2022 йил 2 феврал куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги «Туркистон» метро бекати устидаги кўчанинг бир қисми фойдаланишга топширилганидан олти ой ўтиб чўккани ҳақида хабар берилганди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, салкам 1,5 йил ўтиб, яъни 2023 йил 26 июнь куни йўлда автомобиллар ҳаракатлана бошлаган. Йўлдаги чўкишлар бартараф этилган ва асфальтланган.

аҳмад дониш, йўл, йўл чўкиши

аҳмад дониш, йўл, йўл чўкиши

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 29 август куни Мустақиллик байрами арафасида Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида иккита янги — «Юнусобод» ва «Туркистон» бекатлари фойдаланишга топширилди. Уларнинг қурилиши 2016 йилда бошланган, йўналишни узайтириш 103,8 млн долларга тушган.

Янги бекатлар қурилиши билан бир вақтда Аҳмад Дониш кўчасининг Амир Темур кўчасидан Ҳалқа йўлигача бўлган 2,2 км қисми ҳам реконструкция қилинди. «Туркистон» бекати устидаги мазкур кўчанинг бир қисми ишга туширилганидан олти ой ўтиб, 2021 йилнинг март ойидаёқ чўка бошлаган.

Давлат харидлари портали маълумотларига кўра, лойиҳа буюртмачиси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси бўлган. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 мартдаги 162−7-сонли ёпиқ қарори билан Transyo`lqurilish-Jizzax компанияси пудратчи сифатида тендерсиз танланган.

Лойиҳа Allegro Develop Plast лойиҳа институти (кейинчалик номи Allegro Develop Project этиб ўзгартирилди) томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу муассаса велосипед йўлаклари, Фарғона йўли кўчаси, Сергели туманига олиб борувчи янги автойўл ва бошқа лойиҳаларни ҳам ишлаб чиққан.

Лойиҳа ҳужжатларига кўра, Allegro Develop Plast компанияси қурилиш майдончасининг муҳандислик-геологик тадқиқотлари натижалари бўйича (участка шароитини ўрганиш, жумладан, релъеф, тупроқнинг геологик тузилиши, гидрогеологик шароит, тупроқ шароити ва бошқалар) ҳам хулосаларини берган.

Буюртмачи ва Transyo`lqurilish-Jizzax ўртасидаги битим 2020 йил 22 апрелда имзоланган. Ишларнинг дастлабки қиймати 61,2 млрд сўмга баҳоланган, бироқ кейинроқ 2020 йил 24 декабрдаги қўшимча келишув билан бу кўрсаткич 81,18 млрд сўмга қадар оширилган.

Йўлда чўкишлар аниқлангандан сўнг Transyo`lqurilish-Jizzax «Газета.uz»га йўл 2021 йил март ойидаёқ чўкишни бошлаганини маълум қилди.

«Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ — таҳр.) бир йил давомида тўртта мустақил лаборатория билан текширувлар ўтказди. Айбдорлар аниқланди, [декабрдан] Транспорт прокуратураси тергов олиб бормоқда», — дея маълум қилганди компания.

Компаниядан қайд этилишича, йўлнинг асос қисми билан янги метро бекатлари қурилиши билан шуғулланувчи «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти қошидаги «Кўприкқурилиш» трести корхонаси шуғулланган. Хусусан, «Кўприкқурилиш» трестига қарашли 67-сонли кўприк қуриш отряди мансабдор шахслари ва объектни қабул қилган буюртмачига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дея маълум қилинганди Transyo`lqurilish-Jizzax томонидан.

Пудратчи тупроқ чўкиб кетганидан сўнг, таъмирлаш ишларини олиб боришга уриниб, 1 млрд сўмга яқин маблағ сарфлаган, бироқ буюртмачи томонидан хизмат ҳақини тўламагани учун ишни тўхтатган.

Жиноят иши

Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди. Унга кўра 2021 йилнинг 14 декабрь куни Тошкент метрополитени линияларини қуриш дирекцияси ва Тошкент шаҳар «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси» ДУК мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўшанда дирекцияси томонидан ўрнатилган тартибда қурилиш ишларини техник назорат қилиш жараёни талаб даражасида олиб борилмаган, йўл қурилиш ишлари бўйича буюртмачи томонидан белгиланган тартибда ўрганилмагани оқибатида Аҳмад Дониш кўчаси бўйлаб қайта таъмирланган автомобиль йўлларида чўкишлар юзага келгани маълум бўлганди.