Ўзбекистон элчиси Жаҳонгир Ғаниев Испаниянинг Patentes Talgo компанияси президенти Карлос Паласио Ориол билан учрашди, дея хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Учрашувда Испания томони Ўзбекистон билан темир йўл транспорти соҳасида ҳамкорликни давом эттириш ҳамда мавжуд олтита Talgo-250 поездига қўшимча равишда янги тезюрар поездларни етказиб беришдан ўта манфаатдор эканини маълум қилди.

Карлос Паласи Ориолнинг таъкидлашича, Дания ва Германия учун 64 та поезд ишлаб чиқариш бўйича катта буюртма бўйича ишлар олиб борилаётгани сабабли иш юки юқори бўлишига қарамай, Patentes Talgo «Ўзбекистон темир йўллари» учун тўртта Afrosiyob электропоездини Ўзбекистон томонидан режалаштирилган муддатларда ишлаб чиқариш ва етказиб беришни таъминлашга тайёр.

Буюртмани молиялаштириш учун Испания ҳукумати ҳузуридаги Испания компанияларини халқаролаштириш жамғармаси (FIEM)дан узоқ муддатли имтиёзли кредитларни жалб қилиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил октябрь ойида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти саккизта янги йўналишни ишга туширишни режалаштираётгани, шу муносабат билан ташкилот 34 та замонавий электропоезд сотиб олиш бўйича халқаро тендер эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ўшанда компания Stadler, Skoda, Talgo, Hyundai, CAF, Siemens, Alstom, Hitachi, Pesa ва CRRC-Dalian каби дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳаракат таркибларини янгилаш бўйича музокаралар олиб борган эди.