Тошкентлик велосипедчи Андрей Баришевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, 16 июнь, жума куни кечқурун Ўзбекистон президенти кортежи Мустақиллик шоҳ кўчасидан ўтишидан бироз олдин уни фуқаролик кийимидаги, катта эҳтимол билан давлат раҳбари хавфсизлиги ходими бўлган шахс калтаклаган.

Воқеа соат 20:00 атрофида содир бўлган. Йигитнинг сўзларига кўра, у Паркент бозори томон кетиш учун «Дархон кафеси» автобус бекати яқинидаги пиёдалар ўтиш жойидаги йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган.

Аввалига Андрей Баришев қатнов қисмининг ўртасида машиналар ўтишини кутиб турган. Бу вақтда ДАН ходими светофорнинг ишораси алмашишига қарамай автомобилларга ҳаракатни давом эттиришига рухсат бераётганди.

«Автомобиллар оқими туфайли йўлни узоқ вақт кесиб ўта олмадим. Йўл назоратчиси йўл инспектори бўлсада, менга умуман эътибор қаратмади. Кейин мен тирбандлик бўйлаб ҳаракатланишни бошладим. Тўсатдан миллий гвардия ходими югуриб чиқди. Мен уни кўрдим ва унга: „Мен [кўприкдан кейин] ўнгга буриламан“ дея бақирдим», — деди Андрей Баришев.

Велосипедчининг сўзларига кўра, у ҳаракатда давом этаётган вақтда Миллий гвардия ходими огоҳлантиришсиз унинг қўлидан ушлаб олган.

велосипедчи, президент кортежи

Ҳаракатланаётган велосипедчининг қўлидан ушлаб олган Миллий гвардия ходими.

«Мен унинг қўлини итариб юбордим, чунки йиқилиб тушишим мумкин эди. Мен кескин тормозни босдим ва [педаллардан оёқларимни] „ечишга“ улгурдим (велосипедчи педалларга маҳкамланган оёқ кийимда бўлган — таҳр.), мен унга: „Нега қўлимдан ушлаб қолдинг?“ дедим. Фуқаролик кийимидаги бир киши югуриб келди. Эҳтимол у хавфсизлик хизмати ёки президент қўриқчиси эди», — дейди Андрей Баришев.

велосипедчи, президент кортежи

Баришев велосипеддан «ажралишга» уринган вақтида жароҳатланган.

«У мени велосипеддан тушириб, пиёдалар йўлагига олиб чиқди ва ўша ерда менга тарсаки тушира бошлади, соқолимни тортиб, ҳеч ким эмаслигимни айтиб бақирди, шаъним ва қадр-қимматимни камситди, ҳақорат қила бошлади. Бекатдагилар буни индамай томоша қилишди», — дейди велосипедчи.

«Кейин у „Сенга нима керак“, деб сўради. Мен уйга боришим кераклигини айтдим. У кетди ва мен чуқур нафас олдим, бир нечта сурат олдим ва пиёдалар йўлакчаси бўйлаб, кейин айланма йўл бўйлаб, квартал орқали юрдим», — деб давом этди Андрей Баришев.

велосипедчи, президент кортежи

Воқеа содир бўлган бекат.

У жим турмаслигини айтди ва жамоатчиликдан уни қўллаб-қувватлашни сўради.

«Тўғрисини айтсам, хавфсизлик хизмати қилган ишдан ҳайратдаман. Нега улар биринчи одамдан ташқари ҳамма одамларга шунчаки калтакланиши мумкин бўлган ҳуқуқсиз ҳайвонлардек муносабатда бўлишади? Мен бундай ҳолатлар давом этишини истамайман, шунинг учун мен ушбу воқеани ошкора қиламан ва ҳар бирингиздан буни тарқатишда ёрдам сўрайман», — деб ёзди Андрей Баришев ижтимоий тармоқларда.

Шуни таъкидлаш керакки, одатда Миллий гвардия ходимлари кортеж ўтишидан олдин велосипедчиларни, ҳатто улар транспорт воситалари билан бирга кетаётган бўлса ҳам, йўлдан ҳайдаб чиқаришади, пиёдалардан эса бекатлар ёки дарахтлар орқасига яширинишни сўрашади.

Икки йил аввал Миллий гвардия ходимларидан бири велосипедда кетаётган «Газета.уз» мухбирини машиналар ҳаракати давом этаётган бўлса ҳам Ҳамид Олимжон метро бекати олдидаги (Абдулла Қодирий кўчасининг тепасидан ўтган) кўприкка ўтказиб юбормаган эди.

Миллий гвардия расмийсининг айтишича, президент хавфсизлик хизмати учун велосипедчилар ҳам пиёдалар ҳисобланади. Қайд этиш керакки, Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, велосипед транспорт воситасидир.

2013 йилда «Газета.uz» тошкентлик велосипедчиларга қарши рейд ўтказилгани ҳақида ёзган эди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари уларга йўл бўлагида чиқишни тақиқлаб қўйган, велосипедларни олиб кетган. Бундан профессионал спортчилар ҳам жабр кўрганди, улар милиция ходимларининг кўзига тушмаслик учун аҳоли пунктлари орқали машғулотларга боришга мажбур бўлган.