Ўзбекистонда хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқаришни таъминлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

1 май куни БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Экология вазирлиги билан ҳамкорликда ҳамда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида «Хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш бўйича техник кўмак» лойиҳасини амалга ошириш бўйича семинар бўлди.

пестицидлар, хавфли кимёвий моддалар, экология

«Ўзбекистонда илк бор хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқаришга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонда тегишли қонунчилик тамойилларини амалга ошириш, умуман олганда, келажакда хавфли кимёвий моддалардан тўғри фойдаланиш мақсад қилинган. Маълумки, Собиқ иттифоқ даврида юртимизда пахта етиштириш давомида жуда хавфли пестицидлар ишлатилган. 450 дан ортиқ кичик-кичик аэропортлар бўлган ва жуда катта миқдорда хавфли моддалар йиғилиб қолган. Бундан ташқари, айрим корхоналарда ҳам кимёвий моддалар мавжуд. Лойиҳада ана шу зарарли моддаларни сув ва тупроқ таркибидан ажратиб олиб, уларни қайта ишлаш технологияларини жорий қилишга катта эътибор қаратилмоқда», — деди экология вазири Азиз Абдуҳакимов.

«Ўзбекистон ҳукумати ва ФАО билан ҳамкорлигимиз эскирган чиқиндиларни тозалаш, чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш ва пестицидлар чиқиндиларини ишлаб чиқаришни қисқартириш орқали атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича жамоавий мажбурият намунасидир. Биз ҳамкорликда кимёвий чиқиндиларни бошқаришдан ҳам кўпроқ ишларни амалга оширамиз. Зараркунандаларга қарши комплекс кураш, саломатлик ва экологик хавфлардан хабардорлик соғлом, экологик тоза ва иқтисодий жиҳатдан фойдали қишлоқ хўжалиги сектори кафолатидир», — деди Вим Риепма.

пестицидлар, хавфли кимёвий моддалар, экология

Кейинги йилларда Ўзбекистонда эскирган ёки тақиқланган пестицидлар захиралари ва заҳарли кимёвий моддалар сақланадиган идишлар кўмилган 8 та объектда консервация ишлари олиб борилган, яна 2 та объектда консервация ишлари бошланди ва битта объектда реконструкция ишлари олиб борилди.

«Қиймати 4 млн еврога тенг бўлган қўшма лойиҳани амалга ошириш зарарли кимёвий моддалар ва улар билан боғлиқ чиқиндиларни бошқариш механизмлари ва воситаларининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида хавфли пестицидлардан фойдаланишни қисқартириш, жумладан, пестицидларни алмаштириш ва улардан фойдаланишни қисқартиришни назарда тутувчи муқобил усулларни жорий этиш ва илгари суриш имконини беради», — дейилади хабарда.