11 июнь соат 05:30 да Қорақалпоғистондаги Қуйи Амударё биосфера резервати инспекторлари томонидан халқаро ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Бухоро буғусини ноқонуний овлаган браконьер қўлга олинди, дея хабар бермоқда Экология вазирлиги матбуот хизмати.

Қуйи Амударё давлат биосфера резервати инспекторларига резерватнинг Жумуртов бўлими ўтиш зонаси фермер хўжалиги ҳудудида ўқ овози эшитилгани тўғрисида хабар келиб тушган. Инспекторлар воқеа жойига етиб боришганида, оқ рангли Matiz автомашинаси чиқиб кетгани аниқланган.

Улар машина изидан қувиб, Гурлан тумани «Деҳқонобод» маҳалласигача бориб, уни қўлга олишган. Ҳуқуқбузарнинг машинасида қоплар борлиги, уларга эса бир дона Бухоро буғусининг бўлакланган жасади солингани маълум бўлган.

Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси терговчиси томонидан процессуал тартибда икки дона ов милтиғи, бир дона Бухоро буғуси тана қисмлари расмийлаштириб олинган. Жониворни ноқонуний овлаш орқали ҳуқуқбузар томонидан табиатга 99 млн сўм зарар етказилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Иш прокуратурага юборилган, дейилади хабарда.