Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 30 июнь куни газланган ва газсиз сув ҳамда ичимликларни мажбурий маркировкалашни бошлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Дастлаб маркировкалаш 2022 йил октябрь ойида бошланиши режалаштирилганди, кейин 2023 йил 1 июлга қолдирилган, энди эса муддат 2024 йил 1 мартга сурилди.

Asl Belgisi тизимида маркировкалаш ва у бўйича назорат чоралари 2023−2024 йилларда босқичма-босқич жорий этилади. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида ўтган йилги пилот лойиҳа тажрибаси ҳисобга олинади.

Маркировкалаш талаби ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, ҳам импорт қилувчилар учун амал қилади:

  • биринчи гуруҳ учун (газланган ва газсиз сув, ичимликлар, шунингдек, ферментланмаган ширин мева ва сабзавот шарбатлари (узумдан ташқари)) — 2024 йил 1 мартдан;
  • иккинчи гуруҳ учун (металл идишлардаги сув ва ичимликлар) — 2024 йил 1 августдан (ўзгармаган).

Товарларни рақамли маркировкалаш жорий этилиши 2018 йилнинг декабрь ойида эълон қилинганди. 2019 йилда тизим оператори Алишер Усмоновнинг USM холдинги ва «Ростех»га тегишли CRPT Turon (илгари унга Россияда ҳам худди шундай функция ишониб топширилган) бўлиши маълум қилинган. Ҳозирда унинг таъсисчиси Digital Holding (100%) ҳисобланиб, бу корхона Давлат активларини бошқариш агентлиги (49%), Digital Invest (46,1%) ва Вадим Кимга (4,9%) тегишли.

2021 йилнинг ёзида сув ва ичимликлар ишлаб чиқарувчилари маркировкалаш бўйича пилот лойиҳа иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслигини айтиб, уни тўхтатишга чақиришганди. Маркировкалаш билан шуғулланаётган CRPT Turon компанияси эса уларнинг хавотирларини «миф» деб атаган.

2022 йил 15 апрелдан маиший техника воситаларини мажбурий маркировкалаш бошланди. Битта коднинг нархи 68 сўм (ҚҚСсиз) туради, деб хабар берган Spot.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Digital Invest`га қарши санкциялар киритганди. Шу билан бирга, АҚШ Ғазначилиги истисно қилиб, агар операциялар Тожикистон ёки Ўзбекистонда телекоммуникация хизматларини кўрсатишга қаратилган бўлса, «МегаФон» ёки Digital Invest фойдасига ҳар қандай битимлар, жумладан, Америка товарлари ва технологияларини сотиш учун муддатсиз лицензия берган.