Мактабларда тўлиқ миллий ўқув дастурига ўтиш 2025 йилда якунланади. Бунинг учун методик ёндашув ўзгариши ва янгича дарсликлар ёза оладиган муаллифлар мактаби шаклланиши керак бўлади. Бу ҳақда Республика таълим маркази мутахассислари таълим мазмунидаги ўзгаришларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

Республика таълим маркази маълумотларига кўра, 22 фандан миллий ўқув дастурлари лойиҳаларини яратишга 246 нафар эксперт, шу жумладан, мактаб ўқитувчилари, методистлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда UNICEF ва USAID ташкилотларидан халқаро экспертлар жалб қилинди.

Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов сўзларига кўра, шу кунга қадар мактаб таълимидаги энг катта муаммолар — таълим мазмунининг эскирганлиги, дарсликларнинг асосан назарий билимларни ёдлатишга қаратилганлиги ва академик тилда ёзилганлиги эди.

«2020 йилда яратилиши бошланган миллий ўқув дастурларида XXI аср эҳтиёжларидан келиб чиқиб ўқувчиларда шаклланиши керак бўлган кўникмалар белгиланган», — дея таъкидлади у.

Мисол учун, она тили фани орқали оғзаки ва ёзма мулоқот кўникмалари, турли матнларни тушуниш, математика фани орқали математик тафаккур, мантиқий фикрлаш ва муаммоларга ечим топиш, табиий фанлар орқали тадқиқотчилик ва атроф-муҳитни асраш, тарих фани орқали даврларни солиштириш ва тарихий воқеаларнинг сабаб ва оқибатларини тушуниш, тасвирий санъат орқали ижодий фикрлаш, информатика фани орқали рақамли контент яратиш кўникмаларини шакллантириш мақсад қилинган. Ҳар бир фанда ўқувчиларнинг когнитив кўникмалари, танқидий ва ижодий фикрлаши, кўп саводлиликни ривожлантиришга эътибор берилган.


Сатторовнинг сўзларига кўра, миллий ўқув дастурининг олдинги дастурлардан яна бир катта фарқи — чизиқли ёндашувдан спиралсимон ёндашувга ўтилганлиги. Бунда олдинги синфларда ўтилган мавзулар кейинги синфларда қайтарилади ва чуқурлаштирилади.

Миллий ўқув дастури бўйича барча фанлар кесимида ҳафталик юклама 114 соатни ташкил этади. Шуҳрат Сатторовнинг фикрича, ўқувчиларнинг ҳафталик юкламаси катталиги ҳам уларнинг сифатли таълим олишига тўсқинлик қилаётган омиллардан бири ва босқичма-босқич бу юкламани камайтириш чоралари кўрилади. Унинг мисол келтиришича, Финляндияда ўқувчилар юкламаси бошқа давлатлар билан солиштирганда кам, лекин халқаро тадқиқотларда Финляндия ўқувчилари юқори натижаларни қайд этишади.

Танлов асосида саралаб олинган 154 нафар муаллиф иштирокида миллий ўқув дастури асосида 2021−2022 ўқув йили учун 1- ва 2- синфларга мўлжалланган жами 326 номда дарсликлар, ўқитувчи китоблари ва машқ дафтарлари яратилди.

Миллий ўқув дастурини мактабларга 2025 йилгача босқичма-босқич жорий қилиш режалаштирилган. Бунинг учун кейинги ўқув йилига миллий ўқув дастури дастури асосида 3, 6, 7, 10 синфлар учун 431 номда ва ундан кейин 4, 5, 8, 9, 11 синфлар учун 582 номда ўқув-методик адабиётлар тайёрланади.

Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан олиб борилаётган «Ўзбекистон — Баркамоллик учун таълим дастури» лойиҳаси доирасида Cambridge University Press нашриётининг 5−11 синфлар учун информатика ва ахборот технологиялари ҳамда 1−11 синфлар учун инглиз тили дарсликлари танлаб олинди ва маҳаллийлаштирилди. 2022−2023 ўқув йилидан бошлаб бу дарсликлар мактабларга жорий қилинади.

Таълим рус тилида олиб борилмайдиган мактаблар учун рус тили дарсликлари Россиялик мутахассислар билан РКИ (русский как иностранный — рус тили чет тили сифатида) методикаси асосида яратилмоқда.

«Газета.уз» мухбирининг бошқа фанлардан (масалан, табиий ва аниқ фанлар) ҳам хорижий дарсликларни маҳаллийлаштириб, жорий этиш режалари мавжудлиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Шуҳрат Сатторов Франция ва Германиядаги етакчи нашриётчиларнинг француз ва немис тили дарсликларини маҳаллийлаштириш бўйича музокаралар олиб борилаётганини, шу билан бирга, маҳаллий муаллифлар мактабини шакллантириш устивор вазифа эканлигини қайд этди.

Шуҳрат Сатторовнинг сўзларига кўра, бизда ҳам, бошқа давлатларда бўлгани каби, дарсликларнинг вазирлик томонидан эмас, нашриётлар томонидан яратилишига ўтишимиз учун муаллифлар мактаби шаклланиши керак. Келгусида дарсликларнинг вазирлик эмас, нашриётлар томонидан тайёрланишига эришилади.

Сатторовнинг сўзларига кўра, таълим сифати янги босқичга кўтарилиши учун ўқитувчиларни академик мустақиллигига ҳам эришиш керак, яъни ўқитувчи фақат битта дарсликка боғланиб қолмасдан, таълим стандартлари асосида дарс жараёнини ташкил қила олиши ва дарси учун керакли ишланмаларни ярата олиши керак.
2-синфлар учун тайёрланган «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» дарслигининг мураккаб эканлиги бўйича шикоятлар ҳақидаги саволга изоҳ берар экан, Шуҳрат Сатторов бу дарсликлар чоп қилинишидан олдин тажриба-синовдан ўтганлигини ва фақат грамматик қоидаларни ёдлатишга қаратилган олдинги дарсликлардан ёндашуви фарқ қилишини таъкидлади.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартиришлар киритилса, амалдаги алифбода чоп қилинган дарсликлар тақдири нима бўлиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Халқ таълими вазирлиги масъул ходими Учқун Хамутов алифбога ўзгартириш киритилса, мактаблардаги 130 миллион нусха дарслик ўзгариши керак бўлишини, бунинг учун 1,7 — 1,8 трлн сўм маблағ талаб қилинишини қайд этди.

Бундан олдин «Газета.уз» миллий ўқув дастури ва янги дарсликларнинг жорий қилиниши ҳамда бу жараёндаги қийинчиликлар ҳақида Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторовнинг интервьюсини эълон қилганди.