Россия технологик фирмалари Telegram, WhatsApp ва Signal мессенжерлари фойдаланувчиларини онлайн назорат қилиш воситаларини фаол равишда ишлаб чиқармоқда ҳамда ўз маҳсулотларини турли минтақаларга, жумладан, Марказий Осиёга сотишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда The New York Times суриштирувида сўз боради.

Нашр «ички ёзувларга кириш имкониятига эга бўлган шахсдан юзлаб файлларни» олган. Улардан 40 га яқини кузатув воситаларини батафсил тавсифлайди.

NYT материалидаги асосий маълумотлар

Россия ҳукумати сўнгги йилларда фуқароларни рақамли назорат қилиш учун воситалар арсеналини тўплади ҳамда «тезда Хитой ва Эронга етиб олади», деб ёзади NYT. Украинадаги уруш Россия разведка хизматларининг мамлакат ичидаги норозилик билан курашиш учун бундай технологияларга бўлган талабини оширди.

Ушбу рақамли воситалар Telegram, WhatsApp ва Signal иловалари фойдаланувчиларининг фаоллигини кузатиши мумкин: телефонлар жойлашувини, аноним фойдаланувчиларни аниқлаш, одамларнинг аккаунтларини бузиш, кимнинг ким билан, қаерда ва қачон гаплашаётганини аниқлаш. Газетанинг қайд этишича, бу дастурлар хабарларнинг ўзини ўқий олмайди.

Кузатув дастурларини ишлаб чиқарувчи компанияларнинг аксарияти бир вақтлар тадбиркор Алишер Усмонов томонидан қисман назорат қилинган «Цитадель» компаниялар гуруҳига тегишли.

NYT келтириб ўтган АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, «Цитадель» кузатув учун Россиянинг йирик рақамли ускуналар ишлаб чиқарувчиларини сотиб олган ва айни пайтда телекоммуникацияларни мониторинг қилиш технологиялари бозорининг 60 дан 80 фоизгачасини назорат қилмоқда.

«Цитадель»нинг MFI Soft, NetBeholder шўъба корхоналари кимнингдир бир нечта телефонлардан фойдаланаётгани ёки телефонлар кун давомида қаерда бўлганини аниқлай олади. NetBeholder, шунингдек, одамлар Telegram, WhatsApp ва Signal орқали овозли қўнғироқларни амалга оширгани ёки файлларни юборганини ҳам билиб олиши мумкин.

«Цитадель»нинг бошқа бир компанияси — Protei эса тутиб олинган телефон қўнғироқларини матнга ўзгартира оладиган маҳсулотлар, шунингдек, «шубҳали хатти-ҳаракатлар»ни аниқлаш воситаларини таклиф этади.

Аввал бу каби маълумотни фақат дастур ишлаб чиқарувчиларидангина олиш мумкин эди. «Кўпчилик бундай маҳсулотларни назарий жиҳатдан мумкинлигини билган бўлса-да, ҳеч ким уларни россиялик пудратчилар томонидан ишлаб чиқарилаётганини билмас эди», деб ёзади NYT.

Signal, Telegram ва WhatsApp ишлаб чиқувчилари «бундай кузатувдан ҳимояланиш воситалари кам». «Шифрлаш маълум бир алмашинадиган хабарларни яшириши мумкин, аммо алмашинув ҳақидаги маълумотларни блоклай олмайди», деб таъкидлайди NYT. Илова вакиллари буни тасдиқлашди.

Signal фойдаланувчиларни манба ва манзилни яшириш учун бошқа сервер орқали трафик юборадиган хусусиятдан фойдаланишга ундади. Telegram эса трафикни аниқлаш ва кузатишни қийинлаштириш учун мессенжер томонидан яратилган функциялардан фойдаланишни маслаҳат берди.

Кузатув воситаларининг баъзилари Россиядан ташқарида тарқала бошлади. NYT томонидан кўриб чиқилган ҳужжатлар россиялик ишлаб чиқувчилар ўз технологияларини Шарқий Европа, Марказий Осиё, шунингдек, Африка, Яқин Шарқ ва Жанубий Америкада сотмоқчи эканлигини кўрсатмоқда. Protei технологиялари аллақачон Эронда ва Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида қўлланилмоқда.

Россиялик мутахассисларнинг фикри

Фуқароларнинг рақамли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича «Роскомсвобода» лойиҳаси, экспертларга таяниб, NYT материалида ҳеч қандай сенсация йўқлигини ҳамда маълумот олишнинг келтириб ўтилган усуллари «махсус хизматлар томонидан йиллар ва ҳатто ўнлаб йиллар давомида қўлланилади» деб таъкидлади.

«Оператор ҳақиқатан ҳам трафикнинг характерли белгиларига кўра маълум IP-манзиллар ўртасида қўнғироқ ёки матнли ёзишмалар бўлганини аниқлай олади, бироқ у мессенжерда шифрлаш функциясига эга бўлса, ичкарига қарай олмайди. Агар IP-манзиллар чет элда бўлса, маълумотларни олишни қийинлаштиради, шунинг учун бу ерда VPN`ни ёқиш сизни кузатишга қарор қилган одамни чалкаштириб юборишга ёрдам беради», — дейилади муносабатда.

«Роскомсвобода» раҳбари Артем Козлюк «Сибирь. Реалии»га берган изоҳида Россия ёки хорижий разведка хизматларининг Signal ва WhatsApp`ни, шунингдек Telegramё`даги махфий чатларни бузиши мумкинлигига шубҳа билдирди. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, онлайн кузатув маълумотлари разведка идораларига фойдаланувчилар ўртасида алоқа ўрнатишга ёрдам беради ва «одамнинг жуда яқин алоқаси борлигини, бу тасодифий суҳбат эмаслигини тушунишга» ёрдам беради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича «Тармоқ эркинликлари» («Сетевые свободы») лойиҳасининг фикрича, NYT суриштирувидаги «ҳеч нарса унчалик инқилобий эмас». Лойиҳа экспертларининг таъкидлашича, шифрланган хабарлар трафигини таҳлил қилишда «ҳатто ўнлаб мослик» ҳам «бу икки фойдаланувчининг алоқасини аниқ кўрсата олмайди, чунки ҳеч ким уларга мессенжерлардан турли мақсадларда синхрон фойдаланишни тақиқламайди».

«Ушбу ишланмаларнинг битта муҳим „камчилиги“ бор: VPN`дан фойдаланиш уларнинг самарадорлигини нолга туширади, чунки VPN туннели ичида маъмур иштирокисиз тутиб олувчилар томонидан бундай трафикни таҳлил қилиш мумкин эмас. 24/7 режимида ёқилган VPN 2023 йилда коммуникациялар хавфсизлиги стандарти ҳисобланади», — таъкидланади лойиҳада.

Киберхавфсизлик бўйича экспертларнинг «Агентстов» Россия интернет-нашрига маълум қилишича, Россия разведка хизматлари томонидан қўлланиладиган дастурий таъминот абонентлар Россияда бўлса ва VPN`дан фойдаланмаса? маълумотларни кузатишга ёрдам беради.