Экология ва атроф-муҳитга зарар етказиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилади. Бу президентнинг 31 майдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланди.

Қайта номланган Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига 1 сентябрга қадар Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш топширилди.

Худди шу санага қадар давлат ўрмон фондига киритилмаган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига қўйиладиган мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарима миқдори 5 бараварга оширилади.

Шу билан бирга, ноқонуний кесилган дарахт ўрнига унинг компенсациявий дарахт кўчатларини айнан дарахт кесилган жойга экиш мажбурияти белгиланди. Бундан ташқари, юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 300 бараваригача бўлган миқдорда молиявий жарималар қўлланади.

Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ҳайвонларнинг ноқонуний овланиши оқибатида ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга ҳамда ўсимликларнинг ўсишдан тўхташ даражасигача шикастлантириш ёки йўқ қилиш билан уларга етказилган зарарнинг ундирилиши суммалари 5 бараварга оширилади.

Саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва реализация қилиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш, шунингдек, қаттиқ маиший ва қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаш ҳамда суюқ маиший чиқиндиларни тўкканлик учун маъмурий жарималар миқдори 10 баробарга оширган ҳолда қўлланади.

Шу билан бирга, юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 100 дан 300 бараваригача бўлган миқдорда молиявий жарималар жорий этилади.

Сувларни ифлослантириш ёки булғатиш, сув тўплагич иншоотларида сувни муҳофаза қилиш режимини бузиш, шунингдек, сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйилиши шартлари тўғрисидаги талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори 5 бараварга оширилади.

Ўрмон фонди ерларини ноқонуний бериш ва улардан фойдаланиш бўйича алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилайди.

Бундан ташқари, фонд ерларида бино-иншоотлар ва иншоотларни қуриш бўйича алоҳида жиноят таркибини киритади ҳамда унинг санкцияларини суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун белгиланган санкцияларга тенглаштиради.

Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун маъмурий жарима миқдори 10 баробарга оширилади. Ушбу ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар ҳайвонларни боқиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Ўзбекистон ҳудудида атроф табиий муҳит ифлослантиргани ҳамда чиқиндилар жойлаштирилгани учун компенсация тўловлари белгиланади ва қўллаш тартибини қонун даражасида тартибга солинади ҳамда берилган имтиёзлар бекор қилинади.

Барча ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш квоталарини ўрнатиш масаласи қонун даражасида тартибга солинади.