Қиш якунлангандан буён тошкентликлар кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватлари деразалари остидаги гулзорлар атрофидаги тўсиқлар бузилганлиги ва ўсимликлардан иборат яшил тўсиқлар кесиб ташлангани ҳақида хабар беришмоқда. Кўпчилик иш олдиндан муҳокама қилинмасдан ва ҳатто аҳолини хабардор қилмасдан туриб, олиб борилаётганидан шикоят қилмоқда, ишчилар ҳам кўп ҳолларда аҳоли саволларини жавобсиз қолдиришмоқда. Бу каби маҳалла ҳовлиларини хўжакўрсинга «тозалаш» аввал ҳам ўтказилганди. Бироқ, бу сафар ободонлаштириш кўлами бутун шаҳарни қамраб олди.


Яшнобод туманидаги ҳовлилардан бири ободонлаштиришдан олдин ва кейин. Фото: «Потребитель.уз» Facebook гуруҳи.

Апрель ойи охирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги Парвоз маҳалласига ташриф буюрди. Ташриф чоғида давлат раҳбари ушбу маҳаллани пойтахтдаги бошқа 524 та маҳаллаларни обод қилиш учун намуна сифатида қабул қилишни ва уларнинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб, ҳар бирига ўртача 2 млрд сўм ажратишни буюрди.

«Газета.uz» мухбири пойтахтнинг ободонлаштирилган ҳовлиларида, шу жумладан «Парвоз» маҳалласида бўлиб, амалга оширилган ишлар тўғрисида аҳоли фикри билан қизиқди.

«Шукур Бурхонов» маҳалласи

Ободонлаштириш бошланган Тошкентдаги биринчи маҳаллалардан бири — пойтахтнинг Мирзо-Улуғбек туманидаги «Шукур Бурхонов» маҳалласи бўлди. Уйлар олдидаги гулзорларни йўқ қилиш ва тўсиқларни демонтаж қилиш бу ерда февраль ойида бошланганди.

Бугун Қорасув-2 массивидаги 41, 42, 43, 44, 45 ва 47-сонли кўп қаватли уйларнинг ҳовлилари кўпроқ яшаш жойига эмас, балки автотураргоҳларга ўхшайди.


Шукур Бурхонов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Собиржон Холиқовнинг «Газета.uz»га айтиб беришича, «Обод маҳалла» лойиҳаси доирасида болалар майдончалари ва асфальт қопламалари янгиланган, спорт анжомлари ва битта жамоат кутубхонаси бўлган спорт майдончаси ўрнатилган, ортиқча панжаралар демонтаж қилинган ва ўрнига бордюрлар ўрнатилган.

Қорасув-2 массивидаги кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларини ободонлаштириш шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан маҳаллага ажратилган 1 млрд сўм эвазига амалга оширилди, деди маҳалла раиси. Президент номидан Тошкент маҳаллаларига ажратилган 2 млрд сўмга маҳалланинг хусусий секторида асфальт ётқизиш режалаштирилган.

Собиржон Холиқовнинг сўзларига кўра, тўсиқлар демонтажи тўғрисида уй қўмиталари раисларининг («домкомлар») барчаси хабардор қилинган.

«Аҳоли тўсиқлар ўрнатгани билан ичкари тартибсиз ҳолатда. Ўзлари ҳам тозалаймайди, бировга тартибга солишга ҳам беришмайди. Бирига индамасангиз — бошқалари норози бўлишади», — дейди Собиржон Ҳолиқов ва бундан буён ҳеч қандай тўсиқларни ўрнатмаслик кераклигини қўшимча қилди. Фақат кўкаламзорлаштиришга рухсат берилади.


«Шукур Бурхонов» маҳалласидаги бузилмаган тўсиқлар. Маҳалла раисининг сўзларига кўра, тўсиқлар чиройли кўринган жойларда қолдирилган. Фуқаролар йиғини раиси ушбу тўсиқлар қимматлиги сабабли эгаси томонидан демонтаж қилинишини қўшимча қилди.

«Уйлар (Қорасув-2 массивидаги маҳаллалар) 1974 йилда қурилган», — дейди маҳалла раиси. — Ҳали бирор марта бундай таъмирлаш бўлмаган… Бизда яшил тўсиқлар деярли бўлмаган. Биз уларни энди кесиб ташладик, аммо умуман олганда кўриниши ёмон эди".

«Ишни тугатганимиздан сўнг, ҳамма мамнун бўлди. Бош вазир келдилар, уларга ҳам ёқди», — хулоса қилди маҳалла раиси.

Аҳоли шарҳлари

Ўзини таништиришни истамаган 44-уйда яшовчи кекса онахоннинг «Газета.uz»га айтишича, ободонлаштириш олд гулзорлари бўлган маҳалла аҳолисини хафа қилиб, ғазабини келтирган. Шу билан бирга, баъзи тўсиқлар парвариш қилинганлик важи билан кесилмади. Унинг олд гулзорида ҳозир айвон бор ва атиргуллар ўсяпти. Панжаралар демонтаж қилинган, бироқ аёлнинг сўзларига кўра, унга янги тўсиқ ўрнатиб бериш ваъда қилинган. Аммо ҳалигача ўрнатилмаган.


"Мен биринчи қаватда яшамайман, лекин гулзор менинг ҳудудим эди. Бу ерда қариялар ўтиришарди. Бир вақтлар бу ерда узумзорларимиз бўларди. Янги ҳоким келди — ҳаммасини кесиб ташлашди. Беш йилдан кейин бошқа ҳоким келиб, нима учун бу жойларни кўкаламзорлаштирмаётганимизни сўради. Биз экин экишимиз мумкинми деб сўрадик. Мумкин дейишди. Биз ўсимликлар экдик, тағин энди бу ҳолат. Одамлар пулларини сарфлашди, меҳнат қилишди. Улар эса ҳамма нарсани қадрсизлантиришди".
41-уйда яшовчи Ботир ака "Газета.uz»га ободонлаштириш натижаларидан қисман мамнунлигини таъкидлади.

«Илгари йўллар лой эди, энди эса асфальт. Ортиқча тўсиқлар олиб ташланди, парваришланмаган яшил тўсиқлар кесиб ташланди. Ким паваришлаган бўлса, уларнинг тўсиқлари кесилмади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, қўшниларнинг гулзори ўсиб кетганлиги боис у пиёдалар машиналар билан бўлишадиган йўлда ўйнаётган невараларини кузата олмаган. Бироқ, асфальт янгиланганидан сўнг, бу ерга кирадиган машиналар хавфли тезликни оширади, ҳаракатни сокинлаштириш чоралари эса кўрилмаган. Уйга туташ гулзорлар периметри бўйлаб чекка тўсиқлар ўрнатилгандан сўнг, у ва қўшнилари учун машиналар тўхташ майдончаси йўқ. У илгари иккита машинани дераза тагида қўйган.

Тўғри ва текис йўл. Ҳайдовчилар тезликни оширишларига ҳеч нарса ҳалақит бермайди. Ҳаракатланишни сокинлаштириш чоралари кўрилмаган.

Ботир аканинг қўшниси Марина ободонлаштиришдан сўнг қўшнилар машиналар тўхташ жойи учун ўзаро жанжаллашишни бошлаганларини айтди. Агар машина чиқиш йўлини тўсиб қўйса, одамлар бир-бирларига қўнғироқ қилиб, машина ўрнини ўзгартиришни сўрашади.

«Кечқурун ва эрта тонгда бу ердан ўтишнинг имкони йўқ. Ҳаммаёқ машиналар билан тўлади», — дейди аёл. У энди оиласи кечқурун ҳеч қаерга чиқолмаётгани ва «бутун оқшом ҳавосиз ва панжара ортида» ўтираётганидан шикоят қилди, акс ҳолда бўш тўхташ жойини топишнинг иложи бўлмайди.

«Шукур Бурхонов» маҳалла раиси Собиржон Холиқов «Газета.uz» мухбирининг машиналар тўхташ жойлари тўғрисида берган саволига гаражлар бузилгандан сўнг ҳовлиларга кўпроқ машиналар сиға бошлаганини айтди. Аммо ҳаммага ҳам жой етишмайди. Шу сабабли, Қорасув-3 массивида пуллик кўп қаватли автотураргоҳ барпо этилмоқда.

Марина, шунингдек, ҳовлиларга арча дарахтлари экилганини, аммо суғориш кўзда тутилмаганлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳамма ҳам ўзининг квартирасидан дарахтларни суғоришга тайёр эмас — сувдан фойдаланганлиги учун ҳам пул тўлаш керак. Ботир ака Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилингунига қадар дарахтлар оқар ариқлардан суғорилганини, уларнинг тармоғи бутун шаҳарни, шу жумладан турар-жой ҳовлиларини қамраб олганини қўшимча қилди. Дарахтларни техник сув билан суғориш тизимини яратиш ҳақиқатан ҳам ободонлаштириш бўларди, дейди у.

«Деразалар остида машиналарни кўриш ёқимсиз, албатта», — дейди 42-уйда яшовчи Владимир. — Лекин, нима ҳам қила олардик? Бизда бошқа жой йўқ. Илгари гаражлар бўларди, кейинчалик улар бузиб ташланди. Ҳатто майдонча ҳам қилиб берилмади".

Ободонлаштириш қоиадаларидан истиснолар.

Владимир унга ранг-баранг тўсиқларсиз ҳовли кўпроқ ёқишини қўшимча қилди. Агар тўсиқлар бир хил бўлганида, ҳовли янада ораста кўринарди. Унинг сўзларига кўра, илгари қўшнилар деразалар остидаги майдонга бетон тўкишарди, столларни чиқаришиб, кабоблар пиширишарди ёки майдонни машиналар тўхташ жойи учун ишлатишган.

Владимир болалар майдончалари сифатидан ҳам шикоят қилди. Унинг фикрича, болалар майдончаларининг эски элементлари янгиларидан фарқ қилмаган. Барча арғимчоқ ва тоғчалар темирдан эди — темирличига қолди. Болалар темирларга урилади.

Болалар майдончасига йўлдаги очиқ ариқ.

У илгари майдончалар юзаси прессланган тупроқ билан қопланганлигини қўшимча қилди. Ҳозир майдончалар пойабзалга ёпишадиган қум билан қопланган. Болалар бутун ҳовли бўйлаб қумни олиб юришади. Бундан ташқари, алоҳида қум уюми йўқлиги сабабли болалар ўйин майдончасининг бутун ҳудудини қазишади. Барча бордюрлар, шу жумладан болалар майдончалари атрофдагилари ҳам баланд — қариялар улардан ўтишлари қийин, деди Владимир.

«Мени кўпроқ ташвишлантираётган нарса — [уйлар ортида] иккита мактаб бор, лекин болалар учун мутлақо шароит йўқ. Йўлнинг қатнов қисми мактабнинг ёнида жойлашган», — деди «Газета.uz»га массив аҳолисидан бири.

Бошқа тафсилотлар

Машиналар ҳақиқатан ҳам қаердадир туриши керак, аммо ҳовли тўхташ жойига ўхшаши керакми? Ҳудудларни ақл билан ажратиб, машиналарнинг ҳовлиларга киришини чеклашга нима халақит беради?


Болалар майдончасига ҳар томондан кириш учун йўл бўлиши керак. Болалар сарф қилинган пулга қарамай, панжарани ошиб ўтишади. Бу муҳит нафақат хавфсиз арғимчоқли ўйин майдончасида, балки ҳамма жойда болалар учун хавфсиз бўлиши кераклигини англатади. Бундан ташқари, расмийлар ўз сўзларига ўзлари қарши чиқишмоқда: уйга туташ гулзорлар атрофидаги ранг-баранг тўсиқларни демонтаж қилиб, болалар майдончалари атрофида турли рангли ва фойдасиз тўсиқларни ўрнатмоқдалар.


Қуйидаги фотосурат орқа фонида кутубхона бор. Кутубхонанинг қанчалик талабгир эканлигини кириш эшигида тутқич йўқлигидан ҳам билса бўлади. Ўзбек ва рус тилидаги китоблар жавонларда томошабинга муқоваси билан жойлаштирилган, чунки китоблар жуда кам. Китоблар жамланмаси — мумтоз адабиёт ва давлатнинг буюклиги ҳақидаги нашрлар.


Россиялик меъмор, Республика болалар кутубхонасини реконструкция қилиш лойиҳаси муаллифи ва Санкт-Петербургдаги LudiArchitects меъморчилик бюросининг эгаси Любовь Леонтьева «Газета.uz»га кутубхоналарнинг замонавий вазифалари ҳақида гапириб берганди. Шунингдек, биз Ботир Қобиловнинг жамоат кутубхоналари қандай бўлиши кераклиги, яъни кутубхонанинг иш, таълим ва ижод учун жамоат жойлари бўлиши лозимлиги ҳақидаги мақоласини эълон қилгандик.

«Парвоз» маҳалласи

«Парвоз» маҳалласидаги 59-уйда яшовчи, ўз исмини айтишни истамаган фуқаро, президент ташриф буюрган ҳовлининг ободонлаштирилиши ҳақида гапирди. «Газета.uz» мухбири билан суҳбат чоғида у ўзининг уйи олдидаги гулзорда қолган ўсимликларни уйидан шланг тортиб суғориб турарди.

Аёлнинг сўзларига кўра, маҳалла президент ташрифига икки кун давомида, шу жумладан тунда ҳам тайёргарлик кўрган. Давлат раҳбарининг келишини кутиб, аҳоли шовқин ва чанг босими остида қолган.


Ободонлаштириш жараёнида автотураргоҳ ҳовли марказига жойлаштирилди. Ётоқ хоналари ҳовлининг ушбу қисмига қарайдиган фуқаролар куннинг исталган вақтида машиналарнинг шовқини, мусиқа ва зарарли газлардан азият чекишади. Биринчи қаватдаги деразалар остидаги яшил тўсиқлар шовқин ва зарарли газларни қисман ютиб юборарди. Аммо уни кесиб ташлашди.

«Деразам остида тахминан бир метр баландликдаги яшил тўсиқ бор эди. Ҳовлидаги панжара кўринмасди, чунки тўсиқ уни ёпиб турарди. Мен уни доим парвариш қилардим. Менда узум, арча дарахти бор эди. Эрталаб чиқиб, яшил тўсиқни кесишмайдими деб сўрадим. Йўқ дейишди. Чунки менда ҳаммаси парваришланган эди. Дорихонага чиқдим, қайтиб келганимда ҳеч нарса қолмаганди. Ҳаммаси тозалаб кесиб ташлашганди. Фақат жасмин, сирень, бир жуфт туп ва иккита ёввойи дарахт қолганди, баъзиларда эса умуман ҳеч нарса қолдиришмади.

«Парвоз» маҳалласида яшовчи аёл гулзорининг сақланиб қолган қисми.

Аёлнинг айтишича, энди яланғоч уй олди гулзорларида ахлат тўпланяпти, итларни ҳам шу ерда сайр қилдиришяпти, ҳеч ким ахлатини тозаламайди. Бир пайтлар ям-яшил гулзорлар эндиликда ахлатхона ва ҳожатхонага айланди.


«Ишчилар тупроқ олиб келишди, лекин унинг аксар таркиби — тошлар. Қўшниларим ҳеч қачон менинг гулзоримга қарши бўлишмаган. Қаршимизда турадиган қўшниларнинг ҳам гулзори бор эди. Қўшним ҳатто «портал»га ҳам ёзганди, аммо бефойда. Маҳалла қўмитаси биноси олдида яна арчалар ўтқазилди. Ўсимликлар беришни ваъда қилишди, лекин президент кетгач, ҳеч нарса беришмади. Мен ТСЖ раҳбаридан арча дарахтини беришини сўрадим. У менга ўзим сотиб олишимни айтди. Менда эса пул йўқ. Қўшнилар билан бўлиб олишни таклиф қилишди».

Президент порталига мурожаат қилган аёлнинг гулзори.

«Парвоз» маҳалласида яшайдиган яна бир фуқаро эса, аксинча, ободонлаштириш натижаларидан мамнунлигини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳар хил рангдаги тўсиқларсиз ҳовли яхшироқ кўринишга эга бўлган. Аммо, кўп сонли машиналар сабабли одамлар фақат панжара ортида ўзларини хавфсиз ҳис қилишади, деб қўшимча қилди у.


«Шаҳрисабз» маҳалласи

Шаҳар марказидаги маҳалла раиси Жумабеке Кошетова «Газета.uz»га ободонлаштиришнинг биринчи босқичида ҳокимият вакиллари «бу уйларга туташ ҳудуд» дея уйлар атрофидаги тўсиқларни кесиб ташлашганини гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, яшил тўсиқлар йўқ қилинмаган, улар жойида, фақат уларни текислаб кесиш керак, деди маҳалла раиси. Бироқ, «Газета.uz» мухбири илдизи билан суғуриб олинган яшил тўсиқларни кўрди. Биз билан суҳбатда фуқаролар кўнгли совуганини, расмийлар ўзларининг бефарқлиги билан уларда деразалари остида бирор ободончилик ҳаракатини қилиш истагини сўндиришганини айтишди.

Яшил тўсиқларидан маҳрум бўлган «Шаҳрисабз» маҳалласидаги гулзорлардан бири.

Биз суҳбатлашган одамларнинг аксарияти, гулзорлар уларни парваришлашга тайёр фуқароларнинг қандайдир «хусусий ҳовли"си бўлишига қарши эмасликларини айтишди. Ахир, ҳамма ҳам «дача»да дам олиш имкониятига эга эмас, кичкина яшил майдонча эса табиатда бўлиш ҳисси, иш кунидан кейин дам олиш, қўшнилар билан мулоқот қилиш имкониятини беради. Қилишимиз керак бўлган биргина иш бу балки уй олди гулзорларини тартибга солиш ва улар бир-биридан унча фарқ қилмаслиги борасида тавсияларни қабул қилишдир.

«Шаҳрисабз» маҳалласидаги кесилган яшил тўсиқ.

Жумабеке Кошетованинг сўзларига кўра, биринчи навбатда асфальтни янгилаш ва болалар майдончалари бўлмаган ҳовлиларга уларни ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, илгари «Детский Мир» дўкони жойлашган уйнинг фасадини янгилаш режага киритилган.

Тўсиқлар олиб ташланганидан сўнг, аҳоли дераза тагида машиналарни қолдирмоқчи бўлганларга қарши «кураш» олиб боришмоқда.

«Одамлар ўзлари ўриндиқларни исташмайди, чунки ёшлар тунда ўриндиқларда ўтириб, шовқин қилишади», — қўшимча қилди маҳалла раҳбари. Аммо кўп одамлар бу фикрга қўшилмайди: «Ўриндиқсиз ҳовли — ҳовли эмас».

Расмийларнинг шарҳлари

Мирзо-Улуғбек тумани ҳокимияти матбуот котиби Маъмур Пармонов «Газета.uz»га президентнинг топшириғига биноан ушбу ҳудуддаги барча 54 маҳаллада асфальтни босқичма-босқич янгилаш режалаштирилганлигини айтиб ўтди. Маҳалладан келиб чиқиб, ҳар бирида камида иккита болалар майдончаси ва спорт майдончалари, иккита айвон ва битта кутубхона қуриш лозим. Лойиҳа доирасида, шунингдек, устунлар ва дарахтлардаги ноқонуний ташқи рекламалар демонтаж қилинади. Қорасув массивларида пиёдалар йўлаклари билан бирлаштирилган 7 км узунликдаги велосипед йўллари қурилмоқда.

Маъмур Пармоновнинг сўзларига кўра, тўсиқларни демонтаж қилиш, ишлар рўйхатида (таҳририят рўйхат билан таниша олмади) кўрсатилган, чунки тўсиқлар бир биридан фарқ қилади.

«Шунинг учун ҳаммага бир хил бордюрлар ўрнатилди. Панжаралар ўрнатиш мумкин эмас, чунки улар бир хил бўлмайди», — деди Маъмур Пармонов.

Тошкент шаҳар ҳокимининг коммунал масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Шохрух Рахимжоновнинг сўзларига кўра, турар-жой биноларидан бирининг тагида тупроқ намланиб қолмаслиги учун мўлжалланган бино атрофидаги сув ўтказмайдиган қопламани ўрнатаётганда ишчилар тўсиқлар туфайли бинога яқинлаша олишмаган.

Тўсиқларни ўрнатиш қонун билан назарда тутилмаган, шунинг учун улар ҳеч қандай тарзда расмийлаштирилиши мумкин эмас. У тўсиқнинг баландлиги 50 см дан ошмаслиги кераклигини қўшимча қилди, шунинг учун маҳаллаларда уларни кесишяпти, бироқ суғуриб ташлашмаяпти.

Шохрух Рахимжонов ҳовлилар ободонлаштирилишини бир типли деб атади. Унинг таъкидлашича, одамлар уйга туташ ҳудуддан нотўғри фойдаланадилар, шунинг учун бир типли лойиҳа ишлаб чиқилган: уйга туташ гулзорларни чегараловчи бордюрлар ва гулзорларни кўкаламзорлаштириш.

«Газета.uz» томонидан турар жой ҳовлиларидаги ҳаракатни тинчлантириш чоралари тўғрисида берилган саволга Шохрух Рахимжонов ҳовлиларни қандай қилиб хавфсизроқ қилиш ҳақида ўйлаб кўришини айтди.

Тизимли муаммолар

«Газета.uz» таниқли россиялик урбанист Аркадий Гершмандан ободонлаштирилган ҳовлилар фотосуратлари ва умуман ҳозирги ҳолатга изоҳ беришни сўради.

«[Бир хил кўринишда ободонлаштириш] — бу катта нодонлик, чунки ҳовлилар ҳар хил бўлиши керак. Бундан ташқари, бу расмийларнинг иши эмас, — деди Аркадий Гершман. — Ҳовлилар фуқароларнинг балансида бўлиши керак, уларни тартибга солиш, ободонлаштириш ва техник хизмат кўрсатиш учун аҳолининг ўзи жавобгар бўлиши керак. Чунки уйлар бир вақтда қурилиб, бир хил серияли бўлиши мумкин, аммо у ерда ҳар хил одамлар яшайди. Ҳар кимнинг ҳар хил эҳтиёжлари бор. Агар битта уйда барча автомобилчи бўлса, улар асфальт учун пул ташлашсин, автотураргоҳ қуриб, унда яшашсин. Агар қўшни уйда болалар ёки қариялар кўп бўлса, унда биринчи ҳолатда болалар учун ўйин майдончалари, бошқа ҳолатда нафақахўрлар учун тренажерлар ўрнатамиз. Ва бу аҳолининг ўзининг қарори бўлиши керак. Улар муаллиф бўлишлари керак».

«Шаҳар, ҳеч бўлмаганда, бундай лойиҳаларни субсидиялаши мумкин. Шартли равишда, 50% маблағ аҳолининг ўзлари томонидан йиғилиши керак ва 50% шаҳар томонидан қопланади. Бундай схемалар кўп жойларда — Европада ҳам, Россияда ҳам ишлайди. Ва бу айнан тўғри ёндашув, чунки одамларда масъулият пайдо бўлади, улар ўзларини мулкдор ҳисоблайдилар ва жойга нисбатан масъулиятли муносабатда бўлишни бошлайдилар», — таъкидлади у.

«Ҳамма ҳам буни дарҳол англай олмаслиги аниқ, аммо бу тизим жиҳатидан тўғри қарор. Кимдир келиб, бирор нарса қилганда, аксинча, бу туйғу йўқолади. Бугун бир раҳбар келиб, бундай қилиш керак деса, эртага бошқаси келиб, аксинча йўл тутиш лозим деб турган бир пайтда нима учун мен ҳовли учун қайғуришим керак», — дея таъкидлади эксперт.

«Шаҳардаги қўшни полизлар — глобал тенденциядир. Бу экологик жиҳатдан яхши, чунки қанча кўп яшиллик бўлса, шунча яхши. Биологик хилма-хиллик ҳам яхши. Бу одамларнинг қизиқиши ва умуман шаҳар билан ишлаш нуқтаи назаридан иш беради. [Одамлар] нафақат фойдаланувчилар, балки шаҳарсозликнинг ҳаммуаллифлари. Шу жумладан, баъзида бу ёлғизлик муаммосини ҳал қилишга имкон беради, масалан, нафақахўрлар орасида. Ва ниҳоят, бунинг барчаси гўзал ва бу гўзалликка боқиш ёқимли. Бу деразалар остидаги автотураргоҳдан яхшироқ. Ва бу фуқароларнинг ўзининг масъулият ҳудуди», — деди у.

Уйларга туташ ҳудуддан фойдаланиш ҳуқуқи

Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қонунга биноан ҳокимиятлар уйларга туташ ҳудудни аҳолига доимий фойдаланиш учун топширишлари мумкин. Бу ҳолатда, аҳоли ушбу ҳудуднинг санитария ҳолати ва унинг яхшиланиши учун масъулдир.

Facebookдаги «ТЧСЖ и как с ним жить? (Узбекистан)» гуруҳи маъмури Максим Черниковнинг «Газета.uz»га хабар беришича, кадастр расмийлаштирилиши билан ТЧСЖга, демак аҳолига доимий фойдаланишга топширилган ҳудудлар уларга қарашли. Бироқ, унинг сўзларига кўра, ҳокимиятлар ерга кадастр беришмайди. Натижада, ер ҳокимиятларга тегишли. Аҳолининг уйга туташ ҳудудни чегаралаб олишга ҳуқуқи йўқ.

Максим Черников Мирзо Улуғбек тумани ҳокимиятига кўп квартирали уйларнинг ҳовлилари учун тўсиқларнинг ягона дизайнини ишлаб чиқиш таклифи билан мурожаат қилганини қўшимча қилди. Маъмурият ушбу таклифни кўриб чиқишга ваъда берди, аммо масала турган еридан жилгани йўқ.

Ободонлаштирилмаган ҳовлилар учун аҳолини айблаш ва бузилган йўлга асфальт ётқизиш зарур бўлса, ўзларидан масъулиятни соқит қилиш расмийларга хос. Бироқ, бюджетни ўзлаштириш керак бўлганда, расмийлар одамларга нима кераклигини сўрамайди.

Шаҳар исталган вақтда, фуқаролар билан ҳисоблашмасдан кўп квартирали уй ёки маъмурий бино қуриш учун иккита уй ўртасидаги майдонни ажратиши мумкин. Аммо шунга қарамай, одамлар ўз кучлари ва пулларини уйга туташ ҳудудни ободонлаштиришга сарфлашда давом эттиришяпти. Чунки одамлар ёқимли муҳитда яшашни хоҳлашади.

Агар улар машинадан фойдаланмасдан юриш имкониятини кўрмасалар, бу уларнинг айблари эмас. Ахир, ҳамма ҳам машиналар бўлмаган яшил ҳудудларга яқин жойда яшамайди. Ҳовлиларимиз автотураргоҳ бўлиб қолмаслиги учун биз одамларга жамоат транспорти воситаси кўринишида альтернатива беришимиз керак. Тошкент бир неча ўн йиллар давомида жамоат транспортини тартибга сола олмаганига қарамай, ҳокимият аҳолига ўз ҳовлисини ободонлаштиришда ёрдам бериши ва йўл қўйилган хатоларнинг олдини олиши мумкин эди. Буни қандай амалга оширишни тушунтириб берамиз.

Расмийлар ҳовлиларни ободонлаштиришда қандай ёрдам бериши мумкин

Расмийлар хавфсиз ва қулай ҳаёт учун мос бўлган ҳовлилар қурилишини қўллаб-қувватлаши керак. Айнан сиёсий ирода қонунчиликда қурилиш стандартларини белгилашга имкон беради. Муаммони расмийлар кўра олиши учун шаҳар аҳолиси буни талаб қилиши керак.

Янги стандартларни синов участкаларида синовдан ўтказиш лозим. Бунинг учун танланган маҳаллалардаги тадқиқотларни ўтказиш керак.

Шаҳар маъмурияти аҳолининг қўллаб-қувватлашига эришиши ва уларни лойиҳанинг ҳаммуаллифлари қилиши керак. Одамлар таклиф қилинган вариантлардан мустақил равишда ўзларига ёққан ўриндиқларни, болалар учун арғимчоқларни ва спорт анжомларини, гулзорларни, чироқ устунларини, ўсимликларни танлаши мумкин. Шу тарзда аҳоли ўзларини жамият ҳаётида тегишли ўринга эга эканлигини ҳис қилади.

Албатта, бунинг учун ўриндиқлар, чиқинди саватлари ва шаҳар муҳитининг бошқа элементлари каталоги талаб қилинади. Уларнинг мавжудлигини аниқлай олмадик. Шу боис ҳам, «Газета.uz» Тошкентнинг бош меъморидан таҳририят мухбирига интервью беришни сўрамоқда.

Расмийлар қандай хатоларга йўл қўйишди

Бир хиллик

Расмийларнинг асосий хатоси — ҳаммани бир хил қолипга солиш. Шаҳар истироҳат боғлари, кўчалар, ҳовлилар, майдонлардан иборат. Бу объектлар — пластик бутилкалар эмас. Демак, уларни бир хил намунада қилмаслик керак. Барча объектлар турли хил география ва рельефга эга. Уларнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Ва энг муҳими — ҳамма ерда одамлар яшайдилар. Ва бу одамлар ҳам ҳар хил.

Бундан ташқари, расмийлар ўзларига ўзлари қарши иш қилишяпти. Улар ҳовлиларни бир хил қилишга қарор қилишди, аммо турар-жой биноларининг фасадлари панжара, тартибсиз жойлашган кондиционерлар ва кийимлар осилган дорлар билан турлича кўринишини ўйламадилар. Шаҳар меъморий стандартларга ва уларга риоя қилинишини назорат қилишга муҳтож.


Бир хиллик турмуш тарзининг ҳар қандай хилма-хиллигини ўлдиради ва индивидуалликнинг ривожланишига тўсқинлик қилади, деб ёзган америкалик меъмор Кристофер Александер. Бир хиллик одамда яхлитлик туйғусини ўлдиради. Одам қўшни ҳовлига бориб, у ерда одатий яшаш муҳитида бўлмаган нарсаларни кўриши мумкин бўлса, у дунёнинг хилма-хиллигини кўради.

Инсон ўзини топиши учун атроф-муҳит хилма-хил бўлиши керак. Фақатгина расмийлар хато қилгани учун болалар бир-биридан фарқ қилмайдиган ҳовлиларда яшашга мажбур бўлишса, улар ўсиб улғайишганида ҳаёт ҳақида қандай тасаввурга эга бўлади?

Турли субмаданият вакиллари атроф-муҳитнинг турлича бўлишини талаб қиладилар. Турли хил қизиқишларга, қадриятларга эга бўлган турли ёшдаги гуруҳларга мансуб одамларга, турли миллат вакилларига ҳар хил турдаги уйлар ва шунга мос равишда ушбу уйлар атрофидаги турлича ташқи муҳит керак.

Ва улар уйлари яқинида турли хил ижтимоий-маиший хизматларга муҳтож. Масалан, Сергели туманида кўплаб ногиронлар яшайдиган маҳалла мавжуд. Улар аҳолининг бошқа заиф қатламлари сингари ушбу ҳудудда ижтимоий уйларга эга бўлишди. Шубҳасиз, ҳовлилар, уйлар ва атроф-муҳит аҳолининг эҳтиёжларига жавоб бериши керак.

Кўчалар

Расмийлар асфальтланган майдонларнинг кўпайишини ободонлаштириш белгиси деб билади. Аммо асфальт бўлган жойда машиналар ҳам бор. Агар машиналар кўпаяётган бўлса, одамлар бу ҳудудни ўзлариники деб ҳисобламайдилар. Ҳатто машиналари бўлганлар ҳам. Агар бу бинолар ҳаракатланиш интенсивбўлган кўчаларда жойлашган бўлса, улар ўз уйларини ҳам бегонадек ҳис қила бошлайдилар.

Аҳоли яшаш жойининг қатнов қисми фақатгина транспорт воситалари учун лойиҳалаштирилган бўлиши керак эмас. Бу биринчи навбатда шаҳарнинг пиёдалар қисмидир. Яқинда ободонлаштириш вақтида Тошкент шаҳридаги маҳаллалардан бирида олинган қуйидаги расмга назар ташлаймиз. Подъезддан чиқишнинг ўзидаёқ одам катта йўлга тушиб қолгандек туюлади. Бунгакўчанинг кенглиги, белгилар, бордюрлар ва бошқа атрибутлар ишора қилади.


Болалар майдончалари

Ҳовли — бу бола дунёни кашф этадиган жой бўлиши лозим. Ахир, акс ҳолда у улғаймайди. Болалар ҳовлининг исталган қисмида, шу жумладан йўлнинг қатнов қисмида ўйнайдилар (югурадилар, велосипедлар, скейтбордлар ва роликларда учишади). Аммо ҳовлилар шунчалик хавфлики, болаларга атрофни ўрганишга имкон бермайди.


Темир арғимчоқ, тоғчалар, камалак, турниклар ва қумдан иборат бир типдагиўйин майдончалари болалар тасаввурларини ривожлантира олмайди. Болалар ўйини — бу аввало тасаввур, масалаларга ечим топиш йўлларини излаш, изланишдир.

Екатеринбургдаги кўп квартирали уйларнинг биринчи этажидаги террасалар учун болалар майдончаси ва типли тўсиқлар. Фото: Аркадий Гершман.

Болалигингизни эсланг. Сиз ҳам дарахтларда кулбалар ва уйчалар қургансиз, дарахтларга тирмашиб чиққансиз, ўтлар орасида бекинмачоқ ўйнагансиз, қум ва таёқлардан қалъалар қургансиз, улар истироҳат боғларидаги қалъалардан кўра қалбингизга яқинроқ эди, чунки уларни ўзимиз яратгандик.

Албатта, аксарият ҳолларда кўча ўйинларидан чалғитадиган компьютерлар ва смартфонлар йўқ эди. Аммо бу каби саргузаштларда иштирок этиш имкони бўлмай туриб, бизнинг болаларимиз бу саргузаштларга қизиқиш билдирмайди деб хулоса ясашимиз тўғримикан?

Спорт майдончалари

Спорт майдончалари ҳақиқатан ҳам ҳар бир маҳаллада бўлиши лозим (эҳтимол бир нечта ҳовли учун битта майдон). Аммо бир турдаги воркаут-ҳудудларига назар солганда, одамларни бошқа жисмоний фаолият қизиқтирмайди деган тасаввур уйғонади. Бу ҳақиқатдан йироқ, ахир одамлар ҳар хил бўлади — ҳеч бўлмаганда ёш жиҳатдан.

«Парвоз» маҳалласида болалар учун асфальтланган футбол майдони бор. Ҳечдан кўра бор, аммо мавжуд шароитлар яхшиланмаса, қўшимча шароитлар яратилмаса ободонлаштиришдан нима наф? Биргина асфальтдами?


«Парвоз» маҳалласида турар-жой биносида шахмат ва теннис корти мавжуд. Аммо ушбу спорт майдончасининг уйла туташ ҳудуди тўсилган, тўсиқ ортида эса машина турибди.


Спорт майдончаларини ўрнатишда расмийлар одамлардан нимани ёқтиришларини сўраши мумкин эди. Шундай қилинса, бир ҳовлида машқ жиҳозлари, бошқасида — теннис корти, шахмат столлари, баскетбол майдонлари ва ҳатто рақс майдончаси ҳам бўлиши мумкин эди.

Гулзорлар

Истироҳат боғлари, кўча дарахтлари ва кесилган майсазорлар инсоннинг ер билан алоқасини ўрнатишда деярли ҳеч қандай ёрдам бермайди. Улар бизга на ернинг ҳосилдорлиги, на унинг имкониятлари ҳақида ҳикоя қила олади. Ер ва ўсиш жараёнлари билан мунособат — инсон ҳаётининг муҳим қисмидир.

Ободонлаштириш ер қазишни ёқтирадиганларни бу имкониятдан маҳрум қилди. Бундан ташқари, болалар ҳам бу қувончни баҳам кўришлари мумкин. Бу бобо ва бувилар ҳамда бошқа болалар билан муносабатларни мустаҳкамлашнинг бир усули. Ўсимликларга ғамхўрлик қилиш болаларда масъулият ҳиссини ривожлантиради, чунки болалар уларсиз бу ўсимликлар яшамаслигини тушуна бошлайдилар.

Илгари кўп квартирали уйларнинг ҳовлисида узумзорлар бўларди. Улар подъездларга кириш олдида қуёшдан ҳимоя қилиш функциясини бажаришарди. Шу боис, «Парвоз» маҳалласида яшовчи фуқаронинг узумзорини кесиш катта хато эди.

Майли, уйга туташ ҳудуд турар-жой кластерининг хусусий ҳудуди эмас, балки умумий ҳудуди бўлсин. Аммо бундай ҳудудлар одамларни бирлаштириши керак. «Парвоз» маҳалласидаги аёлнинг яшил тўсиғи кесилганидан кейин ҳовли аҳолиси ўртасидаги муносабатлар қандай тус олди? Гулзор сайр қилдирилаётган итлар учун ҳожатхонага айланганда, бу мунособат мустаҳкамланиб, дўстона бўлиб қолдими?

Таъсирчанлик

Атроф-муҳитни ободонлаштириш — мураккаб ва ўйлаб амалга ошириладиган жараёндир. Бунга урбанистлар, меъморлар, муҳандислар, дизайнерлар, социологлар жалб қилиниши керак. Бунинг учун аҳоли орасида ижтимоий сўровларни ўтказиш ва стандартларни ишлаб чиқиш зарур.

Тошкентдаги кўп квартирали уйларнинг ҳовлисини ободонлаштириш самарасиз пул сарфлашдир. Расмийларнинг хатоси шундаки, улар ўрнатилган ижтимоий алоқаларни бузади, автомобилизацияни рағбатлантиради ва жамоат транспортини ривожлантирмайди. Ҳа, қонунда уйга туташ ҳудудни мустақил ер участкаларига ажратиш мумкин эмаслиги айтилган. Демак, фуқаролар кўп йиллар давомида ерни ажратиб, қонунни бузишган, расмийлар эса бу вақт давомида бунга кўз юмишган, аммо ободонлаштириш учун бюджетни олгач, қонун ёдларига тушиб қолдими?

Аҳоли «Шафқатсиз» деб номлаган ободонлаштиришни тўхтатишга ҳали ҳам кеч эмас. Ажратилган пулни самаралироқ сарфлаш, аҳолининг ҳаётини яхшилаш ва уларнинг миннатдорчилигини қозониш мумкин.

Мақоланинг тўлиқ версиясини рус тилида қуйидаги ҳавола орқали ўқишингиз мумкин.