Тошкент шаҳридаги Фарғона йўли автомобиль трассаси шаҳар ва шаҳар атрофи транспортлари кесишадиган, стратегик аҳамиятга эга йўл ҳисобланади. Бироқ, яқин йилларгача бу йўлнинг ҳолати жуда аянчли аҳволда эди. Йўллар таъмирталаблиги туфайли автомобиль ҳайдовчиларига ҳам, пиёдаларга ҳам ноқулайлик туғдираётган эди.

2020 йилнинг январь ойларида Тошкентдаги Фарғона йўли, шу билан бирга Аҳмад Дониш ва Янги Сирғали кўчаларини реконструкция қилиш режалаштирилганди. Лойиҳа 2020 йилнинг охирига қадар амалга оширилиши кўзда тутилган эди.

Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, пойтахт Бош уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Раҳмонқулов Фарғона йўли кўчаси Кичик ҳалқа йўлидан Тошкент автомобиль ҳалқа йўлигача реконструкция қилинишини, шунингдек, Бектемир йўли кўчасининг ТАҲЙдан Ҳусайн Бойқаро кўчасигача бўлган қисми ҳам янгиланишини айтганди.

Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Мазкур реконструкция ишларини «Allegro Develop Project» лойиҳалаштирган. Пудратчи эса «Grand Road Tashkent«.

Ҳозирда йўл таъмирланган. Пиёдалар йўлакчаси бор. Йўл белгилари керакли жойларга ўрнатилган. Бироқ, иш якунига етмаган, ёки камчилиларга йўл қўйилган. «Газета.uz» ана шу камчиликларни ўрганиб, репортаж тайёрлади.

Велосипедчилар йўлининг якуни

Таъмирланаётган қисмининг умумий узунлиги 6,7 км бўлган Фарғона йўли кўчасидаги йўл четида пиёдалар ҳамда велосипедчилар учун йўлакчалар ажратилган.

Мазкур йўлакчаларнинг якуни ер сатҳидан баланд бўлган бордюр билан тугаганини кўриш мумкин. Бироқ, Туризм ва спорт вазирлиги Оммавий спорт ишлари бўлимининг «Газета.uz»га изоҳ беришича, қоидаларга кўра, велосипедчи ўз йўлини яна давом эттириши учун пиёдалар ҳамда велосипед йўлаги якунида қиялик бўлиши лозим.

«Grand Road Tashkent» компаниясининг қурилиш ишлари бўйича директор ўринбосари Илёс Гафуровдан мазкур ҳолатга изоҳ сўралганда, у ҳали қурилиш ишлари якунига етмаганини, тротуар ҳамда ўтиш йўлаги ўртасига яна бир қатлам асфальт ётқизилишини маълум қилди. Ваҳоланки, лойиҳада ҳам пиёдалар йўли ва велосипедчилар йўлакчасининг тугаши туташмалар билан бир сатҳда қурилиши кўзда тутилган.

«Агар яна бир қатлам асфальт ётқизилса, орадаги фарқ камаяди. Ҳозир қиш мавсуми, кунлар совуқ эканини ҳисобга олган ҳолда, бу ишлар кунлар иссиқ пайтида бажарилиши керак. Шу сабабли, ҳаво ҳарорати +8 C дан баланд бўлса, биз асфальт ётқизишни давом эттираверамиз», — дея фикр билдирди Илёс Гафуров. Унинг таъкидлашича, бу ишлар январь ойида якун топади.

Пиёдалар йўлакчасини эгаллаган машиналар

Фото: Илёс Гафуров


Пиёдалар йўлидан пиёдалардан ташқари машиналар ҳам ўрин олган. Унинг атрофидаги иш фаолияти йўлакка ҳам бевосита таъсир қилмоқда.

«Allegro Develop Project» компаниясининг ушбу ҳолат бўйича берган изоҳига кўра, лойиҳада пиёдалар йўли ва велосипедчилар йўлакчасида транспорт воситалари (енгил ва юк машиналари) туриши ёки ҳаракатланиши кўзда тутилмаган. Компания вакиллари расмдаги авотомобиллар томонидан йўл қоидаси бузилганини қайд этишди.

Фото: Илёс Гафуров

«Grand Road Tashkent» директор ўринбосари эса бунда маҳаллий фуқароларнинг ҳудудга нисбатан ижобий муносабатда бўлмаётганини, машина эгалари устунларни синдириб ташлаганини таъкидлади. Айрим устунларнинг йўл чеккасида ётганини кўриш мумкин.

Фото: Илёс Гафуров

Шунингдек, у ҳудуддан таъмирлаш вақтида олиб келинган гулларнинг ўғирлаб кетилиши, суғориш системасидаги буюмларнинг ҳам ўғирлаб кетилиши каби ҳолатлар кузатилаётганини маълум қилди.

Янги йўлнинг айрим қисмлари яна таъмирталаб бўлиб қолаётганига сабаб нима?

Пудратчи комания вакили Илёс Гафуров ҳудуд атрофида бўлаётган бошқа қурилишлар ҳам айрим носозликларга сабаб бўлаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, атрофдаги қурилиш объектлари ер остига ётқизилган электр узатиш тармоғига уланаётган вақтда йўлакларнинг маълум қисми кавланган ва очилган. Иш бажарилгач, улар қайта ёпилган, бироқ, иш аввалгидек бажарилмаган. Қониқарсиз ямалган.

Фото: Илёс Гафуров

Автомобиль йўлларини ажратиб турувчи ҳудудлар реконструкция қилинган, бироқ уларда яна носозлик юзага кела бошлаган. Бундан ташқари, пиёдалар йўлакчасида ҳам айнан шундай ҳолатларни учратиш мумкин.

«Газета.uz» «Grand Road Tashkent» вакиллари билан боғланганда, лойиҳа ҳали охиригача битмаганини, уни якунлаб топшириш жараёнига қадар йўл яна қайтадан кўздан кечирилишини маълум қилишди.

Бундан ташқари, мазкур ҳудуддаги йўлни таъмирлаш учун лойиҳага кўра, ернинг тупроқ қатлами 70 смгача олиб ташланиши, ўрнига шағал ётқизилиши кераклиги айтилган. Бироқ, айрим ҳудудларнинг тупроғи ўта балчиқланган бўлгани сабабли, уни ҳатто 1,5−2 метргача кавлашга вашағал билан алмаштиришга тўғри келгани маълум қилинган.

Йўл белгисига қараб юриш хавфли эмасми?

Йўл белгилари қурилиш тартибига қараб ўрнатилади ва унга амал қилиш кераклигини ифодалайди. Фарғона йўли кўчасида ҳам тротуарда пиёдалар йўли ва велосипедчилар йўлакчаси битта белгида алоҳида қилиб кўрсатилган. Буюрувчи белгилар қаторида 4.6.3 «Ажратилган пиёда ва велосипед ҳаракатланиш йўли» белгиси йўлнинг чап томонида велосипедчилар, ўнг томонида эса пиёдалар юришига буюради. 4.6.5 «Ажратилган пиёда ва велосипед ҳаракатланиш йўли» белгиси эса йўлнинг чап томонида пиёдалар, ўнг томонида эса велосипедчилар юриши кераклигини билдиради.

Фарғона йўли кўчасидаги пиёдалар йўлининг ярмига айнан 4.6.3 белгилари ўрнатилган. Бироқ, унга қарама-қарши йўлга ҳам айнан шу белги қўйиб чиқилган. Аслида эса, қоидага кўра, бу ерда 4.6.5 «Ажратилган пиёда ва велосипед ҳаракатланиш йўли» белгиси бўлиши керак. Агар ўрнатилган белгиларга қараб ҳаракат қилинса, пиёдалар йўлакчасидан юриб келаётган шахс зебра чизиғидан ўтиб йўлини велосипедчилар йўлакчасида давом эттиришига тўғри келади.


«Allegro Group Project» лойиҳа ташкилоти масъули Шоҳруҳ Жураев лойиҳага кўра айнан 160 та 4.6.5. белгиси ўрнатилганини, йўлнинг ярмига керак бўладиган 4.6.3. белгиси эса режага киритилмаганини тасдиқлади.

«Газета.uz» суриштирувидан сўнг, пудратчи компания вакиллари ушбу белгилар қоидага кўра ўзгартирилишини маълум қилишди.

Фото: Илёс Гафуров

Велосипедчи, эҳтиёт бўлинг, олдинда бекат!

Яқинда таъмирдан чиққан Фарғона йўли кўчасида бирор велосипедчи ўз йўлида велосипед ҳайдаб кетаётган бўлса, йўлининг ярмида тасодифан автобус бекатига дуч келиб, уни айланиб ўтиши ёки унга урилиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Чунки ушбу кўчада ўрнатилган автобус бекатларидан бири айнан пиёдалар ва велосипед йўлакчаси устига қуриб кетилган. Ҳозирча ундан маҳаллий аҳоли фойдаланмаяпти.


Ҳолат бўйича мутахассислардан изоҳ сўралганда, қурилиш лойиҳачилари: «Лойиҳада бекатлар ўрни аниқ белгиланган ва бутун Фарғона йўли бўйича 24 дона бекатлар қурилиши кўзда тутилган. Расмдаги бекат жойлашиши лойиҳада йўқ», дея жавоб беришди. Уларнинг тахмин қилишича, бу бекат вақтинчалик қўйиб турилган бўлиши мумкин.

Пудратчи компаниянинг қурилиш ишлари бўйича директор ўринбосари бекатлар ҳам аукционга қўйилишини, уни ютиб олган тадбиркор келиб ўрнатишини таъкидлаб, айнан бу бекат қачон ва ким томонидан қурилганини билмаслигини маълум қилди.

Ерусти пиёдалар ўтиш кўприги ҳақида

Фарғона йўли кўчасида реконструкция ишларидан сўнг, айланиб олиш жойлари яна биттага кўпайган (8 таэди). Чорраҳалар сони 8 та. Пудратчининг маълум қилишича, ҳудудга яна битта светофор ўрнатилади. У болалар қатнови кўп бўлганлиги туфайли 17-сонли болалар мусиқа васанъат мактаби ёнига жойлаштирилади.

Тошкентнинг кўплаб жойларида ерусти пиёдалар ўтиш йўлаклари ўз ноқулайлигини исботлаган бўлса хам, янгиланган Фарғона йўли кўчасида ерусти ўтиш йўлакларини қуришга қарор қилинган. Ҳозирда кўчада 2 та ерусти йўлаги бор. Улар ҳали тўлалигича фойдаланишга топширилмаган. Битта йўлакнинг юқори қисмида айрим йўналишлар тўсиб қўйилган.

Фото: Google map


«Allegro Develop Project» компанияси берган маълумотларга кўра, ерусти йўлак қурилиши ишлари йўл реконструкцияси лойиҳасига қўшилмаган. Уларнинг сони лойиҳачилар томонидан белгиланмаган. Буюртмачи томонидан лойиҳага ва қурилишга буюртма берилган. «Газета.uz» манбасига кўра, ерусти йўлаклар қурилиши Вазирлар маҳкамасининг бошқа тегишли қарори асосида амалга оширилган. Йўлакларнинг манзили ҳокимият томонидан белгиланган.

Пиёдалар ўтиш йўлаклари болалар коляскалари ва ногиронлар аравачасидан фойдаланувчилар чиқиши учун узун пандус билан жиҳозланган. Сунъий йўлдошдан олинган расмларда куриниб турганидек, ерусти йўлакларидан юриш керак бўлган масофа ерусти «зебра"ларга қараганда анча узун. Бундан ташқари, зина ва пандуслардан фойдаланиш йлни янада узайтиради.

«Бундан ҳам қулай вариант лифт ўрнатилиши эди, лекин, Тошкент шаҳридаги ерусти ва ер ости пиёдалар йўлагида биронта лифт ишламагани (ҳар хил сабабларга кўра) учун пандус варианти маъқул топилган», — деди лойиҳа ташкилоти масъули Шоҳруҳ Жураев.

2020 йилнинг январь ойидан реконструкция қилиниши режалаштирилган Фарғона йўлининг 6,7 километрлик қисми босқичма-босқич ёпилиб, сўнг таъмирдан чиқди. Бироқ, қурилиш ишлари ҳали тўлиқ якунига етмади. «Grand Road Tashkent» лойиҳалаш бўйича директор ўринбосари UzReport TV`га берган интервьюсида йўл 2020 йилнинг охиригача битишини айтган эди.

Ҳозир эса «Grand Road Tashkent» вакили «Газета.uz»га муддат 2022 йилнинг январь ойигача чўзилиши мумкинлигини, узунлиги жиҳатидан етакчилик қиладиган бу йўлни бутунлай битказиш осон эмаслиги, ташкилот ҳозир бунга бор кучини сарфлаётганини таъкидламоқда. Шаҳар ҳокимлиги вакиллари эса дедлайн билан боғлиқ йўлланган саволларга шартномада қурилиш 2021 йил 31 декабргача тугатилиши кўрсатилганини, бу муддат ҳали тугамаганлигини маълум қилишди.

Видео

Муштарий Оқбоева тайёрлади.