Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда Учтепа туманидаги мактабда ўқитувчи калтаклангани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

8 июнь куни тахминан соат 15:30 да Учтепа туманидаги мактаблардан бирида шу мактабнинг 9-синф ўқувчиси — 2008 йилда туғилган С.С. ва ўқитувчи — 1999 йилда туғилган С.Б. ўзаро гап талашиб қолган.

Шундан сўнг ўқитувчи ўқувчига бир марта шапалоқ урган, ўқувчининг акаси — 10-синф ўқувчиси 2006 йилда туғилган С.С. эса келиб, ўқитувчи С.Б.ни урган.

Ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиши қайд этилди.

Ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳам муносабат билдириб, иш вазир Ҳилола Умарованинг назоратига олинганини маълум қилди.

«Жанжалда мактаб мулкига ҳам зарар етказилган. Мактабда нохуш ҳолат юз берганда, ота-оналар ўқитувчи билан эмас, фарзанди билан тушунтириш ишлари олиб борса, фарзанди келажаги учун фойдалироқ бўлишини тушуниб етмас экан, бундай ишлар давом этаверади», — дея қайд этилди хабарда.

Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов ҳам воқеага муносабат билдирар экан, Учтепа туманидаги 62-сонли мактабнинг информатика фани ўқитувчисини калтаклашда иштирок этганларнинг барчаси қонунда белгиланган тартибда қаттиқ жазоланишини билдирди.

«Бу бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига керакли кўрсатмалар берилди. Валломати бўлса ҳам, ўқитувчини хафа қилишга хеч кимнинг ҳаққи йўқ», — деб ёзган у.

Қўшимча маълумот

Пойтахт ИИББ маълумотига кўра, ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан назоратга олинган.