2 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг «Маиший техника маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори тасдиқланди, деб хабар берди Norma.uz.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда «Asl belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими ишга туширилди. Тизим оператори Россияда товарларни маркировкалаш тизимининг ягона оператори бўлган Россия илғор технологияларни ривожлантириш маркази (ЦРПТ) томонидан яратилган CRPT Turon бўлди, унинг акциядори Алишер Усмоновнинг USM Holding компанияси ҳисобланади.

Мажбурий маркировкаланиши керак бўлган товарлар рўйхатига тамаки маҳсулотлари, алкоголь, пиво, сув ва ичимликлар, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, шунингдек, маиший техника киради.

Ҳужжат билан мажбурий рақамли маркировкалашни бошлаш муддатлари ва маҳсулотлар турлари гуруҳлар бўйича қуйидагича белгиланди:

  • биринчи гуруҳ — чангютгич, кир ювиш машинаси, совутгич ва музлатгич, телевизор ва монитор — 2022 йил 15 апрелдан бошлаб;
  • иккинчи гуруҳ — маиший газ плитаси, ошхона дудбурони, духовка ва печка, микротўлқинли печ, дазмол, сув иситкич — 2022 йил 1 августдан бошлаб;
  • учинчи гуруҳ — сув иситиш қозонлари, кондиционер, ўрнатилган электр моторли маиший техника (сок чиқазгич, блендер, миксер, кофе янчгич, гўшт майдалагич), барча турдаги лампалар — 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • мажбурий рақамли маркировкаланадиган маиший техника маҳсулотларининг идентификация кодлари рўйхати;
  • ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан маиший техника маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш графиги;
  • импорт қилувчи ташкилотлар томонидан маиший техника маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш графиги;
  • улгуржи ва чакана савдо ташкилотларининг маиший техника маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига босқичма-босқич ўтиши графиги;
  • Маиший техника маҳсулотларини идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш хусусиятлари тўғрисидаги низом.

Маиший техника маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкалаш учун маркировка кодлари мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларга ва импорт қилувчиларга тегишли буюртма асосида оператор томонидан тақдим этилади.

Маркировкалаш — бу маҳсулотда махсус шифрланган белги қўйиш бўлиб, у ишлаб чиқарувчи, маҳсулот серия рақами каби маълумотларни ўз ичига олади.