Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятида кадрлар ўзгарди. Бу ҳақда ТИВ сайти маълумотлари гувоҳлик бермоқда.

2020 йил май ойидан буён ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Фурқат Аҳмедович Сидиқов ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Ўзбекистоннинг Қувайтдаги элчиси лавозимида ишлаб келган Баҳромжон Жўрабоевич Аълоев ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлди.

Фурқат Сидиқов 1971 йил 7 февралда Тошкентда туғилган. 1993 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. UzDaewoo Electronics ҚКда бош мутахассис (1993−1995), Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институтида ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим (1995−2002, 2007−2011) лавозимларида ишлаган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида атташе (2002−2007), ушбу элчихонанинг биринчи котиби (2011−2015), Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси (2015−2020) лавозимларида ишлаган.

Баҳромжон Алоев Ўзбекистоннинг Қувайтдаги муваққат ишлар вакили маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. Дипломат 2008−2012 йилларда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасини бошқарган, бунгача эса Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ давлатлари ва Россия билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган.