Тошкент шаҳридаги яна еттита автобус йўналиши 9 июндан бошлаб нақд пул тушумларини топшириш бўйича кунлик режа бекор қилинган ҳолда брутто-шартномалар асосида ишлашга ўтказилди. Булар 27, 51, 69, 94, 100, 131 ва 185-йўналишлар, деб хабар берди «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати.

Бундан ташқари, 27 ва 185-йўналишларда ҳаракатланувчи таркиб Isuzu`дан паст полли SAZ LE-60`га ўтказилади, 61-йўналишда эса сиқилган газда ҳаракатланувчи бешта Yutong автобуси иш бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, 5 майдан бошлаб 5, 11, 18, 19, 37, 44, 67, 77, 83, 136, 139, 142, 72 ва 81-йўналишлар брутто-шартномаларга ўтказилганди.

Брутто-шартномалар йўловчи ташишни ташкил этиш модели бўлиб, унда барча тушумлар шаҳар бюджетининг махсус ҳисобрақамига ўтказилади ва шаҳар маъмурияти ташувчига йўналишлар бўйича ташувларни амалга оширгани учун бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда уларнинг сифатини назорат қилиш шарти билан ҳақ тўлайди. Бу ҳақда «Газета.uz» батафсил ёзганди.

«Тошшаҳартрансхизмат» август ойида барча автобус йўналишларида (160 дан ортиқ) кунлик нақд пул топшириш режаси бекор қилинишини маълум қилган.

Брутто-шартномаларга ўтиш Ўзбекистон президентининг февралдаги жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ жорий этилмоқда.

Бу қарорда, шунингдек, Тошкент шаҳрида жамоат транспортида ҳаракатланиш бўйича мослашувчан тарифларни жорий этиш кўзда тутилган. Бироқ шаҳар кенгаши тарифларни оширишга қарши чиқди ва ислоҳотни 1 августга қолдирди.