Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси Германия ва Санкт-Петербургдан (Россия) экспертларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистон жамоат транспорти тизимига брутто-шартномаларни жорий этиш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқмоқда. Пойтахтдаги бир нечта автобус йўналишларида янги механизм тажриба лойиҳаси сифатида ишга туширилади. Бу ҳақда «Газета.uz»га лойиҳа офиси раҳбари Мурод Обидов маълум қилди.

Брутто-шартномалар ишлаш механизми

Брутто-шартномалар — бу йўловчи ташишни ташкил этиш модели бўлиб, унда барча тушумлар шаҳар бюджетининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади ва шаҳар маъмурияти йўловчи ташувчига йўналишлар бўйича тўловларни бажарилган иш ҳажмидан келиб чиқиб, сифат назорати остида ўтказиб беради.

«Бу Ўзбекистонда ҳали қўлланилмаган мутлақо янги механизм, — деди Мурод Обидов. — Ҳозир ҳужжат лойиҳасини йўловчи ташувчиларнинг мутахассислари билан келишиб оляпмиз. Мувофиқлаштириш ва тузатишлардан сўнг ҳужжат биз параллель равишда ишлаб чиқаётган ҳукумат қарори билан тасдиқланади».

Жорий йил охиригача Тошкент шаҳридаги бир нечта автобус йўналишларида янги молиялаштириш ва бошқарув схемасини жорий этиш бўйича тажриба лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган. Модель йўловчи ташиш билан шуғулланувчилар бажариши шарт бўлган 15 та асосий шартларни ўз ичига олади, дея қайд этди Мурод Обидов.

Унинг сўзларига кўра, йўловчи ташувчиларни баҳолашнинг асосий мезонларии миқдорий кўрсаткич, яъни йўналишга шартномада кўрсатилган миқдорда автобуслар чиқиши ва белгиланган рейсларни амалга ошириш ҳисобланади. Агар йўловчи ташувчи миқдорий кўрсаткичнинг 90 фоиздан кўпроғини бажарса, шаҳар ҳокимлиги унинг харажатларини қоплайди.

«Харажатлар таннархини „чиқариб олиш“ учун йўловчи ташувчи биринчи навбатда миқдорий кўрсаткичларни бажаришга ҳаракат қилади», — деди Мурод Обидов.

Йўловчи ташувчи сифат кўрсаткичи — ҳаракат жадвали ва интервалларига риоя қилиши (автобус йўлга қайси вақтда чиқиши, қачон маълум бир бекатга келиши), шунингдек, санитария шароитлари (салон ва автобуснинг тозалиги, ҳайдовчиларнинг ташқи кўриниши)га қараб фойда олади.

Мурод Обидовнинг қайд этишича, миқдорий ва сифат кўрсаткичлари махсус дастурий таъминот ёрдамида назорат қилинади. Тизим режалаштирилган рейсларнинг бажарилиши ва жадвалга риоя этилиши, шунингдек, сифат кўрсаткичлари бўйича ҳисоботларни тузади.

Брутто-шартномаларни жорий қилиш нима учун керак?

Жамоат транспорти самарадорлигини баҳолашнинг амалдаги тизими даромад режасига (кунлик план) асосланади: яъни маршрут керакли суммани ишлаб топса, йўналиш N нафар йўловчини манзилига етказди ва шунинг учун ҳам яхши ишлади, деб ҳисобланади.

Брутто-шартномаларни жорий этиш — шаҳар аҳолисининг ҳаракатланишга бўлган транспорт талабини қондириш, давлат томонидан эса хизматлар сифатини назорат қилиш шартларидан биридир. Бугунги кунда Тошкентда ҳар куни камида 4 миллион ташув амалга оширилмоқда. Уларнинг 80 фоизи шахсий транспорт воситаларида ташилган бўлса, ривожланган мамлакатларда ташувнинг 80 фоизи жамоат транспортида амалга оширилади. Бу биринчи навбатда, етарли миқдордаги ҳаракатланувчи таркиб ва автобусларнинг алоҳида йўлаклар бўйлаб тўсиқсиз ҳаракатланиши билан таъминланади.

Тошкент жамоат транспорти парки жорий йилнинг ўтган даврида 100 та янги паст полли, ўрта сиғимли Isuzu LE60 автобуслари билан тўлдирилди. Мурод Обидовнинг сўзларига кўра, бу вазиятни кўп ҳам ўзгартирмайди, шунинг учун катта сиғимли автобуслар керак. Йил охиригача пойтахтга 190 дона катта сиғимли MAN автобуслари келиши керак.

Жамоат транспортининг узоқ муддатли турғунлиги, паст даражадаги хизмат кўрсатиш, йўлни кенгайтириш бўйича шошилинч қарорлар шахсий транспорт воситаларига талабнинг ошишига олиб келди, бу эса йўллар босимни қарийб кўтара олмаслигига олиб келди.


Мурод Обидов Тошкентда мавжуд шахсий автомобиллар сони кўчаларнинг ўтказувчанлигига таъсири ҳақида сўзлаб берганди. Бугунги кунда пойтахт бўйлаб ҳар куни ҳаракатланаётган автомобиллар сони 800 мингдан ошади. Автомобиллар сонининг бундай ўсиш суръати билан бир ёки икки йил ичида шаҳарда ҳаракат «қотиб қолади». «Шунинг учун ҳам аҳолининг ортиб бораётган талабига жавоб берадиган шаҳар транспорт тизимини олдиндан режалаштириш муҳим аҳамиятга эга», — деди у.

Лойиҳа офиси мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, пойтахт университетлари талабаларининг атиги 46 фоизи эрталаб ўқишга бориш учун жамоат транспортидан фойдаланади. Мурод Обидовнинг сўзларига кўра, айнан шунча талаба имтиёзли транспорт карталаридан фойдаланади. Шу билан бирга, талабалар, қоида тариқасида, бошқалардан кўра кўпроқ ва тез-тез жамоат транспортидан фойдаланадиган фуқаролар тоифаси ҳисобланади.

«Йўл ҳақини нақд пулда тўлайдиган талабалар кам. Улар, асосан, имтиёзли тўловларни амалга ошириш имконини берувчи транспорт карталаридан фойдаланади», — дейди Мурод Обидов.

Талабаларнинг 50 фоизга яқини ўқишга бориш учун такси ёки шахсий транспортдан фойдаланади. Мурод Обидов сўзларига кўра, бу эрталабки тиғиз вақтдаги соатларда 135 мингга яқин автомобиль дегани. Бу кўрсаткич енгил автомашиналардаги ўртача йўловчилар сонидан келиб чиқиб ҳисобланган.

«135 минг автомобиль ёки Тошкент йўлларида бир вақтнинг ўзида ҳаракатлана оладиган автомобилларнинг 40 фоиздан ортиғи фақат талабаларни ташийди. Биз эса ҳали мактаб ўқувчиларини ҳисоблаганимиз йўқ», — дея таъкидлади Мурод Обидов.

Автотранспорт воситалари сонининг доимий ўсиши туфайли машиналар оқими тобора секинроқ ҳаракатланмоқда. Баъзи йўллардаги тиғиз вақтларда транспорт воситалари 9−11 км/соат тезликда ҳаракатланади, йўлнинг тирбандлиги ўртача бўлган қисмларида эса — 20 км/соатни ташкил этади. Жамоат транспорти эса тезроқ ҳаракатланиши керак, чунки у кўпроқ одамни ташийди, деди Мурод Обидов.

«Биз автобусларга 25 км/соат тезликда ҳаракатланиш имкониятини беришимиз керак. Автобуслар машиналар тўхтаб турган вақтда ҳаракатланиши керак», — деди мутахассис.

Таъкидлаш жоиз, 25 км/соат автобусларнинг доимий тезлиги эмас, балки йўловчиларни етказиш тезлиги, яъни транспортнинг N вақт ичида A нуқтадан B нуқтагача бўлган масофани босиб ўтиш тезлигидир.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

Лойиҳа офиси мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, «Чорсу» савдо маркази автобус бекати ҳудудида бир кунлик йўловчи ташиш ҳажми 69 минг кишини ташкил этади. Шу билан бирга, бу жойдан ҳар соатда 3600 та, жумладан, шахсий ва юк ташувчи транспорт воситалари, микроавтобуслар ва 192 та автобус ўтади.

Бу автобуслар уларнинг айланма ҳаракатини ҳисобга олган ҳолда соатига 9 минг йўловчини ташийди — яъни «Чорсу» савдо марказида кимдир тушади, кимдир автобусга чиқади, кимдир шу бекатдан ўтади. Қолган транспортлар ёки 3400 та автомобиль соатига атиги 4 минг кишини ташийди.

«Назарий жиҳатдан яна 100 та автобус келтириб, ушбу транспорт узелида ўтказувчанликни яхшиласак, автобусларда йўловчилар билан биргаликда енгил машиналар ҳайдовчиларини ҳам ташийдиган бўламиз, — деди Мурод Обидов. — Автомобилчилар ва соҳада қарор қабул қилувчи шахслар бир нарсани тушуниши керак, барқарор жамоат транспорти тизимини ривожлантирмасдан туриб, ортиб бораётган транспортга бўлган талабни қондириш мутлақо имконсиз».

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Қандай шароитларда брутто-шартномаларни жорий қилиш мумкин бўлади?

Брутто-шартномаларни бир нечта шартларни бажармасдан туриб амалга татбиқ этиш мумкин эмас. Ташувчи сифат талабини бажариши ва фойда олиши учун (иқтисодий фойдасиз корхоналар шаҳар ҳокимлиги билан шартнома тузмайди) автобуслар бекатларга ўз вақтида етиб бориши керак.

Бу шуни англатадики, жамоат транспорти қолган транспортлар каби тирбандликда қолиб кетмаслиги, йўловчилар ўз йўлларини режалаштиришлари учун кафолатланган тезликда ҳаракатланиши керак. Бунинг учун автобуслар ажратилган йўлакларда ҳаракатланиши керак. Акс ҳолда, аҳолининг транспортга бўлган талабини қондириш ва шахсий транспортдан фойдаланишга бўлган талабни камайтириш мумкин эмас.

1. Жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар ажратиш ва йўл четида тўхтаб туришни тақиқлаш

Мурод Обидовнинг сўзларига кўра, Навоий кўчасининг Чорсу майдонидан Ўрдагача ва аксинча бўлган қисмида жамоат транспорти учун ажратилган йўлак аллақачон ишга туширилган. Бу ечим автобусларга алоҳида транспорт воситалари билан бир вақтда рақобат қилиш имконини беради.

«Таъсир бир томонлама бўлади, чунки умумий оқим ва автобусларнинг ажратилган бўлак бўйлаб ўтиш вақти, албатта, фарқ қилади», — деди Мурод Обидов.

У алоҳида ажратилган йўлакларнинг ишлаши учун Навоий кўчасида йўл четидаги тартибсиз тўхташ жойларидан воз кечиш зарурлиги, шунингдек, у ерда ўрнатилган қоидага риоя этилишини назорат қилиш кераклигини таъкидлади.

Навоий кўчасида автобус йўлагида тўхтаб турган автомобиллар. Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

«Кўпчиликнинг эҳтиёжларини қондириш учун биз йўл четидаги кимнингдир машинаси кун бўйи турадиган тартибсиз тўхташ жойидан воз кечишимиз керак. Масалан, Навоий ва Беруний кўчаларининг Чорсу бозорига туташ қисмида 200 та автомобиль доимий тўхтаб, бир ярим полосани эгаллаб турибди. Ушбу 200 нафар ҳайдовчи ўн минглаб жамоат транспорти йўловчиларининг тез ҳаракатланишига тўсқинлик қилади», — деди мутахассис.

Навоий кўчасида жамоат транспорти ҳаракати тўхтагандан кейин махсус ажратилган жойларда шахсий транспорт воситалари ва такси йўловчиларини ўтказиш ва тушириш мумкин бўлади, дея қўшимча қилди Мурод Абидов. Шу билан бирга, автомобиллар йўловчи кутиши ёки шунчаки турмаслиги, автобусларнинг ўтишига халақит бермаслиги керак, деди у.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, дастлаб ҳайдовчилар автобус йўлакларида тўхташ тақиқланиши ҳақида огоҳлантирилади. Мурод Обидовнинг сўзларига кўра, ҳозир профилактика ишлари йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари томонидан олиб борилмоқда. Навоий кўчасида тўхташ жойидаги қоидабузарликларни аниқлаш учун камералар аллақачон ўрнатилган, бироқ улар кейинроқ ишлай бошлайди. Аввал, одамлар кўникиши керак, деди Мурод Обидов.

Унинг қўшимча қилишича, автобус йўлаги бўйлаб аллақачон тўхташни тақиқловчи сариқ чизиқлар чизилган. Бироқ, ҳайдовчилар қоидаларга эътибор бермай, хотиржамлик билан тақиқловчи белгилари остида тўхтамоқда.

«Йўл ҳаракати қатнашчилари учун нормал шароит яратиш учун, аввало, аҳолининг транспорт воситаларига ўсиб бораётган талабини қондиришимиз керак. Булар биринчи навбатда автобуслар орқали амалга оширилади. Бунинг учун биз кўчалардаги тартибсиз автотураргоҳларни олиб ташлашимиз керак бўлади. Бу автоуловчиларнинг кўп норозилигига сабаб бўлишини биламиз, лекин, бу бошқа мамлакатларда ҳам шундай содир бўлади. Кўпчиликнинг — жамоат транспорти йўловчиларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиш керак. Биз эса уларнинг сонини янада оширишимиз керак», — дейди Мурод Обидов.

2. Жамоат транспортида тўлов учун янги тарифлар

Брутто-шартномалар йўловчи ташувчи ва шаҳар ҳокимлиги ўртасидаги муносабатларни шаффоф қилади. Янги ҳисоб-китоб моделига биринчи бўлиб ўтадиган йўналишлар даромад режасисиз ишлаши режалаштирилган, бироқ, бу тизим бошқа йўналишларда қолади. Чунки Мурод Обидовнинг сўзларига кўра, уни бартараф этиш мақсадида нақд пулсиз тўловни амалга ошираётган йўловчилар улушини ошириш зарур (аввалроқ, «Газета.uz» йўловчилар нега нақд пульсиз тўловга ўтишни истамаётгани ҳақида ёзганди).

Фуқароларни нақд пулсиз ҳисоб-китобларга ўтишини рағбатлантириш мақсадида Транспорт вазирлиги янги тарифлар тармоғини ишлаб чиқмоқда. Табақалаштирилган, бошқа йўналишга ўтиш ҳисобга олинган, шунингдек, кунлик тарифларни жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Нақд пуллик тўловда йўловчилар нақд пулсиз тўловга қараганда кўпроқ тўлайдилар. Ҳозир янги тарифлар бўйича йўл нархи муҳокама қилинмоқда, деди Мурод Обидов.