Тошкентнинг Юнусобод туманидаги «Туркистон» метро бекати устидаги кўчанинг бир қисми фойдаланишга топширилганидан олти ой ўтиб чўкди ва ҳалигача вайрона ҳолатида қолмоқда. «Газета.uz» вазиятни ўрганишга ҳаракат қилди.

Чўкиш содир бўлган участка, 2022 йил 2 февраль.

Тантанали очилиш

2020 йилнинг 29 август куни Мустақиллик байрами арафасида Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида иккита янги — «Юнусобод» ва «Туркистон» бекатлари фойдаланишга топширилди. Уларнинг қурилиши 2016 йилда бошланган, йўналишни узайтириш 103,8 млн долларга тушган.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Янги бекатларнинг очилишида иштирок этган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев: «Бу йўлни қуриш осон бўлгани йўқ. Маблағ топиб, чет элдан мутахассислар олиб келиб, лойиҳани синчиклаб кўриб чиқдик. Икки йил давомида қурилиш бўлди. Энг муҳими, бу транспорт арзон, хавфсиз, қулай», — деган эди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, йўлнинг 850 метр қисми ерости сув кўп жойга тўғри келган. Шунинг учун илгари буни амалга ошириш имкони бўлмаган. Янги лойиҳада Германия технологияси қўлланилиб, сувли жойдан темир-бетон тюбинг қўйиш орқали ўтилган.

Кўчаларнинг тендерсиз реконструкция қилиниши

Кўчанинг асфальт чўкиши содир бўлган қисми. Тақдимотдан сўнг кўча реконструкция қилинган. Фото: Президент матбуот хизмати.

Янги бекатлар қурилиши билан бир вақтда Аҳмад Дониш кўчасининг Амир Темур кўчасидан Ҳалқа йўлигача бўлган 2,2 км қисми ҳам реконструкция қилинди. «Туркистон» бекати устидаги мазкур кўчанинг бир қисми ишга туширилганидан олти ой ўтиб, 2021 йилнинг март ойидаёқ чўка бошлаган.

Давлат харидлари портали маълумотларига кўра, лойиҳа буюртмачиси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси бўлган. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 мартдаги 162−7-сонли ёпиқ қарори билан Transyo`lqurilish-Jizzax компанияси пудратчи сифатида тендерсиз танланган.

Лойиҳа Allegro Develop Plast лойиҳа институти (кейинчалик номи Allegro Develop Project этиб ўзгартирилди) томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу муассаса велосипед йўлаклари, Фарғона йўли кўчаси, Сергели туманига олиб борувчи янги автойўл ва бошқа лойиҳаларни ҳам ишлаб чиққан.

Лойиҳа ҳужжатларига кўра, Allegro Develop Plast компанияси қурилиш майдончасининг муҳандислик-геологик тадқиқотлари натижалари бўйича (участка шароитини ўрганиш, жумладан, релъеф, тупроқнинг геологик тузилиши, гидрогеологик шароит, тупроқ шароити ва бошқалар) ҳам хулосаларини берган.

Буюртмачи ва Transyo`lqurilish-Jizzax ўртасидаги битим 2020 йил 22 апрелда имзоланган. Ишларнинг дастлабки қиймати 61,2 млрд сўмга баҳоланган, бироқ кейинроқ 2020 йил 24 декабрдаги қўшимча келишув билан бу кўрсаткич 81,18 млрд сўмга қадар оширилган.

Лойиҳани амалга ошириш Тошкентнинг маҳаллий бюджети ҳисобидан молиялаштирилган.

Transyo`lqurilish-Jizzax ва Allegro Develop Plast компаниялари ҳақида

Transyo`lqurilish-Jizzax компанияси 2018 йил 31 май куни Тошкентда рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури — йўл ва шосселар қуриш. Таъсисчи сифатида Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги Transyo`lqurilish ДУК, раҳбар сифатида эса Рабимқул Исломов кўрсатилган.

Allegro Develop Plast (Allegro Develop Project) 2015 йил 20 январь куни Тошкентда рўйхатга олинган. Йўл қурилиши лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Таъсисчи сифатида Жўрахўжаев Жасурхўжа Баҳодирхўжа ўғли кўрсатилган.

Лойиҳа институти Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг J-United Group компаниясига тегишли савдо белгисига эгалик қиладиган Durable Group (Durable Beton, Grand Road Tashkent, City Net IT Engineering, Сonstant Chemicals) холдинги таркибига киради.

Ўтган йилнинг август ойи охирларида Allegro Develop Plast Жаҳонгир Ортиқхўжаевни «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи» фахрий унвони билан тақдирланиши муносабати билан табриклаб, уни «ҳурматли устоз» деб атаган эди.

Кўчаларнинг чўкиши

Ўқувчилардан «Туркистон» метроси устидаги кўчада чўкишлар содир бўлгани ҳақида хабар олган «Газета.uz» ушбу жойга боришга қарор қилди. Таҳририят мухбири 2 февраль куни йўл қопламасининг бир қисми ҳақиқатдан ҳам чўкканини тасдиқлади.

Йўлнинг бузилган қисми атрофи метелл тўсиқлар билан ўраб қўйилган ва транспортларнинг бу ҳудуддан айланиб ўтишлари ташкил этилган.

Светофор ва тротуар остидаги тупроқнинг ҳам чўкиши, ҳосил бўлган ўра ичидаги қолдиқлар, деярли ўчиб кетган йўл чизиқларини ҳам кўриш мумкин.

Шу билан бир қаторда, светофорлар ишлашда давом этмоқда.

Участка яқинида лойиҳанинг эски паспортини кўриш мумкин.

Тўсиқлар туфайли пиёдалар йўлнинг ҳаракат қисмидан юришга мажбур.

Transyo`lqurilish-Jizzax «Газета.uz»га йўл 2021 йил март ойидаёқ чўкишни бошлаганини маълум қилди.

«Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ — таҳр.) бир йил давомида тўртта мустақил лаборатория билан текширувлар ўтказди. Айбдорлар аниқланди, [декабрдан] Транспорт прокуратураси тергов олиб бормоқда», — дея маълум қилинди компаниядан.

Пудратчи вакили компания фақатгина йўл қопламасини ётқизиш билан шуғулланганини маълум қилди.

«Йўлнинг остида асос бўлмаса, у бардош бера олмайди… Метро очиқ усулда қазилган, [янги бекатлар] ишга туширилгандан сўнг очиқ қисми тупроқ билан кўмилган, шиббалаш (трамбовка — тарж) ишлари қилинмаган. Ҳозир шиббаланмаган тупроқ аста-секинлик билан зичлашиб, пасаймоқда. Асос йўқ эди», — дея қайд этди Transyo`lqurilish-Jizzax вакили.

Компаниядан қайд этилишича, йўлнинг асос қисми билан янги метро бекатлари қурилиши билан шуғулланувчи «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти қошидаги «Кўприкқурилиш» трести корхонаси шуғулланган. Хусусан, «Кўприкқурилиш» трестига қарашли 67-сонли кўприк қуриш отряди мансабдор шахслари ва объектни қабул қилган буюртмачига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дея маълум қилинди Transyo`lqurilish-Jizzax томонидан.

Пудратчи тупроқ чўкиб кетганидан сўнг, таъмирлаш ишларини олиб боришга уриниб, 1 млрд сўмга яқин маблағ сарфлаган, бироқ буюртмачи томонидан хизмат ҳақини тўламагани учун ишни тўхтатган.

«Ким айбдор бўлса, таъмирлаш ишларини ўша ўз ҳисобидан амалга оширади. Агар шартнома тузиб, маош олсак, юқори қисмини қилишимиз мумкин, лекин асос қисмини метро қурганлар амалга ошириши керак», — деди Transyo`lqurilish-Jizzax вакили.

«Газета.uz» изоҳ олиш учун Тошкент ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг идораси билан боғланди, бироқ у ерда лойиҳа учун «Ягона буюртмачи хизмати» жавоб бериши айтилди.

Жиноят иши

«Газета.uz» жиноят иши юзасидан Бош прокуратура матбуот хизматига сўров юборди. Идорадан маълум қилинишича, 2021 йилнинг 14 декабрь куни Тошкент метрополитени линияларини қуриш дирекцияси ва Тошкент шаҳар «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси» ДУК мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмокда.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, дирекцияси томонидан ўрнатилган тартибда қурилиш ишларини техник назорат ишлари талаб даражасида олиб бормаган, йўл қурилиш ишлари бўйича буюртмачи томонидан белгиланган тартибда ўрганилмагани оқибатида Аҳмад Дониш кўчаси бўйлаб қайта таъмирланган автомобиль йўлларида чўкишлар юзага келган.

Қайд этиш жоизки, реконструкция қилинган Фарғона йўли кўчасида ҳам тупроқ чўкиши кузатилган, сўнгра кўчада таъмирлаш ишлари олиб борилган эди.