«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси августга қадар Тошкентдаги барча автобус йўналишларида нақд пул тушумлари бўйича кунлик режани бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания ва пойтахт транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев «Газета.uz»га маълум қилди. Аввалроқ бошқарма матбуот хизмати 5 майдан бошлаб 14 та йўналиш бўйича режа бекор қилингани ҳақида хабар берганди.

Режа бекор қилингач, йўловчи ташиш брутто-шартномалар асосида молиялаштирилади. Бу шуни англатадики, йўловчи ташувчи сифат кўрсаткичи — ҳаракат жадвали ва интервалларига риоя қилиши (автобус йўлга қайси вақтда чиқиши, қачон маълум бир бекатга келиши), шунингдек, санитария шароитлари (салон ва автобуснинг тозалиги, ҳайдовчиларнинг ташқи кўриниши)га қараб фойда олади. Аввалроқ брутто-шартномалар қандай бўлиши ҳақида батафсил ёзган эдик.

Анвар Жўраевнинг айтишича, май ойи охиригача Транспорт бошқармаси барча автобус йўналишлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширади (ҳозир улар 160 дан ортиқ). Июнь ойида тендерлар ўтказиш режалаштирилган.

Анвар Жўраевнинг сўзларига кўра, «Тошшаҳартрансхизмат» ҳам тендерда иштирок этишни режалаштирган. Брутто-шартномалар потенциал ташувчилар учун ташишни ташкил этишнинг янги модели бўлгани сабабли тадбиркорлар шартнома шартларининг бажарилишига шубҳа билан қарашлари мумкин.

Режалаштирилган тизим бўйича хусусий ташувчиларга катта сиғимли автобусларни сотиб олишлари фойдасиз, дея таъкидлайди Анвар Жўраев.

«Июнь ойида 14 та йўналиш брутто-шартномалар бўйича тўлов қабул қилади. Бу маълумотлар оғзаки равишда бошқа ташувчилар орасида тарқалади ва улар шаҳар йўловчи ташишдаги иштирокини кўриб чиқишни бошлайди», — деди Анвар Жўраев.

Шундай қилиб, «Тошшаҳартрансхизмат» шаҳар транспортидаги улушини камайтиришни режалаштирмоқда.

Брутто-шартномаларга ўтиш президентнинг февралдаги жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ жорий этилган. Худди шу қарорда Тошкент шаҳрида жамоат транспортида ҳаракатланиш учун мослашувчан тарифларни жорий этиш назарда тутилганди.