Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида дарахтларни кесган ва уларни шикастлаган ферма раисининг озодлиги чекланди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

2022 йилнинг декабрь ойида тумандаги «Расулбек» фермер хўжалигида олиб борилган ўрганишда 83 туп ҳар хил катталикдаги терак, жийда ҳамда туронғил дарахтлари қўпорилгани, шу билан бирга, 3 туп дарахт шикаслангани аниқланганди.

Суд ҳукмига кўра, фермер хўжалиги раҳбари B.A.га нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) 3-қисмига асосан 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шунингдек, судланувчи томонидан 193,8 миллион сўм миқдоридаги ўсимлик дунёсига етказилган зарар қопланиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 31 майдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, экология ва атроф-муҳитга зарар етказиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилди.

Хусусан, давлат ўрмон фондига киритилмаган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига қўйиладиган мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарима миқдори 5 бараварга оширилиши, ноқонуний кесилган дарахт ўрнига унинг компенсациявий дарахт кўчатларини айнан дарахт кесилган жойга экиш мажбурияти белгиланди.

Бундан ташқари, юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 300 бараваригача бўлган миқдорда молиявий жарималар қўлланади.