Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар ва Мудофаа вазирликлари ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси ҳудудида содир бўлиши мумкин бўлган йирик ёнғиннинг олди олинди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, қўриқхонанинг Майдонтол бўлими ҳудудида 8 июлга ўтар кечаси кичик ёнғин содир бўлган. Эрта тонгдан Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ўрмон ёнғинларини бартараф этиш бўйича махсус отряди манзилга йўл олган.

Жараёнга, шунингдек, Мудофаа вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг куч ва воситалари, жумладан, иккита вертолёт жалб этилган.

Қисқа вақт ичида ёнғин ўчирилди ва бу ўрмоннинг катта ҳудудига тарқалиши мумкин бўлган ёнғиннинг олди олинди, дея таъкидлади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Ёнғинни жойида ўчириш жараёни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Абдулла Қўлдошев томонидан назоратга олинди.