Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Нодир Абдувалиев «Обод маҳалла» дастурини амалга оширишда аҳолининг норозилигини келтириб чиқараётган муаммолар тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Парламентарий Aktualno.uz эълон қилган «Бордюр ўйинлари ёхуд баъзи маҳаллаларда ободончилик ишлари қандай бормоқда?» мақоласига эътибор қаратди.

3 август куни эълон қилинган мақолада қайд этилишича, бу жараёнда кўпқаватли уйлар ҳовлисидаги кичик дарахтзорлар, гулзорлар, ўйин майдончаларига зиён етди, коммуникация люклари қум, шағал билан тўлди. Аҳоли, чанг-тўзон ва шовқиндан азият чекди. «Айрим маҳаллаларда ободонлаштириш номи остида икки ой муқаддам ишлар бошланган ва уларнинг қачон тугашини ҳеч ким билмайди», — дейилади мақолада.

Фото: Aktualno.uz.

«Ишчилар маҳалладан маҳаллага кўчиб юрибди, пудратчиларнинг алмашиши эса ҳар бир бригаданинг аввалгисининг қилган ишларини қайта қилиш ёки бошидан қазиш, бузиш, қурилиш чиқиндиларини олиб чиқишларига олиб келмоқда. Айниқса бу бордюрларга тааллуқли», — деб ёзади нашр Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Олмазор ва Чилонзор туманлари аҳолисидан келиб тушган шикоятларга асосланиб.

Депутатнинг қайд этишича, одамлар бекорга норози бўлаётгани йўқ. Унинг сўзларига кўра, «қурувчилар „қўли теккандан“ кейин айрим жойлар бор фазу тароватидан ҳам маҳрум бўлмоқда». Бундай ҳолатлар камчилик эмас, ишга масъулиятсизлик билан ёндашиш, нўноқликдир, деб ҳисоблайди у.

«Одамлар тилга олаётган салбий ҳолатлар маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ўртасида ўзаро мулоқот, ишларни мувофиқлаштириш бўйича тизимнинг йўқлигини кўрсатади», — дея таъкидлади парламентарий.

«Оқибат» маҳалласидаги бетонлаштирилган болалар майдончаси. Бунга қадар бу ерда яшил майсазор бўлган. Фото: «Газета.uz».

«Шунингдек, ижро органларига аҳоли билан бамаслаҳат иш тутишга нима халақит беради? Ахир, маҳаллалардаги айрим масканларни одамларнинг ўзлари маслаҳатлашиб, пул йиғиб таъмирлаган, бунёд этган. Буни ҳисобга олиш зарур. Туманлардагиидоралар тегишли режалар, чизмалардан халқни хабардор қилса, одамларнинг таклифлари, хоҳиш-истакларини инобатга олса, мақсадга мувофиқ бўлар эди», — дея қўшимча қилди депутат.

Май ойи охирида Шавкат Мирзиёев «Обод маҳалла» ва «Обод қишлоқ» дастурларини амалга оширишдаги камчиликларни танқид қилиб, ҳамма соҳа ва ҳудудларда ҳам ишлар сифатли амалга оширилмаётганини қайд этган эди.

Июнь ойи бошида «Газета.uz» Тошкентдаги «шафқатсиз» ободонлаштириш ишлари ҳақидаги катта мақолани эълон қилган (мақола рус тилида) эди. Унда майсазорларнинг йўқ қилиниши, болалар майдончаларининг бетонлаштилиши ва бутун шаҳар бўйлаб бир хилдаги бордюрлар ўйланмасдан ўрнатилаётгани ҳақида сўз боради. Аҳоли илтимосларига қарамасдан, ҳокимиятлар уларнинг истакларини инкор қилган ҳолда ишларни давом эттирмоқда.