4 январь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги тоққа дам олгани чиққан фуқаролардан бири сойга тушиб кетди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, унинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг тезкор бошқарув марказига бир гуруҳ фуқаролар Бўстонлиқ туманидаги тоғларга дам олиш мақсадида чиқиб, улардан бирининг оёғи сирпаниб, сойга тушиб кетгани ва чиқолмаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Айтилган манзилга Чимён ёнғин-қутқарув отряди қутқарувчилари етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини амалга оширган. Улар томонидан сойда қолиб кетган фуқаро қутқариб қолинган ва соғ-саломат пастга олиб тушилган.

Аввалроқ Қамчиқ довони қор кўчкиси хавфи юзага келгани сабабли ёпилгани, ҳудудда қолиб кетган йўловчиларга махсус рейс орқали поезд қатнови йўлга қўйилиб, исиниш масканлари ташкил этилгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг 6 та вилоятида 5−10 январь кунлари кутилаётган вақти-вақти билан ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратидаги ўзгаришлар сабабли қор кўчиш хавфи эълон қилинган. Шунингдек, 9 январдан Ўзбекистонга Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб кела бошлайди. 10−15 январь кунлари ҳаво ҳарорати кечалари −12…−17 даражагача, кундуз кунлари −5…−8 даражача, чўл ҳудудларда эса −25…−27 даражагача пасаяди.