Ўзбекистон президенти ва бўлғуси сайловда мазкур лавозимга номзод Шавкат Мирзиёев 27 сентябрь куни Наманганда сайловчилар билан учрашувда бюджет маблағлари адолат билан тақсимланиши ҳақида фикр билдирди.

«Халқнинг пулини адолатли тақсимлаш, мақсадли ва манзилли ишлатишни ташкил этишимиз зарур. Очиғини айтиш керак, ҳали бизда ўғрилик кўп. Коррупция кўп», — деди у (иқтибос «Микрофон кўтарган аёл» Telegram-каналидан олинди).

У Тошкент маҳаллаларида кўчаларнинг асфальтланиши билан боғлиқ вазиятни мисол қилиб келтирди.

«Мана мен бугун Тошкентда кичик йиғилиш қилиб келдим. Тошкент маҳаллаларини асфальт қилиш бўйича топшириқ бергандим. Йўлларга катта қилиб ярим метрли бордюр қиляпти. Барака топгур, машиналар пойга ўйнайдими, бунча катта қилиб, бордюр қилиб нима қиласан? Одамларга аввал йўл қуриб берайлик», — деди Шавкат Мирзиёев.

Тошкент марказидаги маҳаллалардан биридаги бордюрлар.

Баҳорда президент маҳаллардан бирига ташриф буюриб, Тошкентдаги барча маҳалларни (улар сони 500 тадан ортади) ободонлаштириш, уларнинг ҳар бирига ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, ўртача 2 млрд сўмдан ажратишни топширган эди.

«Газета.uz» аввалроқ аҳоли бу масалада нималарга дуч келаётгани ҳақида ёзган эди. Хусусан, яшил ҳудудларнинг вайрон қилиниши, ҳовлиларнинг автотураргоҳларга айланиши, бир вақтлар яшил майсазор ва ўйин майдонча бўлган жойларнинг бетонланиши, шунингдек ҳар жойда — кўпинча маъносиз — баланд қизил-кулранг бордюрлар ўрнатилгани тилга олинди. Бу ишлар кўп ҳолларда аҳоли билан маслаҳатлашмасдан ва уларнинг зарурроқ нарсаларга пул ажратиш ҳақидаги илтимосларини инобатга олмасдан амалга оширилаётгани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан сўнг Тошкентда бордюрлар ўрнатишга қанча маблағ сарфлангани, шунингдек, амалга оширилаётган ишлар бўйича текширув ўтказилиши номаълум.

Намангандаги учрашувда Шавкат Мирзиёев келгуси йилларда ҳудудни «коррупциядан холи қилиш» бўйича Наманган вилояти барчага намуна бўлиши учун алоҳида дастур қабул қилиш таклифини илгари сурди.

«Бюджет ажратмаларини очиқ-ошкора сарфлаш орқали иқтисод қилинган маблағлар эҳтиёжманд оилалар, „аёллар“ ва „ёшлар“ дафтарларига кирганларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади», — дейилади хабарда.