Ўзбекистонда 6 февралдан ташаббусли бюджетлаштиришнинг янги мавсуми бошланди, унинг доирасида фуқаролар маҳаллий бюджетнинг бир қисмини тақсимлашда иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ташаббусли ёки партисипатор бюджетлаштириш — аҳолининг ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг муайян бир қисмини сарфлаш бўйича уларнинг бевосита иштирокида қарорлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилишини кузатиш амалиёти.

«Очиқ бюджет» портали орқали таклифларни йўллаш 20 кун — 26 февралгача давом этади (ҳозиргача 1500 дан ортиқ ташаббуслар келиб тушган).

Шундан сўнг таклифларни кўриб чиқиш ва саралаш босқичи бошланади — 26 февралдан 18 мартгача. Овоз бериш эса 18 мартдан 7 апрелга қадар белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида мактаблар, йўллар ва бошқа объектларни таъмирлаш бўйича фуқароларнинг ташаббуслари учун 7,8 миллион овоз тўпланган «Ташаббусли бюджет»нинг иккинчи мавсуми якунланган. Фуқаролар таклифларини амалга ошириш учун жами 1 триллион 700 миллиард сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Октябрь ойида президент видеоселектор йиғилишида «Ташаббусли бюджет» лойиҳасини янада кенгайтириш ва оммалаштириш зарурлигини айтганди. Шунингдек, бир ҳафта муддатда ҳар бири 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 млрд сўм ажратишга кўрсатма берган.

2023 йилдан бошлаб фуқаролар вилоят бюджети қўшимча даромадларининг 30 фоизини (бундан олдин фақат туман ва шаҳар), маҳалла инфратузилмаси учун маблағлар эса фақат «Ташаббусли бюджет» орқали тақсимланиши мумкин. Натижада 2023 йилда 3,5 баробар кўп — 8 триллион сўмгача маблағ йўналтирилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» мазкур платформа ва ундан фойдаланиш тартиблари ҳақида қўлланма тайёрлаган.