Тошкентдаги 584 та маҳалланинг ҳар бирига Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ЎзТТЖ) маблағлари ҳисобидан 1 млрд сўмдан ажратилади. Президент Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни бу ҳақдаги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, Тошкент маҳаллаларининг инфратузилмасини ривожлантириш, ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши даврида талафот кўрган маҳаллалардаги ички йўллар, пиёдалар йўлаклари, муҳандислик-коммуникация объектларини таъмирлаш ва ободонлаштириш учун Тошкент ҳокимлигига 584 млрд сўм миқдоридаги фоизсиз кредит ажратилади.

Мазкур кредит маблағларининг 200 млрд сўми 2023 йилнинг IV чорагида, 384 млрд сўми 2024 йилнинг ҳар чорагида тенг улушларда Тошкент шаҳар маҳаллик бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобдан жамғармага қайтарилади.

Президент матбуот хизмати 8 февраль куни пойтахт маҳаллаларига молиялаштириш манбасини кўрсатмаган ҳолда қўшимча 1 млрд сўмдан бюджет маблағлари ажратилгани ҳақида хабар берган эди.

Жорий йилда Тошкентдаги маҳаллаларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ободонлаштириш учун 1,4 трлн сўм (юқоридагиларни ҳисобга олмаганда) йўналтирилади.

Шунингдек, «Ташаббусли бюджет» доирасидаги лойиҳаларга 573 млрд сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган бўлиб, унда аҳолининг ўзлари лойиҳалар таклиф этиб, уларга овоз беришади.

Маблағлар қанчалик мақсадли сарфланади?

Қарорда қайд этилишича, туман ҳокимликлари маҳаллалар раислари билан биргаликда маҳаллаларнинг ифнратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган лойиҳаларнинг рўйхатларини халқ депутатлари туман кенгашлари йиғилишида муҳокама қилиб, тасдиқлашлари лозим.

2021 йилнинг апрелида президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир маҳаллага, ҳолатидан келиб чиқиб, ўртача 2 млрд сўмдан маблағ ажратиш буйича топшириқ берган эди. Давлат раҳбари Тошкентнинг Яшнобод туманида аввал аҳволи оғир бўлган Парвоз маҳалласига ҳам борганидан сўнг шундай қарорга келганди.

Кўп ўтмай, шаҳарни ободонлаштириш тўлқини босиб кетди. Бироқ бу жараённи шаҳарликлар «шафқатсизлик» деб аташди. Ички йўлларни янгилаш, катта бордюрлар ўрнатиш билан бирга туман ҳокимликлари томонидан жалб этилган ишчи-хизматчилар кўп қаватли уйларда яшовчилар томонидан парваришланаётган гулзорлар пайҳон қилиниб, буталар илдизи билан қўпориб ташлашди. Катта майдонлар, жумладан, болалар майдончалари ва автотураргоҳлар бетонлаштирилди.

Шу йилнинг ёзида Қонунчилик палатаси депутати Нодир Абдувалиев Тошкент аҳолиси маҳаллаларни ободонлатириш борасида бекорда шикоят қилмаётганини маълум қилди. Унинг фикрича, айрим ҳолатларда қурилиш ишларидан кейин «маҳаллалар бор файзу тароватидан маҳрум бўлмоқда».

Сентябрда Шавкат Мирзиёевнинг ўзи халқнинг пули самарасиз сарфланаётгани, ҳали ўғриликлар ва коррупция кўплигини таъкидлади. У пойтахт маҳаллаларини асфальтлаштиришни мисол қилиб келтирди. «Йўлларга катта қилиб ярим метрли бордюр қиляпти. Барака топгур, машиналар пойга ўйнайдими, бунча катта қилиб, бордюр қилиб нима қиласан?» — деди президент.

Октябрь ойида эса Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан навбатдаги учрашувида маҳаллаларга йилига 2 млрд сўм ажратиш амалиёти давом этишини, ажратилаётган маблағ миқдори эса беш баробарга, яъни 10 млрд сўмга етказилишини айтди. Бунинг учун пойтахт ҳокимлиги ҳузурида маҳаллаларни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш режалаштирилган эди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Шавкат Мирзиёев Учтепа туманига ташриф буюриб, маҳаллаларидан бирининг аҳволидан ниҳоятда норози бўлди. У Тошкент туманларига 30 мингдан ортиқ ишчи штат ажратилганини, 2022 йилда маҳаллалар шароитини яхшилаш учун 12 трлн сўм маблағ ажратилганини эслатди. Туман ҳокимининг олти-етти ўринбосари, тўртта сектор мудири, маҳаллалар ва бошқарув ширкатлари раислари бундай оддий вазифаларни бажармайди, аҳоли билан мулоқот ўтказмайди, деди давлат раҳбари.