига айланиши керак бўлган «Минжилдиқ» хиёбонини ривожлантириш ҳақида ҳам гапирди.

«Ҳақиқатда биз дидсиз, дод-вой солувчи фасадли, ҳамма ёқ ифлос, дарахтлар ўрнига қуриган чўплар ва муҳандислик инфратузилмалардаги сон-саноқсиз муаммолар бўлган иккита ғариб кўчага эга бўлдик. Устига-устак, мазкур хиёбондаги ягона майдон уй-жой қуриш учун хусусий компанияга берилган. Буни мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Бош режада кўзда тутилган майдонларни қайтариб беришни ва зудлик билан „Минжилдиқ“ хиёбонини тизимли ривожлантириш билан шуғулланишни топшираман», — деди у.

Президент пойтахтнинг Тинчлик ва тотувлик саройидан янги вокзалгача чўзилган «стратегик ўқи» ягона катта ва шинам яшил боғга айланиши кераклигини таъкидлади.

Қозоғистон пойтахтида ноёб объектлар қуришни бас қилишди, «уй-жой қурилишига ҳаддан ташқари берилиб кетишди», деб ҳисоблайди Тоқаев.

«Ўз вақтида бизнес томонидан қурилган „Абу-Даби Плаза“, „Хан Шатир“, „Talan Towers“ каби машҳур мажмуалар бугунги кунда Остона тимсоли ҳисобланади. Ҳокимлик ушбу ёндашувни қайтадан қўллаши ва шаҳарнинг янги диққатга сазовор жойларини қуриш учун хусусий инвесторлар ва таниқли архитекторларни жалб қилиши керак», — деди у.

Кўкаламзорлаштириш

Президентнинг сўзларига кўра, шаҳарни кўкаламзорлаштириш катта аҳамиятга эга ва Остонада бу борада муаммолар бор.

«Яшил майдонлар етишмайди… Мавсумий ўсимликларни экиш амалиётидан қочиб, кўп йилликларини фаолроқ ўтқазиш зарур. Шу билан бирга, пойтахтнинг кескин иқлимини ҳисобга олиш, илмий жамоатчилик салоҳияти ва илғор жаҳон тажрибасидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга», — деди у.

Кўкаламзорлаштириш ишлари қурилиш суръатига мос равишда олиб борилиши керак, деди Токаев.

«Умуман олганда, Оттава, Торонто шаҳарри иқлим зонаси Остонага мос келади. Бу яшил шаҳарлар, чиройли кўринади. Канада тажрибасидан фойдаланишимиз керак. Бунда қурувчиларнинг ўзларини фаол жалб қилиш керак. Мисол учун, Хельсинкида қурувчиларга қурилишдан сўнг дарҳол туташ ҳудудларни кўкаламзорлаштириш мажбурияти юклатилади. Бу биз фойдаланишимиз керак бўлган тажриба. Германия ҳатто «бир вақтнинг ўзида» тамойилига асосланган «Яшиллаштириш кодекси»ни ҳам қабул қилди. Яъни, қурувчи қурилиш майдонига тенг бўлган ер участкасига дарахт ва буталарни экишга мажбурдир. Бундай ёндашув яхши самара беради», — деди Қозоғистон раҳбари.

Тоқаевнинг маълум қилишича, шаҳар қиёфасини тартибсиз ва пашшахўрда рекламалар чиқараётган «визуал шовқин» бузмоқда.

«Олти ой олдин мен Остона шаҳрини 5 йил ичида боғ-шаҳарга айлантириш вазифасини қўйган эдим. Бу борадаги аниқ қадамлар ҳали етарли эмас… Пойтахтимизда кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишларида дастлабки аниқ натижаларга жорий йилда эришилиши керак. Замонавий технологияларни қўллаш муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда эса яшил майдонларни суғориш ҳали ҳам эски усулда амалга оширилади, томчилатиб суғориш қўлланилмайди. Иш услубимизни ўзгартиришимиз керак», — деди у.

«Ҳозирча, жуда қиммат нархларда шошилинч мавсумий ишларга эътибор қаратилмоқда, бу эса номутаносиб равишда катта бюджет харажатларига олиб келади. Шаҳар қиёфасини тартибсиз ва пашшахўрда рекламалар чиқараётган „визуал шовқин“ ҳам сезиларли даражада бузади. Бу муаммо маҳаллий ҳокимият органларидан тадбиркорлик жамияти билан алоҳида эътибор ва машаққатли ишлашни талаб қилади», — деди президент.

остона, тошкент, урбанистика, шаҳар одамлар учун, қасим-жомарт тоқаев, қозоғистон

Ҳаммабоп ижтимоий инфратузилма

Тоҳаев Остонанинг бутун аҳолиси шаҳар инфратузилмаси — таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, маданият ва спорт, шунингдек, боғлар ва жамоат жойларидан тенг фойдалана олиши кераклигини таъкидлади. Бу барча фуқаролар ҳаёти учун қулай ва қулай муҳит яратишнинг асосий шартидир, деди у.

«Аҳолининг назоратсиз ўсиши» туфайли бугунги кунда Остонада замонавий поликлиникалар, сифатли ва арзон хизмат кўрсатадиган ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари, шунингдек, малакали тиббиёт кадрлари кескин етишмайди.

— Кўпинча поликлиникалардаги навбатлар, хусусий клиникаларда хизмат кўрсатишнинг қимматлиги туфайли одамлар сўнгги лаҳзагача тиббий ёрдамга мурожаат қилмайди. Буларнинг барчаси фуқаролар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Вазиятни тузатиш учун пойтахтда учинчи кўп тармоқли шифохона қуриш таклифини қўллаб-қувватлашни муҳим деб биламан", — деди у.

Тоқаевнинг айтишича, Остонада болани мактаб ёки боғчага олиш ҳамон муаммо бўлиб қолмоқда.

«Кўпгина мактабларда ўқувчилар сони лойиҳавий қувватдан сезиларли даражада ошади, уч сменали таълим сақланиб қолмоқда, бу аллақачон қабул қилинадиган ҳолат эмас. Биринчи навбатда шаҳарда янги таълим муассасалари, жумладан, 15 та қўшимча таълим объекти қурилишини таъминлаш талаб этилади», — деди у.

Тоқаев инсоннинг, айниқса, шаҳар аҳолисининг асосий эҳтиёжларидан бири, бу — интернетга кириш эканлигини таъкидлади.

«Биз ҳамма жойда Остонани „ақлли шаҳар“ ва минтақавий IT хаб деб эълон қиламиз, бу эса автомат равишда асосий рақамли инфратузилманинг юқори сифатини англатади. Бироқ пойтахтда Интернет ва уяли алоқа барқарорлиги орзу бўлиб қолди. Бу нафақат аҳоли учун ноқулайлик туғдиради, балки шаҳар иқтисодиётига жиддий зарар етказади, пойтахт меҳмонларида ўта салбий таассурот уйғотади», — деди президент.

Метрополия аҳолисининг ҳаёт сифатига жамоат транспорти фаолияти ва тирбандлик ҳам бевосита таъсир қилади, деди Қозоғистон раҳбари.

«Газета.uz»нинг шаҳарларни ободонлаштириш, қулай яшаш шароити ва иқтисодий ривожланиш ўртасидаги боғлиқлик тўғрисида кўплаб материалларини «урбанистика» ва «шаҳар одамлар учун» калит сўзлари остида топиш мумкин.