Тошкент шаҳридаги 524 та маҳаллани ободонлаштириш учун ҳар бирига 2 млрд сўмдан, жами 1 трлн 48 млн сўм маблағ ажратилади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов брифингда маълум қилди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

«Жума куни давлат раҳбари Яшнобод туманида аввал аҳволи оғир бўлган Парвоз маҳалласига ҳам борган эди. Бугун вазият бутунлай ўзгарган. „Обод маҳалла“ сиёсатини амалга ошириш натижасида бу маҳалланинг қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳолининг осуда яшаши ва дам олиши учун барча шароитлар яратилган. Ҳамма жой тоза, тартибли», — деди президент матбуот котиби.

Унинг маълум қилишича, президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга Парвоз маҳалласини намуна қилиб олиб, Тошкент шаҳридаги барча маҳаллани шундай обод қилиш бўйича топшириқ берган.

«Бунинг учун ҳар бир маҳаллага, ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб, ўртача 2 миллиард сўмдан маблағ ажратиш буйича топширик бердилар», — дея хабар берди Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари маҳаллаларга ажратиладиган маблағлар доирасида лойиҳа ва смета-ҳужжатларини тасдиқлаш зарурлигини қўшимча қилган.

Аввалроқ, жума куни президентнинг Тошкентдаги объектларига ташрифидан тайёрланган фоторепортажни эълон қилган эдик.

«Газета.uz» январь ойи ўрталарида пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 31-сессиясида шаҳар депутатининг ҳар бирига 2 млрд сўмдан, туман депутатларига 100 млн сўмдан ва 524 та маҳалла раисларига 50 млн сўмдан ажратилишини таъкидлаганди.

Ўшанда давлат бюджетидан аҳоли муаммоларини тўғридан-тўғри ҳал этишга депутат ва маҳалла раисларига жами 179 млрд 700 млн сўм ажратилиши таъкидланган. Бундан ташқари, аҳолининг мурожаатларини ўрганишни юқори савияда ташкил этиш мақсадида пойтахтдаги сектор раҳбарларининг ҳар бирига — 5 млрд сўмдан [3 та сектор — 15 млрд сўм] ҳамда шаҳар Миллий гвардия бошқармаси бошлиғига — 2 млрд сўм берилиши маълум бўлган. «Газета.uz» мазкур маблағларнинг қандай сарфланиши ва уни назорат қилиш механизми ҳақида ёзган эди.