Facebook`даги Велоҳаваскорлар гуруҳи маъмури Юрий Храмов Тошкент-Чорвоқ трассасида ҳайдовчилар мунтазам равишда спортчиларни уриб юбориши ҳолатлари ҳақида ёзиб қолдирди. Унинг хабари 18 июнь куни эрталаб номаълум ҳайдовчи ушбу трассада велосипедчи Николай Сдержиковни уриб юбориб, ЙТҲ жойидан қочиб кетганидан кейин эълон қилинди.

«Газета.uz» Юрий Храмов билан боғланиб, май ойи охирида бу ерда велоспорт бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони Анна Кускова билан ҳам бахтсиз ҳодиса юз берганини аниқлади. Таҳририят спортчи билан суҳбатлашди.

«Бундан кейин қандай қилиб машғулот ўтказиш мумкин?»

Анна Кускова 27 май куни жамоадоши билан Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётганини эслади. Спортчилар ушбу кўчанинг «Тошкент-Чорвоқ» автомобиль йўли билан чорраҳасида жойлашган пиёдалар ўтиш жойида бурилишади.

«Автомобилларга бурилиш тақиқланган. Ҳамма биз ўтишимизга рухсат берди, лекин битта машина орқага бурилиб, менга қараб тўғри келди», — дейди спортчи.

Видеодан скриншот.Видеодан скриншот.

«Йиқилиб, мени босишни бошлаганида, дарҳол аввалги сафарни эсладим. Бу олдингисига жуда ўхшаш эди. Аввалига ваҳимага тушдим: „Бу қандай қилиб яна бир марта содир бўлиши мумкин?“ деб ўйладим ва кейин ўзимни қўлга олиб, ташқарига сурилдим, чунки бошим машина остида эди. Судралиб чиқдим, оёғим териси шилинганди. Ўша ерда ЙПХ ходими ҳам турарди, ҳаммасини кўрди. Лекин унчалик жабрланмагандим ва велосипед ҳам бутун эди», — дейди Анна Кускова.

Видеодан скриншот.Видеодан скриншот.

«Ўз ҳаётингиз учун қандай курашишингиз керак? Бундан кейин қандай қилиб машғулот ўтказиш мумкин?» спортчи воқеа содир бўлган куни Instagram-ҳикоясида ушбу саволларни ўртага ташлади (видео 24 соат давомида сақланиб турди).

Анна Кускова 2022 йил 10 сентябрда ҳам худди шундай аварияга учраган. Ўшанда спортчи жуда оғир жароҳатлар олганди.

«Бу оддий машғулот эди. Сижжак ҳудудида (Бўстонлиқ тумани — таҳр.) юқорида ишлаётгандик. Мураббий икки километр баландда турарди. Биз юқорига кўтарилишимиз, мураббийнинг ёнида қайрилишимиз, пастга тушишимиз, айланиб, яна кўтарилишимиз керак эди. Олдимда, орқамда ҳам одамлар бор эди. Ҳеч қандай қоидаларни бузмасдан ҳайдаб кетаётгандим ва бирдан орқамдан кучли зарбани ҳис қилдим. Бундан олд ғилдирагим кўтарилиб кетди ва велосипед ўнгга, мен эса чапга отилиб кетдим», — дейди Анна Кускова.

«Йиқилиб тушдим ва машинанинг олд ғилдираги устимдан ўта бошлаганини ҳис қилдим. Олд ғилдираги билан устимдан босиб ўтиб тўхтади. Жамоадошларим дарҳол мураббийни чақира бошлашди. Ҳайдовчи машинадан тушиб, мени тортиб олишга уринди. Мен тегмасликка ишора қила бошладим, чунки менга текканида нафас олишим жуда оғриқли эди. Қизлар ҳайдовчига менга тегмасликни айтишди», — дея эслайди спортчи.

Anna Кускова Глазгода бахтсиз ҳодисадан бир неча ҳафта олдин. Фото: Instagram.Anna Кускова Глазгода бахтсиз ҳодисадан бир неча ҳафта олдин. Фото: Instagram.

«Мураббий етиб келгач, дарҳол тез ёрдам чақирди, — дея давом эттиради Анна Кускова. — Бригада 10−15 дақиқада етиб келди».

«Ўша пайтда ичимдаги ҳамма аъзоларим қаттиқ оғриётганди. Тез ёрдам машинаси мени Ғазалкентдаги энг яқин шифохонага олиб борди. Дарҳол рентгенга туширишди ва мени операция хонасига олиб боришди. Буларнинг барчаси эрталаб соат 10 да содир бўлди ва мен операциядан кейин соат 23:00 да ўзимга келдим», — дейди спортчи.

Унга ошқозон ости бези ёрилиши, қорин бўшлиғи аъзолари ва юмшоқ тўқималарининг эзилиши, ички қон кетиши ташхиси қўйилган. У икки литр қон йўқотди. Спортчи икки ой касалхонада ётди ва бир неча ой давомида стома билан юрди.

«Биринчи икки кун жуда қийин бўлди. Кейин мени Тошкентга ўтказишди. Реанимацияда бўлган дастлабки тўрт кун давомида умуман ухламадим, бунинг иложи йўқ эди: барча аъзоларим тинимсиз оғрирди, ҳар тўрт соатда оғриқ қолдирувчи воситалар қилинарди», — дейди Анна Кускова.

Унинг сўзларига кўра, у беш кун касалхонада бўлганидан кейингина қариндошларини кўришга муваффақ бўлган, дастлабки 10 кун давомида у еб-ича олмаган. Қиз бир ой давомида оғриқ қолдирувчи дори ичиб юрган.

Анна Кускова. Фото: Instagram.Анна Кускова. Фото: Instagram.

Анна Кускованинг сўзларига кўра, жиноий суд ҳайдовчига велосипед давлатга тегишли бўлгани сабабли унинг нархини қоплашни талаб қилган. «Менга эса ҳеч нарса тўламади. Тўғри, дори-дармонлар учун 15 млн тўлади, биз эса 45 млн дан кўпроқ пул сарфладик», — дейди спортчи.

Профессионал велосипедчилар халқаро спорт клуби директори Фаррух Худойқуловнинг айтишича, воқеа гувоҳлари ва Аннанинг жамоадошларининг сўзларига кўра, автоҳалокат вақтида ҳайдовчи телефонга чалғиган. «Велосипед нархини (12 минг евродан ортиқ) қопламади. Спортчининг даволаниши учун Велоспорт федерацияси ҳомийлар ҳисобидан маблағ ажратди», — дейди Фаррух Худойқулов.

«У ҳозир сафда. Аммо бахтсиз ҳодисадан олдин у Европадаги кўплаб мусобақаларда ўзини яхши кўрсатганди, Европа велоспорт клублари билан шартнома имзолаш учун иккита таклиф олганди. У ва Янина (Аннанинг синглиси, Осиё чемпиони — таҳр.) оилавий иқтидорга эга», — деди Фаррух Худойқулов.

Велосипедчилар билан содир бўлган бахтсиз ҳодисалар сабаблари

Фаррух Худойқуловнинг айтишича, 2022 йилда профессионал спортчилар трассада машғулот ўтказаётган Қорақамиш ҳудудида ҳайдовчи тезлик чегараси ва белгиларга қарамай, бошқа спортчи билан тўқнашиб кетган, 2021 йилда эса Тошкент-Чорвоқ йўлида ҳайдовчи уриб юборган велоспорт фахрийларидан бири ҳодиса жойида вафот этган.

«Велосипедчилар иштирокидаги ЙТҲлар бўйича статистик маълумотларим йўқ, бироқ велоспортни ривожлантириш бўйича ишчи комиссия йиғилиши бўлиб ўтганида, ИИВ вакиллари рақамларни айтишганди. Улар мени жуда хавотирга солди, — дейди Фаррух Худойқулов. — Вазир ўринбосари мураббийимиз Людмила Василевнага спортчилар хавфсизлигини таъминлашда ҳар томонлама ёрдам беришга ваъда берди. Эҳтимол, белгилар ўрнатишни назарда тутгандир».

Иллюстратив фото: Ўзбекистон Велоспорт федерацияси.Иллюстратив фото: Ўзбекистон Велоспорт федерацияси.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда спортчиларни тайёрлаш учун шароитлар мавжуд, бунинг учун Тошкент-Чирчиқ йўли жуда мос келади. «Спортчилар йўлда ўзини қандай тутишни яхши билишади, чунки уларга мунтазам равишда кўрсатмалар берилади», — дейди Фаррух Худойқулов.

«Аммо қонунларга амал қилиш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти оқсоқ. Қонунларимиз мукаммал, деб ҳисоблайман. Ҳа, камчиликлар йўқ эмас. Бироқ фуқаролар баъзилар жаримага тортилиб, бошқалар тортилмайдиган, баъзи қонунбузарликлар кўриниб, бошқалари эса кўзга ташланмайди деган фикрда бўлмасликлари, балки жазо муқаррар эканини англашлари керак», — деди у.

Фаррух Худойқулов Тошкент-Чорвоқ автомагистралида йўл четини жисмонан ажратиш вариантини абсурд деб атади.

«Қачонгача биз йўлларни хавфсиз қилиш учун девор ва тўсиқлар билан ўраб оламиз? Чет элда спортчиларга пуллик автотрассаларда ҳайдашлари мумкин эмас. Лекин Тошкент-Чорвоқ бундай автомагистраль эмас-ку. Қонунга кўра, йўл четида узлуксиз чизиқ мавжуд бўлиб, унинг ўнг томонида фақат пиёдалар, велосипедчилар ва от-уловли транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин. Амалдаги қоидалар ишлаши учун янги қарорлар қабул қилишнинг ҳожати йўқ. Улар бундай ишламайди. Шунчаки, риоя қилиниши керак», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, аҳолининг ўзи велосипедчиларни менсимайди. Бу, айниқса, 10−14 май кунлари Тошкент вилоятидаги йўл участкалари тўсиб қўйилган «Oqtosh-Chorvoq Mountain» шоссе велоспорт халқаро мусобақаларида яққол кўзга ташланди.

Иллюстратив фото: Ўзбекистон велоспорт федерацияси.Иллюстратив фото: Ўзбекистон велоспорт федерацияси.

«Биз бутун дунё бўйлаб улар қилган ишни қилдик: йўл қисман ёпилди. ЙПХ ходимлари бизга катта ёрдам беришди, уларга ҳеч қандай шикоятимиз йўқ, фақат раҳмат айтамиз. Дунёнинг турли бурчакларидан 60 нафар спортчи келди. Лекин одамлар, блоггерлар жуда салбий гапиришди! Бизда халқаро мусобақа ўтказилаётганидан жиғибийрон бўлишди. Салбий фикрлар кўп бўлди. Йўл ёпиқ бўлишига қарамай, бир неча қимматбаҳо хориж автомашиналари ҳайдовчилари ЙПХ ходимларининг кўрсатмаларига амал қилмай, мусобақа ўтказилаётган йўлга чиқиб кетишди», — дейди Фаррух Худойқулов.

Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳаракатлар натижасида мазкур мусобақаларда комиссари иштирок этаётган Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) мезбон томон спортчилар хавфсизлигини таъминлай олмагани, фуқаролик автомобиллари тадбир учун ёпилган трассага чиқиб кетганини маълум қилган.

«UCI бизни огоҳлантирди, агар биз келаси сентябрь ойида 50 мамлакатдан спортчиларни жалб қиладиган мусобақалар ўтказмоқчи бўлсак, бу муаммони ҳал қилишимиз керак», — деди у.

«Фуқаролик жавобгарлиги бўлиши керак. Ўзимизни озгина босиб туришимиз керак. Ахир бу давлат обрўси, — дейди Фаррух Худойқулов. — Чет элга борганимизда, аҳолининг ўзи бизни устувор йўл фойдаланувчилари сифатида қабул қилади. Тор автомобиль йўлида ҳатто жамоат транспорти ҳам велосипедчиларни ўтказиш учун тўхтайди. Спортчиларга эса юқори мартабали амалдорлардек, жуда ҳурматли муносабатда бўлишади».

Фаррух Худойқулов ўтган йил давомида ўзбекистонлик велоспортчилар халқаро спорт майдонларида катта муваффақиятларга эришганини таъкидлади. Спортчиларимизга ҳомийлик қилиш истагида бўлган жаҳонга машҳур брендларнинг ўнлаб таклифлари шундан далолат беради.

«Шунчаки ушбу брендларнинг номлари спортчиларимиз либосларида туриши учун. Велосипедчиларга ҳомийлик қилиш бутун дунёда ривожланган, чунки улар ўзлари юрадиган давлатлар ва шаҳарларда ушбу брендларни кўз-кўз қилишади. Мамлакатимизда ҳукумат томонидан ҳомийлар учун белгиланган имтиёзлар бўлишига қарамай, тадбиркорлар томонидан велосипедчиларни қўллаб-қувватлаш умуман ривожланмаган. Бизни фақат ОКМК қўллаб-қувватлаяпти», — деди Фаррух Худойқулов.

2021 йилнинг ноябрь ойида «Газета.uz» мухбири Сабина Бакаева ҳам ҳайдовчи ва йўловчининг айби билан ЙТҲга учраганди. Мухбир Тошкентнинг Бешағоч кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб, Ислом Каримов кўчаси билан кесишган чорраҳага яқинлашиб келаётган эди. Шу пайт автомобилнинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчи орқа кўзгуга қарамай эшикни очиб юборади. Журналист рулни кескин ўнгга буришга мажбур бўлади ва баланд бордюрга бориб урилади. Йиқилиш натижасида қўлини қаттиқ жароҳатлайди. Йўловчи узр сўраб, эшикни ёпади. Улар велосипедчи қизга ҳеч қандай ёрдам кўрсатмасдан кетиб қолишади. Чорраҳада бир нечта машина тўхтаб қолганига қарамасдан, жароҳатланган қизга ҳеч ким ёрдам бермайди.

Аввалроқ «Газета.uz» велосипедчи Андрей Баришев Тошкентда президент кортежи ўтишидан олдинроқ фуқаролик кийимидаги шахс томонидан калтаклангани ва ҳақоратлангани ҳақида ҳам ёзган эди.