Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев 20 июнь куни ОАВ вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Газета.uz» мухбирининг Толибон Амударёдан сув олиш учун қураётган Қўштепа канали ҳақидаги саволига жавоб берди.

Вазирнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 22 март куни Ўзбекистон ҳукумати делегацияси махсус самолётда Афғонистонга борган. Кобулда мамлакат делегацияси бир қатор масалаларда музокаралар ўтказган. Хусусан, Қўштепа канали қурилиши лойиҳаси ҳам муҳокама қилинган.

«Биз уларга: „шу канални қураяпсизлар, биз пастда сувга қийналяпмиз, сизларга ўзимизнинг ташвишимизни билдиргани келдик“, — деб, албатта, айтдик. Улар: „Ташвишларингизни тушунамиз. Лекин бизни ўз вақтида инглизлар, СССР, кейин Америка босиб олган. Ҳамма бизга талон-торожлик орқали душманлик қилган. Ҳозир ҳам кўп давлатлар бизни тан олмайди, қийналяпмиз. Жуда катта маблағларимиз, ҳисобрақамларимиз музлатилган. Аммо халқимиз оч, биз ейишимиз керак, нимадир экишимиз лозим. Бунинг учун сув керак ва ҳоказо“, — деб тушунтиришга ҳаракат қилишди», — деди Шавкат Хамраев.

Унинг сўзларига кўра, музокаралар давомида мамлакат делегацияси «Толибон» ҳаракати вакилларига канал қурилишидан ташвишда эканлигини билдирган.

«[Лойиҳада] кўп хато ва камчиликлар бор. „Бизда ақлли лойиҳачилар, лойиҳа институтлари бор, биргаликда қилайлик“, дедик. Канал лойиҳаси бўйича 6 та вариант қилинган. Ҳаммасини чуқур ўрганганман… Бир-биримизни дўстона халқлар, деб ҳисоблашимиз керак. Биз шундай ният қилдик: бу [канал] икки халқни уриштирадиган эмас, бирлаштирадиган дўстлик канали бўлиб қолади. Улар ниятимизга қўшилди. Биз ҳам ёрдам берамиз. Улар билан шундай келишганмизки, ишчи гуруҳ тузамиз», — деди вазир.

сув хўжалиги вазирлиги, толибон, шавкат хамраев, қўштепа канали

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

Шавкат Хамраевнинг қайд этишича, Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг яқин бир ҳафта ичида яна Афғонистонга ташриф буюриши кутилмоқда.

«Бу иккинчи ташрифимиз бўлади. Бу сафар тўғридан-тўғри мулоқот қилиб, каналга ва қурилиш жойларига борамиз, лойиҳачиларимиз билан бирга ишлаймиз. Кейин бизнинг қаерда ва қандай ёрдам беришимиз аниқ бўлади. Улар сув олиши керак, барибир олади. Ёпасан, қилмайсан, деган гап йўқ бу ерда. Тарихан ва ҳозирги кунда ҳам сувнинг шаклланишига қараб, маълум бир миқдорда сув олиш ҳуқуқи бор. Шу ҳуқуқнинг чегарасини ҳам, бошқасини ҳам келишиб, ишчи гуруҳи иш олиб боради. Ҳозир жуда катта иш олиб бориляпти, бу ҳурматли президентимизни ҳам энг безовата қилган масалалардан бири. Бу ҳақда бир неча марта ўз маърузаларида ҳам айтган», — деди у.

Сув хўжалиги вазири журналистларнинг «БМТнинг трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланиш бўйича конвенцияси бор. Ўзбекистон буни ратификация қилган. „Толибон“ дунё тан олмаган халқаро сиёсатнинг бир субьекти бўлмаган битта тузилма ҳисобланади. Амударё сувидан фойдаланиш масаласи қонунчиликда қандай ҳал бўлади?», — деган саволига қуйидагича жавоб берди:

«Конвенция бу масалани бошқара олмайди. Конвенцияда зиён етказмаслик, зиён етказса, жавобгар бўлиш ва бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзлаб бошқариш ҳақида умумий гаплар қайд этилган. Эртага Афғонистон БМТ томонидан тан олинган давлат бўлганда ҳам бу конвенция билан Қўштепа канали бошқарилмайди. Бу борада, барибир, икки томонлама муносабатлар бўлиши керак».

Шавкат Хамраевнинг сўзларига кўра, «Толибон» билан дўстона мулоқот қилинаётгани энг тўғри ва самарали йўлдир.