Қамчиқ довони қор кўчкиси хавфи юзага келгани сабабли 4 январь куни соат 00:00 дан автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилганди. Довонда қолиб кетган йўловчиларга махсус рейс орқали поезд қатнови йўлга қўйилди, деб хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

«Angren Land» ошхонасида ФВВ раҳбарлигида дахлдор корхона ва ташкилотларнинг масъул ва мутасаддиларидан иборат фуқароларни қабул қилиш — эвакуация штаби тузилиб, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамкорлигида йўлда қолиб кетган йўловчиларга махсус рейс орқали поезд қатнови йўлга қўйилди ва исиниш масканлари ташкил этилди.

эвакуация, қамчиқ довони

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Қамчиқ довони йўлларида қолиб кетган ҳайдовчиларга ФВВ қутқарувчилари томонидан амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, «Angren Land», «Замин-2», «Учқудуқ» ошхоналари фуқароларни вақтинча қабул қилиш ҳамда «Ангрен кон металлургия» техникуми, «Файз», «Шодиёр», «Элба» меҳмонхоналари эса жойлаштириш учун фаолият олиб борди.

Довон вақтинча ёпилиб қолган вақтда Қамчиқ автойўл ва «Қамчиқ» МҚЁҚБ, Тошкент вилояти ФВБдан жами 113 та махсус техника ҳамда 250 нафар шахсий таркиб хизматга жалб этилди. Вазият ФВВ раҳбарияти назоратида.

эвакуация, қамчиқ довони

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Фуқаролардан довонда об-ҳаво барқарор бўлмагунига қадар вақтинчалик ҳаракатланмаслик сўралган.

Қамчиқ довони очилди

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, йўлни қордан тозалаш, музламалар ҳосил бўлишининг олдини олиш ва қум-туз аралашмасини сепиш ишлари тўхтовсиз олиб борилди. Ишлар натижасида 4 январь куни соат 10:00 да довон автомобиллар ҳаракати учун қайта очилди.